"Тоҳа" ва "Ёсин" сураларини ўқиб юрганларга "Тубо" бўлсин!"

15:20 07.12.2018 1000

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: “Ҳеч шубҳа йўқки, Аллоҳ таоло "Тоҳа" ва "Ёсин"ни осмонлару ерни халқ қилишидан минг йил аввал қироат қилган. Фаришталар Қуръонни эшитганларида, ушбу нарса нозил бўладиган умматга Тубо бўлсин! Ушбуни кўтариб юрадиган қалбларга Тубо бўлсин! Ушбу ила гапирадиган тилларга Тубо бўлсин!” деганлар”. Бағовий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятда ҳам Қуръони Каримнинг фазли қанчалар улуғлигини кўрсатувчи маънолар келмоқда. Албатта, бунда ҳам Қуръони Каримни ўрганишга, қироат қилишга ва амал қилишга тарғиб бор.

Ушбу ҳадиси шарифда Қуръони Карим нозил бўладиган умматга, Қуръони Каримни кўтариб юрадиган қалбларга ва Қуръони Карим ила гапирадиган тилларга “Тубо” бўлиши хабар қилинмоқда.

“Тубо” жаннатнинг номларидан бири ёки жаннатдаги дарахтнинг исми ёхуд саодат ва яхшилик маъноларини англатади. Буларнинг ҳаммаси аҳли Қуръонга ваъда қилинмоқда.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Қуръони Каримнинг фазилати улуғ экани.

2. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг "Тоҳа" ва "Ёсин" сураларини осмонлару ерни халқ қилишидан минг йил аввал қироат қилгани.

3. Фаришталар Қуръонни эшитганларида у нозил бўладиган умматга ҳавас қилганлари.

4. Қуръони Карим нозил бўлган уммат – Муҳаммад умматига “Тубо” жаннати ҳамда саодат ва яхшилик бўлиши.

5. Қуръони Каримни кўтариб юрадиган қалбларга “Тубо” жаннати ҳамда саодат ва яхшилик бўлиши.

6. Қуръони Карим ила гапирадиган тилларга “Тубо” жаннати ҳамда саодат ва яхшилик бўлиши.

Ҳадис ва Ҳаёт “Қуръон фазилатлари” китобидан
 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!