Тошкентда Yandex Метро мобил иловаси ишга туширилди

18:30 15.03.2019 583

Тошкент шаҳрида Yandex Метронинг мобил иловаси ишга туширилди. Унинг ёрдамида шаҳар аҳолиси ва унга ташриф буюрган сайёҳлар метрода керакли маршрутни кўришлари, қаерда бошқа йўлга ўтишни ва сафар қанча вақтни олишини билиб олишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, фойдаланувчи жўнайдиган ва чиқадиган станцияларини кўрсатишининг ўзи кифоя — Yandex Метро керакли ўтиш йўлаги ёки шаҳарга чиқиш жойида бўлиш учун энг қулай бўлган маршрут ва вагонни кўрсатади. Иловада ҳар бир станциянинг иш вақти ва уларнинг шаҳар харитасида жойлашган жойини кўриш мумкин. Агар станция таъмирлаш учун ёпилса, бу схемада кўрсатилади.

Yandex Метро иловаси ёрдамида темир йўл вокзали ва автобуслар шоҳбекатига етиб олиш осонлашади — улар схемада махсус белги билан кўрсатилган. Бу хизмат чет мамлакатларда ҳам ёрдам беради: иловада Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург ҳамда Россия, Беларус, Украина ва Туркиядаги яна 10 та шаҳар метроси схемалари мавжуд.

Иловадан Андроид ва iOS тизимида фойдаланиш мумкин. У интернетсиз ишлайди. Фойдаланувчилар метро схемаси тилини танлашлари мумкин — ўзбек тили ёки рус тили. Яқин келажакда схемада Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойлари ва бошқа фойдали мўлжаллар пайдо бўлади.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!