Топилдиқ китоб

18:00 12.04.2018 878

Мен бу қўлёзма китобни Тошкентнинг Чорсу майдонидаги трамвай бекатидан топиб олдим. Ўзи қалингина экану,  варақланавериб янада каттариб кетибди. Уёқ-буёқни дараклаб, эгасини суриштирдим, ҳеч ким “меники” демади. Топган жойимга ташлаб ҳам кетмоқчи бўлувдим, лекин ичини бирров варақлаб чиққандан кейин бу ниятимдан қайтдим. Қора сиёҳ билан, тоза ҳуснихатда битилган кимнингдир фикр-мулоҳазалари, кўчирма иқтибослари анча қизиқарли туюлди. Балки одамларга фойдаси тегиб қолар, деган хаёл билан китобни қўлтиққа урдим. Агар эгаси китобини сўраб келса, қайтаришга тайёрман. Унгача бекор ётмасин, деб сизларга илиндим.

 

ҚЎШНИЛАР

Улар девор-дармиён қўшни эдилар. Бирининг уйи уч қаватли вилла, иккинчисиники пастқам гувалак уй. Бой қўшни камбағал қўшнисининг ўзига қуллуқ қилишини, ҳар қадамда ҳурматлашини, хушомад кўрсатишини истайди. Камбағал эса буни хаёлига ҳам келтирмайди: эрталаб пиёда ишга кетаркан, қора “Мерседес”ига виқор билан ўтираётган қўшнисига қуруққина салом бериш билан кифояланади. Бой ишдан келганда камбағал почасини шимариб, резина ичакда уйининг олдига сув сепаётган бўлади. Яна ўша оддийгина саломдан нарига ўтмайди. Охири бойнинг тоқати тоқ бўлди. Камбағал қўшнисининг ҳовлисини ўзи айтган баҳосига сотиб олиб, уйларини буздириб ташлади. Ўрнига майса септириб, атрофини панжара билан ўратиб қўйди.

 

ДУМИНГНИ ЛИКИЛЛАТАСАН...

Шоир Ҳусниддин Шариповнинг “Балиқ фалсафаси” сарлавҳали икки мисрагина шеъри бор: “Думингни ликиллатасан, олға кетасан, думингни ликиллатасан, олға кетасан”. Ҳозирги одамларимиз бу фалсафани шунақанги чуқур ўзлаштириб ташлашдики, ўрни бўлса-бўлмаса ҳам дум ликиллатишга ўтиб кетишди.

 

ЗИЙНАТДАН АХЛАТГА...

Инсоннинг сочи ва тирноқлари зийнатга киради. Аммо уларни асосидан, яъни тирноқни этдан, сочни бошдан айирганингиз заҳоти улар зийнатдан чиқиндига айланади. Инсон ҳам асосидан, яъни фитратидан ажралганида унинг инсонлиги қолмайди.

 

ҲАММАНИ РОЗИ ҚИЛСА БЎЛАДИ...

Ота-онани рози қилиш мумкин. Қариндошларингни рози қилса бўлади. Бола-чақангни рози қилишнинг иложи бор. Ишхонадаги бошлиғингни рози қила оласан. Дўстларингни ҳам рози қилса бўлади. Фақат Парвардигорингни рози қила олармикансан?

 

ЖУДА ЁМОН!

Бир дўппилик киши ўзини кўрсатиш учун бухоролик Абдуғофур домлага шундай савол бериб қолибди:

– Домла, дўпписиз ҳам намоз ўқиса бўладими?

– Бўлади. Аммо дўпписи бўлатуриб намоз ўқимаса, ана шуниси жуда ёмон, – деб жавоб берибдилар домла.

 

МАНФААТ ЎЛСИН!

Дунёда кўп одамларни кўрдим, кўп воқеаларга шоҳид бўлдим, кўпларнинг ҳаётини кузатдим. Бир нарсага қатъий ишондимки, инсоний муносабатларнинг тўқсон саккиз (тўқсон тўққиз дегани уялдим) фоизи манфаат асосигагина қурилар экан.  

 

МИЛЛАТНИНГ ТАҚДИРИ

Улар миллатнинг тақдирини муҳокама қилгани йиғилишди. Тўкин дастурхон устида бу миллатдан неча-неча даҳолар, саркардалар, фотиҳлар чиққанини хотирлашди. Бу миллат дунёга қанчалаб улкан олимлар ва фозиллар етиштириб берганини тилга олишди. Бу миллат қурган муҳташам ва тенгсиз биноларни ҳам эсдан чиқаришмади. Фақат миллатнинг ҳозирги қисмати ҳақида ўйлашга уларнинг имкони қолмади, чунки... ҳаммалари “учиб” қолишган эди.

 

МУСУЛМОННИНГ ҲОЛИГА БОҚИНГ...

Дунёдаги мусулмоннинг аҳволига қараб кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан. Аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлган ўлканинг қонунлари уни ҳимоя қилиш ҳақида лом-мим демаган бўлса ҳам, мамлакат парламентида уларнинг бирорта вакили бўлмаса ҳам мусулмон одам қисматига рози бўлиб, шукр айтаверади. Боласига диний таълим беришни тақиқлашса ҳам, қизига ёки хотинига ҳижоб ўратишга рухсат берилмаса ҳам, фоҳишанинг ёки итбоқарнинг ҳуқуқлари қаттиқ ҳимоя қилингани ҳолда ўзининг ҳақ-ҳуқуқлари билан ҳеч кимнинг иши бўлмаса ҳам, шукрхонлик қилаверади. Кечаю кундуз дам олмай ишлайдиган радио-телевидение, потирлаб чиқиб турган газет-журналлар мусулмоннинг ҳаётидан бутунлай юз ўгирган бўлса ҳам, у ҳаммасига рози бўлиб, шукр айтаверади. Қаттиқроқ аксириб юборганда ёки бирор кишидан ҳаққини сўраб қўйганда минг хил ёрлиқнин ёпиштириб, таъқиб қилишса ҳам шукронани тўхтатмайди. Мусулмон халқи ана шундай сабрли, шукрни кўп айтувчи миллат. Фақат бу бошқалар томонидан суистеъмол қилинмаса бўлди.

 

АДОЛАТ ҚАЕРДА?

Ҳамма қаердандир, кимдандир адолат излайди: раъият подшоҳидан, ходим раҳбаридан, хотин эридан, ожиз кучлидан, мазлум золимдан, фақир бадавлатдан адолат истайди. Аммо ҳеч ким излаганини топа олмайди, чунки адолатнинг “уйи”ни билмайди. Адолатнинг турар жойи Парвардигор ҳузуридадир. Ўлгандан кейин қайта тирилишнинг борлиги энг буюк адолатдир!

 

ҲАМЁН ЙЎҚОЛДИ...

Бу воқеани тошкентлик бир танишимиз сўзлаб бердилар: “Бир йили муҳтарама онамиз билан ҳажга борган эдик. Онамизнинг ёшлари  анча ўтиб қолган,  қийналиб қадам босардилар. Ҳаж кўп йиллик орзулари бўлгани учун ана шу сабабларга ҳам қарамай, сафарга отландилар. Орзиқиб кутганимиз Маккага етиб, Масжидул-Ҳаромга кириб бордик. Дунёнинг турли бурчакларидан келган миллионлаб мусулмонлар Каъбани тавоф қилиб, ҳаж арконларидан бирини адо этишяпти. Катта маърака ичида онажонимнинг қийналиб қолишларини ўйлаб махсус аравачада тавоф қилдирмоқчи бўлдим. Кўнмадилар: “Шунча жойдан келиб, Аллоҳ буюрган фарзни аравада талтайи-иб бажараманми?” деб туриб олдилар. Ўз ҳолларига қўяй десам, оломон орасида эзилиб қоладилар.

Шунда онамни бир ҳадисда айтилганидек, елкамда опичлаб тавоф қилдиришни ўйладим. Ҳам онажонимга қулай, ҳам розиликларини олишим менга фойда. Опичлаб тавофни бошладим. Ҳужжатлар ва пуллар солинган чарм сумкачани қўлларига тутқазиб, эҳтиётлашни тайинладим. Онам елкамда тинмай дуо ўқиб боряптилар. Каъбаи муаззамани учинчи бор айланишимизда онам сумкачани тушириб қўйганларини айтиб қолдилар. Аъзои баданим музлаб кетди. Шу куни элликбошимиз паспортларимизни ҳам қўлимизга бериб қўйган эди. Совға-саломга аталган пулларимиз ҳам сумкада эди. Бирдан миямга истиржо айтиш фикри келди: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”. Аллоҳ таолога илтижо билан ёлбордим: “Эй Аллоҳим, онам розилигини топай деб ҳажга олиб келдим, елкамда кўтариб тавоф қилдиряпман. Аммо бу йўқотиш сабаб бўлиб у кишини дилларини оғритиб қўйишдан Ўзинг паноҳ бер!”

Ҳозирги ҳолатимизда тўхташнинг ҳам, сумкачани ахтаришнинг ҳам асло иложи йўқ. Қолаверса, нега бепарво бўлдингиз, деб волидаи шарифамни  айблаб ҳам бўлмайди. Кўнглимдан шундай ўй ўтди: “Пулни ҳалол йўл билан топганман, ҳаж ниятим ҳам холис эди. Демак, Аллоҳ бизни сарсон қилиб қўймайди, ҳужжат билан боғлиқ дилхиралик ва оворагарчиликларга рўбарў қилмайди”.

Кўнгилда “Аллоҳим, Ўзингга таваккал қилдим, ҳожатларимни Ўзингга ҳавола этдим!” деган ишонч билан, хотиржам ҳолатда тавофни давом эттира бошладим. Олтинчи бор айланаётганимда оёғимга нимадир илашиб, юришга ҳалақит бера бошлади. Кейинги айланишлар одатдагидан тезроқ бўлгани учун тўхтаб олиб ташлашнинг асло иложи йўқ эди. Қийналиб, терга ботиб кетдим. Тавофни тугатиб, сал четроққа чиқиб, онажонимни елкамдан туширдим. Шу пайт оёғимга илашган нарса эсимга тушди. Не кўз билан кўрайки, йўқотган сумкачамиз экан. У қандай тушиб қолди, орадан бирор вақт ўтиб яна қандай топилди ва, энг асосийси ва ҳайратланарлиси, қай тарзда айнан менинг оёғимга илашди – бу саволлар  мени анча шошириб қўйди”.  

 

СЕНГА ҲАЛОЛ!

Бир йигит муфтий Зиёуддинхон Эшон Бобохон ҳазратларидан “Молнинг ахлатига қўшилиб тушган бутун донлар ҳалолми ёки ҳаром?” деб сўраб қолибди. “Агар егани шундан бошқа нарса қуриб кетган бўлса, еявер, сенга ҳалол!” деб жавоб берган эканлар.

 

КЎНГИЛ ЙИҒЛАМАСА

“Кўнгил йиғлайдию кўзларда нам йўқ” деб зорланади спектаклда шоир. Ҳаётда эса айрим шоирларнинг кўнгли ҳам йиғламайди, кўзида ҳам нам йўқ!

 

ОТА-ОНА СОТИЛМАЙДИ

Бу дунёда ҳамма нарсани пул билан сотиб олса бўлади. Ўткир ва доно сиёсатдонларни ҳам, ҳурилиқо танноз аёлларни ҳам, ўз садоқатига қасам ичган дўстларни ҳам пулга сотиб олса бўлади. Кўз қорачиғидай асраб юрган бола-чақанг ҳам, бошингдан сув ўгириб ичган жигарларинг ҳам, энг яқин қўшниларинг ҳам қайсидир манфаат эвазига кимгадир сотилиши мумкин. Лекин ота-она ҳар қандай ҳолатда ҳам сотилмайди...

 

ИНСОН ҲАЁТИ

Инсон ҳаёти ҳақида жилд-жилд китоблар битилган, қанчалаб филмлар, спектакллар ўйналган, минглаб донишмандлар бу ҳақда фикр юритишган. Аммо инсон ҳаёти кўпчилик ўйлагандай жуда мураккаб эмас экан.

Бир китобда ўқиган эдим, инсон бошда ўлик ҳолатдан (нутфа) она бачадонида тирилади. Кейин ўзи истамаса ҳам ташқи дунёга чиқади. Ҳомила туғилиш чоғида ўзига мавҳум бўлган дунёга ўтишдан қаттиқ қўрқар экан. Ваҳоланки, кейин билса дунё ҳаёти бачадондаги ҳолатидан анча нашъали экан.

Сўнгра дунё ҳаётидаги умрини яшаб, вафот этади. Инсон яна ўзи ўрганган муҳитни тарк этишни истамай, оёқ тираб, ноилож аранг жон беради. Иккинчи ўлимдан кейинги барзах ҳаёти бошланади. Инсон кўрсаки, барзахдаги аҳволи дунё ҳаётидагидан ҳам анча нашъали экан.

Кейин қиёматда инсон яна бир бор қайта тирилтирилиб, имонлилари жаннатга киритилади. Инсон кўрсаки, жаннатдаги ҳолати барзахдаги ҳаётидагидан бутунлай нашъали экан.

Шунда ўйлаб қоласан, Парвардигори инсон учун ҳамиша олдингидан яхшироқ ҳаётни таклиф этар экану, аммо ношукр инсон бу таклифни қабул қилишдан бош тортиб, саркашлик қилаверар экан.

Имон ҳақида ҳам шуни айтиш мумкин: Тангри инсонларга абадий роҳат-фароғатни таклиф қиляптию, аммо қўлида тутмагунча бирор нарсага ишонмайдиган исёнкор инсон бу таклифга ҳам бепарво!

 

ТОЗАЛАЙ ОЛМАДИМ...

Бир замон машҳур татар шоири Абдулла Тўқайнинг ҳамма ёғига яра-чақа тошиб кетибди. Кўнгил сўраганларга шоир “Дунёнинг ҳамма кирини ўзимга олсам ҳам уни кирдан тозалай олмадим”, деган экан.

 

ЧУМЧУҚНИНГ РИЗҚИ

Бир гуруҳ танишлар билан Намангандан Тошкентга самолётда учаётган эдик. Пойтахтда юмушларимиз кўплигидан вақтни тежаш учун бироз тамадди қилиб олмоқчи бўлиб, емакхонага кирдик. Дастурхон устида бир шеригимизнинг томоғига нон увоғи ўрнашиб қолди шекилли, кетма-кет ўқчиқ, йўтал тутди. Устидан нон еди, чой ҳам ичирдик, фойдаси бўлмади. Томоғи қичиб, безовталаниб, ҳатто кўзларидан ёш чиқиб кетди. Тошкентга етиб келдик. Самолёт зинасидан тушаётганимизда бояги шеригимиз кетма-кет акса уриб юборди. Уч юз чақирим нарида – Наманганда тиқилиб қолган увоқ унинг оғзидан бир неча қадам нарига отилиб кетди. Шу пайт аллақаердан бир чумчуқ пириллаб учиб келди-да, ерга тушган увоқни еб кетди. Шеригимиз таажжубини яшира олмай: “Шу чумчуқнинг ризқи экан, юта олмай нақ Намангандан томоғимда кўтариб келибман-а!” деб юборди.

 

ТЕСКАРИ ШЕЪР

Советлар замонида машҳур шоир “Йўқолсин бойлар дедик, бойлар йўқолди, яшасин йўқсиллар дедик, йўқсиллар яшаяпти” деб шеър ёзган эди. Мен давримизга мослаб шу шеърга тескари назира ёздим: “Яшасин бойлар дедик, бойлар мазза қилиб яшаяпти, йўқолсин йўқсиллар дедик, улар битта-битта йўқолиб боряпти”.

 

Аҳмад МУҲАММАД

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!