“Толибон” делегацияси Эрон пойтахти Теҳронда Афғонистон миллий қаршилик фронти етакчиси Аҳмад Масъуд ва ҳиротлик собиқ қўмондон Муҳаммад Исмоилхон билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда TOLOnews телеканали делегация раҳбари – «Толибон» ҳукуматидаги Ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақининг баёнотига таяниб хабар берди.
“Ҳа, биз Аҳмад Масъуд, Исмоилхон ва (Эронга кўчиб ўтишга мажбур бўлган) бошқа афғонлар билан учрашдик. Биз уларнинг барчасини (Афғонистонга) қайтиб, тинч ҳаёт кечиришлари мумкинлигига ишонтирдик”, – деди Муттаки.
«Толибон» делегацияси Эрон расмийлари билан ҳам учрашувлар ўтказган.
Эслатиб ўтамиз, «Ҳирот шери» лақабини олган Муҳаммад Исмоилхон 1990-йилларда толибларга қарши курашган тожикларга бошчилик қилган эди. Ўтган йилнинг ёзида яна «Толибон»га қарши қўшин тўплади, августнинг ўрталарида толибларга асир тушди, кейин Эронга кетди.
Аҳмад Масуд 2001 йилда вафот этган тожик дала қўмондони Аҳмадшоҳ Масъуднинг ўғлидир. «Толибон» ўтган йилнинг август ойида Кобулни эгаллаганидан сўнг Миллий қаршилик фронтини бошқаришга киришди.