Таҳлил

Толибон музокаралари: Mission imposible? (Имконсиз вазифами?)

2288

Қуйидаги мулоҳазаларим менинг шахсий фаразларим,
албатта хато бўлиши мумкин.

АҚШнинг Афғонистондаги сиёсатини бир оз бўлса-да кузатиб бораётган бўлсангиз, Барак Обама давридан бери америкалик сиёсий етакчи доиралар афғон расмий ҳукуматини қатъий танқид қилиб келишига гувоҳ бўлгансиз.. Толибондан сўнг ташкил этилган янги ҳукуматни қўшма штатлар давлат бюджетидан озмунча маблағ сарфланмади. Америкалик ҳисоб китоб қилишни яхши билади: салбий натижалар қилинган мусбат харажатларни “қоплаб“ юборяпти ва буни охири кўринмайди...

Афғон давлатчилиги бутун ҳудудда тикланмади, қабилалараро тинчлик/ҳамжиҳатлик ўрнатилмади, толибон ҳаракати ғоявий енгилмади, ижтимоий барқарорлик ўрнатилмади, коррупция паст баланд поғоналарни эгаллаб олди, героин трафики толибон бошқаруви даврига нисбатан гуркираб кетди... Айбни жабрдийда афғон халқига юклаш тарафдори эмасман. АҚШнинг сиёсатида жуда кўп хатоларга йўл қўйилганлигини америкаликларнинг ўзлари тан олишади. Шу билан бирга расмий ҳукуматнинг ютуқлари ҳам йўқ эмас албатта. Лекин якуний натижалардан катта “куратор”лар - норози.

Трамп ҳам столга “дўқ“ этиб уриб, афғон ҳукуматидан қатъий ўзгаришларни талаб қилди ва толибон ҳаракати билан музокара бошлашга чақирди. Чунки америкалик ҳарбий кучларини олиб чиқиб кетиш режасини Трамп эълон қилиб қўйганди.

Толибон билан ғарбнинг музокаралар ажиб тарихига эга... Уруш авжи олган, ҳар қандай душман билан алоқалар тасаввур қилиб бўлмайдиган даврда (адашмасам 2003-2005 йиллар) қўрқмас инглиз журналистлардан қизиқ хабар тарқалди. Эсингизда бўлса аксил толибон коалицияга кирувчи баъзи давлатларнинг ҳарбий контингенти юқори ва ўрта поғона зобитлари толибон дала қўмондонлари билан яширин битимлар қилишар экан... “Биз мана шу базаларни қўриқлаб муддатимизни ўтаб кетамиз ва сиз (толибонлар)га тегмаймиз, сизлар ҳам аскарларимизни отманг“... Орада қоғоз пул кўринишида “совға саломлар“ ҳам улашилган деб ёзишган..(адашмасам бу ишда асосан немислар гумонда эди). Менимча толибонлар ғарбликлар билан музокара олиб бориш анъанаси ўша вақтдан бошланган. Кейинчалик америкаликлар ҳам толибон билан баъзи келишувлар қилишаётгани ҳам яширин бўлмай қолди. Энди ўша вақтдаги ёш дала қўмондонлари, эҳтимол, ҳозир толибоннинг юқори мансабларида.. Бу кунларда АҚШ ва Россия расмийлари толибон билан музокара олиб бораётганликлари ҳақида очиқ ойдин хабарлар тарқалмоқда.

Бунга асосий сабаблар ва умидлар қуйидагича:

- Толибон афғон диёрининг каттагина қисмида таъсир кучини сақлаб қолганлиги;

- Расмий Кобул ҳукумати легитимлик шартларидан бўлмиш давлатда барқарорлик ушлаб тура олиши гумон остида турибти;

- Агар Кобул ҳукумати ва толибон ҳаракати ўртасида давомий келишув муносабатлари ўрнатилса (нақадар идеал орзу!), бу мамлакат муомала қилса бўладиган (Саудия Арабистони, БАА, Қатар каби) амирликка/давлатга айланишидан умид;

- Музокаралар давом этиши даврида нозик ва вақтинча бўлса-да нисбий тинчлик сақланиши;

- Толибон аввалги хатоларидан керакли хулосалар чиқарганлигидан умид;

- Толибон ва умуман афғон сиёсий доирадан талаб қилинадиган нарса:

  1. Халқаро террористик ғоялари ва амалиётларига (ишид, ал-қоида ва кабилар) йўл қўймаслик;
  2. Қўшни давлатларга хуруж қилмаслик;
  3. Ички хунрезликни тўхтатиш;
  4. Халқни ҳеч бўлмаса минимал даражада иқтисодий таъминланишига йўл қўйиш;
  5. Ижтимоий, маърифий ҳолатнинг имкони борича яхшиланишига тўсқинлик қилмаслик.

Толибоннинг мана шу шартларга кўнишидан умид мавжудлиги.

АҚШ ва Россиянинг (икки давлатнинг айнан афғон масаласида ўзаро манфаатлари кесишганлиги ҳайратли эмас) толибон билан расмий муомалага боришлари мақсадига эҳтимол Кобул ҳукумати учун тарбиявий “сигнал“дир: “Тор ғаразларингни енгиб, давлатингни эплаб олмасаларинг, душманларинг билан ҳам келишиб кетаверамиз“.

Энди мана шу тарихий жараёнда Ўзбекистоннинг ролига яқинлашдик (эслатиб ўтаман, бу постимнинг бошидан охиригача менинг фаразларим холос!).

Толибон мунозара тарафи бўлишлиги учун ўта оғир репутацияга эга ва радикал мафкураси, миллий жангарилик руҳи ва битимлар риоя қилиш сиёсий маданияти ўзгачалиги юқорида айтилган омиллар ва умидларни катта савол остига қўяди. Уларнинг замонавий дунё онги учун қандайдир архаик ва ёввойи кўриниши табиий. Демак, музокара сиёсати олиб борилар экан нариги тарафни бетўхтов кузатув назоратида сақлаб туриш ва шу билан бирга бу ўзга олам вакилларини “цвилизация”га яқинлаштириб “тарбиялаш” вазифаси биринчи навбатга чиқади.

Эҳтимолки модерн (“замонавий“) дунё билан архаик олам ўртасидаги интерфейс воситаси роли Ўзбекистонга топширилгандир (мана шунақа “оқ конспиралогия“) Бу вазифага ўзбек ҳукумати учун турли сабабларга кўра тўғри келса керак:

  • - Қўшни Афғонистондаги барқарор тинчлик ҳолати юртимиз учун ҳаводек зарурлиги;
  • - Афғонистондаги ўзбек миллатдошларимизнинг манфаатлари ва ҳуқуқларига тажовуз қилинмаслиги кафолатини олиш имконияти;
  • - Ўзбекистон учун янги иқтисодий имкониятлар афғон ҳудудида яширинганлиги (жаҳон океанига, Ҳинд, Покистон бозорларига йўл ва бошқалар);
  • - Ўзбекистон сиёсатчилари бир тарафдан ғарб зеҳниятига яқинроқ бўлса, бошқа тарафдан уларда диний ва маданий “генетик“ кодларида афғонлар билан маълум умумийлик мавжудлиги;
  • - Ўзбекистон Марказий Осиёда ҳарбий жиҳатдан нисбатан қувватлироқ эканлиги (афғон халқлари кучни ҳурмат қилади дейишади).

Демак, ўзбек регионал манфаатлари ва унинг дипломатик лаёқати ноёб равишда бир бирига мос тушган: бу, балки, шундай “цивилизацион миссия”дир.

Кобул ҳукумати тарафидан Тошкентнинг толиблар билан илиқ муомалага кирганлигига расмий эътироз баёнотини бериши табиий ҳол. Шу билан бирга бу жараён Кобул давлат арбоблари учун толибон билан музокараларда фаолроқ ҳаракатланишига ва ўз давлатчилигини оёққа турғизиш қатъий чораларга ундайди. Эҳтимол биз кузатаётган дипломатик фаолликлардан кўзланган мақсадлардан шуниси асосий.

Ҳурмат ила,
Жамшид Муслимов

PS. Юқорида ёзганларим менинг фаразларим холос. Танқидга очиқмиз. Шахсиятга ўтиб ҳақоратларга ҳам розимиз, чунки бақириб бўшашиб олиш айрим кишилар учун психотерапевтик таъсирга эгалигини биламиз.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Афғонистонда август «қонли ой» бўлди

565 10:35 19.09.2019

«Толибон» Халқаро қизил хоч ташкилотининг Афғонистонда ишлашига рухсат берди

478 15:35 16.09.2019

“Толибон”: Энг кўп америкаликлар азият чекади

2462 08:30 09.09.2019

Трамп “Толибон” вакиллари билан махфий учрашувни бекор қилди

611 06:00 09.09.2019

АҚШнинг Афғонистондаги узоққа чўзилган уруши якунига етмоқда

766 17:01 04.09.2019

Трамп: «Толибон» билан келишувга эришишга оз қолди»

501 16:25 30.08.2019
« Орқага