Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси вертолётлар билан таъминланади

20:30 10.01.2019 368

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 январь куни Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 7-ички ишлар бўлимига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Хавфсиз шаҳар”, “Хавфсиз туризм”, “Хавфсиз хонадон” тизимлари жорий этилгани, 24 соат патруллик хизмати йўлга қўйилгани натижасида одамларда “адолат ва қонун устуворлиги”га ишонч пайдо бўлди.

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 14 февралдаги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизими жорий этилди.

Президент пойтахт ички ишлар органларини аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида ташкилий-штат бўлинмасини мақбуллаштириш лойиҳаси билан танишди. Унга кўра, ички ишлар ходимларининг 86 фоизини қуйи бўғинга тушириш, туман ҳокимлиги, прокуратураси, солиқ инспекцияси ва бошқа идоралар билан ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари бу таклифни маъқуллаб, жиноятчиликнинг олди олиниши, буни одамлар сезиши учун пастда тизим мустаҳкам бўлиши зарурлигини таъкидлади.

– Профилактика ишлари таҳлилга асосланиши керак. Ҳар бир ҳуқуқни муҳофаза қилиш органида жиноятчиликнинг жойи ва тури бўйича чуқур маълумот бўлиши, бунинг учун давлат идоралари, жамоат ташкилотлари мунтазам бирга ишлаши зарур. Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, прокуратура – ҳаммаси халққа хизмат қилиши керак. Шу билан бирга, жамиятда ҳам жаҳолатга қарши маърифат кучли бўлиши лозим. Муҳит шундай бўлиши керакки, ҳеч ким жиноятга қўл ура олмасин, - деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз профилактика инспекторларини фаолият самарадорлигига қараб рағбатлантириш, профессионаллик даражасини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Профилактика инспекторлари ва уларнинг ўринбосарларини ўқитиш, малакасини ошириш бўйича Тошкент давлат юридик университетининг махсус филиалини ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

Шу ерда тезкор навбатчилик қисмидаги инновацион технологиялар, ички ишлар ходимларининг ўзаро хабар алмашишини таъминлайдиган “Минор” дастури, ходимлар хизмат ўтаётган жой тўғрисида ахборотни кўрсатиш ва ташвиш хабарини жўнатиш учун мўлжалланган “UzGPS” тизими ҳақида маълумот берилди.

Давлатимиз раҳбари ички ишлар бўлимидаги янги мутахассислар - психолог, вояга етмаганлар ва хотин-қизлар билан ишлаш бўйича профилактика инспекторлари билан суҳбатлашди.

Ички ишлар бўлими базасида жойлашган фавқулодда хизматларни тезкор бошқаришнинг ягона тизими фаолияти амалий кўрсатиб берилди. Бунга “Қутқариш хизмати – 1050”, “Ёнғин хавфсизлиги – 101”, “Тез ёрдам – 103”, “Қўриқлаш – 102” экипажи, штатдаги техника ва анжомлари билан намойиш этилди. Бу фавқулодда ҳолатларни тезкор бартараф этишга хизмат қилади.

Президентимиз жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, жумладан, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига замонавий вертолётлар ажратиш бўйича топшириқлар берди.

Бугун Президент Шавкат Мирзиёев раислигида халқимиз тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилади.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!