Тортишиш балоси (1-қисм)

12:55 16.07.2019 647

Энг катта муаммоларимиздан бири ихтилоф ва бўлиниш. Бу муаммо тегирмонига сув қуяётган иллатимиз эса тортишиш балоси ҳисобланади. Шу сабаб, фойдадан холи бўлмас, деган умидда ҳужжатул-ислом, имом Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Иҳё“ китобларидан иқтибос келтирмоқчиман.

Имом “Тил офатлари“ китобида шундай дейдилар: “Тўртинчи офат

Тортишиш ва мужодала.

Бу ишлар наҳий қилингандир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биродаринг билан тортишма. У билан мазаҳлашма. Унга хилоф қиладиган ваъдани берма”, деганлар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Тортишишни қўйинглар. Чунки унинг ҳикмати англанмайди ва фитнасидан омонда бўлинмайди”. Ким тортишишни ҳақ бўла туриб тарк этса унга жаннатнинг энг юқорисида уй бино қилинади. Ким тортишишни ноҳақлигидан тарк қилса, унга жаннат четидан уй бино қилинади”. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Раббимнинг менга қилган энг биринчи аҳди ва бутлар ибодати, хамр ичишдан кейинги биринчи қайтариғи кишилар билан низолашишдир”. Яна Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳ ҳидоят қилгандан кейин қавм фақатгина мужодала туфайли адашдилар”. Яна Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Банда ҳақ бўлса ҳам, тортишувни тарк этмагунча, иймон ҳақиқатини мукаммал қила олмайди”. Яна айтадилар: “Олти нарса борки, ким уларда бўлса иймон ҳақиқатини етибди: Ёзда рўза тутиш. Аллоҳнинг душманларига қиличла зарба бериш. Булутли кунда намозни аввалги вақтида ўқиш. Мусибатларга сабр қилиш. Қийинчилик вақтида таҳоратни мукаммал қилиш. Ҳақ бўла туриб тортишувни тарк қилиш.”

Зубайр розияллоҳу анҳу ўғилларига: “Қуръон ила одамлар билан тортишма, чунки уларга кучинг етмайди. Лекин ўзингга суннатни лозим тут”, дедилар. Муслим ибн Ясор айтадилар: “Тортишишдан сақланинг, у олимнинг жоҳиллик соатидир. Бу пайтда шайтон унинг адашишини кутади”. Айтилишича: “Қавм Аллоҳ ҳидоят этгандан кейин, фақат мужодала қилгандагина адашади”. Молик ибн Анас роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Бу тортишув диндан бирор нарсада эмасдир”. Яна айтадилар: “Тортишув қалбни қорайтиради, нафратни мерос қолдиради”. Луқмон ўғилларига: “Эй ўғлим, уламолар билан тортишма, сени ёмон кўриб қоладилар”, дедилар. Билол ибн Саъд розияллоҳу анҳ айтадилар: “Агар узоқ тортишадиган, жанжаллашадиган ва фикрига маҳлиё кишини кўрсанг, бу одамнинг зиёни мукаммал бўлибди”. Суфён Саврий розияллоҳу анҳу: “Агар биродарим анорни ширин деганда, мен нордон деб, тескарисини айтсам, мени султонга судрайди”, дедилар. Яна айтадилар: “Хоҳлаган кишинг билан, сўнг тортишиб, унинг ғазабини чиқар. Шунда у сени яшашдан тўйдирадиган кулфат билан ўққа тутади“. Ибн Абу Лайло айтадилар: “Мен шеригим билан тортишмайман. Чунки тортишсам ё уни ёлғонга тутаман, ё жаҳлини чиқараман.” Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сенга гуноҳ учун тортишувчи бўлишда давом этишинг етарлидир”.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар қандай тортишишнинг каффорати икки ракат намоздир”, дейдилар. Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Илмни уч нарса учун олинмайди ва уч нарса учун тарк қилинмайди. Уни тортишиш, фахрланиш ва риё учун ўрганилмайди. Талабидан уялиб, у тўғрида зоҳидлик учун ва жоҳилликка рози бўлиб тарк қилинмайди”. Исо алайҳиссалом айтадилар: “Кимнинг ёлғони кўпайса, чиройи кетади, ким одамлар билан тортишса, муруввати йўқолади, кимнинг ғами кўпайса, жисми хасталанади ва кимнинг хулқи ёмон бўлса, ўзини азоблайди”.

(Давоми бор)

Мубашшир Аҳмад

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!