«Толибон» асосчиси мулла Умар АҚШ ҳарбий базалари яқинида яшаганми?

10:40 12.03.2019 1628

“Толибон” асосчиси мулла Умар АҚШ базасидан 5 километр узоқда яшагани маълум бўлди.

“Толибон” асосчиси мулла Умар АҚШ ҳукумати ўйлагандек Покистонга қочиб ёки тоғларда яшириниб юрмаган, балки АҚШ ҳарбий базалари яқинида яшаган, деб ёзади “Лига Новости”.

Бу ҳақда шарқий мамлакатлар бўйича даниялик журналист-тадқиқотчи Бетт Дам ўзининг “Мулла Умарнинг сирли ҳаёти” китобида ёзган.

У китоб устида иш олиб боришда беш йил давомида Ғарбнинг ҳарбий ва разведкасидан ҳам, толибонлар, хусусан, мулланинг қўриқчиси Жаббор Умарий билан суҳбатлашиш орқали ҳам маълумотлар тўплаган.

Унинг сўзларига кўра, 2001-йилда “Толибон” режими қулагач, ташкилотнинг собиқ раҳбари ҳукуматдан яшириниб, АҚШ ҳарбий базасидан беш километр узоқликда жойлашган уйнинг махфий хоналарида яшаган. Журналистнинг таъкидлашича, бир марта НАТО кучлари бўлинмалари уйни тинтув қилган, аммо ҳеч нарса топмаган.

Қўлга тушишнинг олдини олиш мақсадида у вақти-вақти билан далалардаги суғориш тизими трубаларида яширинишига тўғри келган. 

Кейинчалик Умарни бошқа уйга яширишган. У ҳам АҚШнинг бошқа ҳарбий базасидан беш километр узоқликда жойлашган.

Толибларнинг баёнотига қарамай, мулла ҳуқуқ-тартибот органларидан яширинган ҳолда ташкилотни бошқара олмаган. У 2001-йилнинг декабрь ойида ташкилотни бошқарувини Толибон “мудофаа вазири” мулла Убайдуллага топширган.

Усама бин Ладен йўқ қилинганидан сўнг АҚШ махсус хизмати эътиборни мулла Умарга қаратган. Бироқ у душманлар ҳаракатидан эмас, балки толиблар маълум қилганидек, сил касаллигидан вафот этган.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!