Янгиликлар

Тожикистон: хайрия ёрдамларини президент чўнтагидан беряптими?

1227

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва унинг атрофидаги давлат арбоблари номидан касалхоналарга ва COVID-19 билан касалланган беморларга берилаётган инсонпарварлик ёрдамининг кенг тарғиб қилинишини танқидчилар расмийларни сиёсий манфаатлар учун пандемиядан фойдаланишда айбламоқда.

Ҳар куни давлат оммавий ахборот воситаларида шифокорлар учун шахсий ҳимоя воситалари ва касалхоналар учун зарур дори-дармонлар кўринишидаги инсонпарварлик ёрдамини ўз номидан юборадиган "Халқ раҳбарининг хайрия ташаббусига амал қилиш"га бағишланган турли тадбирлар ҳақида хабар берилади.

Масалан, 16 май куни давлат телевидениесида Душанбедан Сўғд вилоятига дори-дармонлар билан юборилган 140 та транспорт воситасининг "ёрдам карвони" ҳақидаги сўнгги репортаж намойиш этилди. Деярли ярим соатлик кўрсатувлар ҳукуматнинг хайрия тадбирларига бағишланган эди, унда "мамлакат президентининг аҳолига бўлган ғамхўрлиги" ҳақида айтилган.

Бир кун олдин, 15 май куни давлат телевидениеси шифокорлар ва коронавирус билан оғриган беморларни қўллаб-қувватлаш учун президент Бадахшонга инсонпарварлик ёрдами билан 45 та транспорт воситасини юборганини хабар қилди. Бундан олдин, расмий ОАВ "маҳаллий тадбиркор" ва президент Раҳмоннинг куёви Шамсулло Сохибов Хатлон вилоятининг касалхоналари ва эҳтиёжманд аҳолисига 25 та гуманитар ёрдам ортилган машина юборгани ҳақида хабар тарқатди.

"Ховар" ҳукумат агентлиги президентнинг қизи ва Президент маъмурияти раҳбари Озода Раҳмон Данғара шифохонасига 100 дона шифохона ётоғини ва чойшабларини совға қилгани ҳақида хабар берди. «Азия-Плюс» агентлиги хабарига кўра, Тожикистон президентининг шахсий қўриқчиси Мурод Саидовнинг ўғли Молия вазирлигида Давлат назорати инспекцияси бошлиғи бўлиб ишлайдиган 30 ёшли Дилшод Саидзода, “14 май куни Душанбе шаҳрининг иккита маҳалласига ташриф буюрган, аҳолига антисептиклар ва ниқоблар тарқатган".

«Avesto Group» компаниясининг дори-дармонлари билан "хайрия ёрдами" қизғин мунозарага сабаб бўлди. Бу аслида Хитойдан келган гуманитар ёрдам эди. Интернетда пайдо бўлган видеода инсонпарварлик ёрдами кўрсатилган қутиларда тожик-хитой дўстлигининг логотиплари кўринади.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари «Avesto Group» компаниясини қаттиқ танқид қила бошлади. Компания улушининг бир қисми мамлакат президентининг ўғли, Миллий Мажлис раиси Рустам Имомалига тегишли.

Фойдаланувчилар компанияни чет элдан инсонпарварлик ёрдамини ўзлаштирганликда ва уни ўз номидан тарқатишда айбламоқда.

Айни пайтда Германияда тадқиқот олиб бораётган тожик таҳлилчиси Ҳафиз Бобоёровнинг айтишича, президент ва унинг яқинлари ўзларининг сиёсий имижларини яхшилаш учун тиббиёт ходимлари ва COVID-19 билан касалланганларга ўз номидан инсонпарварлик ёрдамини тарқатмоқдалар. Унинг сўзларига кўра, шунинг учун давлат ва баъзи мустақил оммавий ахборот воситалари камдан-кам ҳолларда инсонпарварлик ёрдамининг хорижий давлатлар ва ташкилотлар томонидан қандай тақсимланиши ва ишлатилиши ҳақида ёзадилар.

«Шунга қарамай, хорижий давлатлар ва ташкилотлар томонидан тақдим этилаётган инсонпарварлик ёрдамининг ҳажми расмийлар томонидан кўрсатилган ёрдам ҳажмидан анча кўп. Гуманитар ёрдамни тақсимлашда шаффофликнинг йўқлиги, эҳтимол, тожик элитасининг сиёсий мақсадларига мос келади», – дейди Бобоёров. 

Тожикистонга гуманитар ёрдам асосан Ўзбекистон, Қозоғистон ва Эрон томонидан юборилган эди.

Шифокорлар ва ҳамширалар номаълум ва ижтимоий тармоқларда улар ҳар куни асосий ҳимоя воситаларисиз ишлашга ва ўз ҳаётларини хавф остига қўйишга мажбур бўлганликларини эълон қилганларидан кейин ёрдамни тарқатиш ва хайрия тадбирларини кенг тарғиб қилиш кучайди. Ушбу шикоятлар ҳали ҳам эшитилиб туради ва инсонпарварлик ёрдами қаерга кетаётганлиги ҳақида ҳам кўплаб саволлар мавжуд. Шу билан бирга, ўтган ҳафталар давомида бир нечта шифокорлар касбий вазифаларини бажараётиб, ўз ҳаётлари билан видолашди.

Кўпгина ижтимоий тармоқларнинг, шу жумладан фейсбук фойдаланувчилари ҳам, давлат оммавий ахборот воситаларида касалхоналар ва жамоатчилик учун "ҳукумат томонидан қилинаётган сахийликлар" ҳақидаги хабарларни қийин пайтларда "очиқ иккиюзламачилик" деб ёзадилар. Чунки бундай пайтларда шифокорлар ва ёрдамга муҳтож одамларни ҳимоя қилиш давлатнинг "бурчи ва вазифасидир". Бунафша исмли фойдаланувчи фейсбукда Бадахшонга берилган ёрдам ҳақидаги пост тагига: «Ёрдам??? Булар президентнинг бевосита мажбуриятлари-ку!” – деб ёзган.

Кузда, фақат апрел ойининг охирида мамлакатда коронавирус мавжудлигини тан олган Тожикистонда президент сайловлари бўлиб ўтади ва ҳозир ҳокимиятни топшириш ёки президент Имомали Раҳмоннинг қайта сайланиши ҳақида миш-мишлар тарқалган.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тожикистон Москвага нота юборди: “Ички ишларимизга аралашманглар!”

1305 11:15 30.05.2020

Тожикистон: целофанга ўралган ва олдиндан кавланган қабрлар

1851 18:58 26.05.2020

Тожикистонга Ўзбекистондан инсонпарварлик ёрдами жўнатилди

223 15:00 26.05.2020

Тожикистонда коронавирус: ўзбекистонлик шифокорлар ўрнига хитойликлар келди

759 12:00 26.05.2020

Қирғиз-тожик чегарасида қуролли тўқнашув

775 14:00 25.05.2020

Тожикистон президенти коронавируснинг асосий сабабини “кашф” қилди

4064 08:30 23.05.2020
« Орқага