Тошкент шаҳар ХТББ: «Ота-оналардан “Кафолат хати” олиш ҳақида топшириқ берилмаган»

14:32 21.05.2019 1906

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда ўқувчиларининг ота-оналари номидан мактаб раҳбарияти номига ёзилган “Кафолат хат”ларининг расмлари кенг тарқалмоқда. Кафолат хатларида, асосан ёзги таътил вақтида болаларнинг сув ҳавзаларига чўмилгани бормаслиги, масжидларга, Жума намозига чиқмаслигини назорат қиламан, деган маънода тушунтиришлар ёзилган. Ижтимоий тармоқларда бу борада кескин мунозаралар бўлмоқда, бундай “Кафолат хат”ларининг ёзилиши мактаб раҳбарияти томонидан мавжуд қонунчиликнинг бузилиши, дея баҳоланмоқда. Албатта, бундай тушунарсиз вазият соҳани тубдан ислоҳ қилишга киришган Халқ таълими вазирлиги раҳбариятига ҳам хуш келмайди.

Вазиятга ойдинлик киритиш учун Azon.uz ахборот-таҳлилий портали Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси  бошлиғининг ўринбосари билан боғланди. Бошқарма бошлиғи ўринбосари Қирғизбоев Суҳроб Муқимжонович бундай хатлар ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтди. Ўринбосарнинг маълум қилишича, Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси ҳам, Халқ таълими вазирлиги ҳам бундай “кафолати хат”ларини олиш ҳақида топшириқ бермаган. Фақат, ота-оналардан ўқувчиларнинг ёзги таътил вақтини мазмунли ўтказиш учун, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан тадбирлар ташкил этилган тушунтириш дарсларида ва мактабдаги қўшимча тўгаракларда қатнашишини таъминлаш сўралган. Бу ҳам ота-оналарга оғзаки тушунтирилган. Лекин, “Кафолат хати” олиш ҳақида ҳеч қандай гап йўқ, деди бошлиқ ўринбосари.

Шунингдек, бундай “Кафолат хат”ларини мажбурий олиш ҳолатлари кузатилса, ота-оналар бошқарманинг қуйидаги рақамларига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини маълум қилинди:

71 237-08-13

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!