Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев расмий ташриф билан Москвага борди. Бу ҳақда Россия Президентининг матбуот хизмати хабар берди.
“Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев Владимир Путиннинг таклифига биноан расмий ташриф билан Россияга келди”, дейилади хабарда.
28 ноябрь куни Москвада икки давлат раҳбарларининг музокаралари бўлиб ўтади. Бундан ташқари, улар Қозоғистон ва Россия ўртасидаги минтақалараро ҳамкорлик форумида видеоконференция шаклида иштирок этадилар.
Ўтган якшанба куни Қозоғистонда муддатидан олдин президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссиясининг якуний маълумотларига кўра, амалдаги давлат раҳбари Тоқаев 81,31 фоиз овоз билан ғалаба қозонган. Бу Қозоғистон Президентининг сайловдан сўнг биринчи давлат ташрифи.