Кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Ислом дини халқимизнинг қадрияти экани" ҳақида айтган гапларидан бутун юртимиз қувониб, шукр қилиб турган бир пайтда бир нохуш хабар тарқалиб, кўпчилик мўмин-мусулмонларнинг дилини хуфтон қилди. “Отабек Артиков” телеграм каналида Ислом Каримов номидаги Тошкeнт Давлат тeхника унивeрситeти маънавият ишлари бўйича декан муовинига тегишли экани айтилаётган хабар келтирилган.
Унда соқол қўйган йигитлар ва рўмол ўраган қизлар, намоз ўқийдиган талабалар зудлик билан рўйхатга олиниб, деканатга юборилиши айтилган. Ва бу деканнинг буйруғи эканлиги айтилган.
Соқол ва рўмоллиларга, намоз ўқийдиган кишиларга қачонгача ёмон кўз билан қараймиз. Юртимизнинг энг йирик ўқув даргоҳининг декани ва “маънавият ишлари” бўйича муовини Президентимизнинг нима деяётганлари, бўлаётган ислоҳоту ўзгаришлардан хабари йўқми?
Ўша декан ёки муовиннинг онаси рўмол ўрамайдими? Ёки бобосида соқол бўлмаганми? Президентимизнинг айтганлари, у кишига ёққан ишларга саботаж эълон қилиш баъзи амалдорчалар учун “тренд” бўляптими?
Мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг маънавият бошқармаси бошлиғи Отабек Бозоров билан телефон орқали боғландик. У бу хабарни ҳозиргина эшитгани, вазирлик томонидан соқол ва рўмолга монелик йўқлиги ва бўлиши ҳам мумкин эмаслигини айтди. Отабек Бозоров, шунингдек, соқол масаласида ҳар бир олий таълим муассасасининг ички тартиб қоидалари борлиги ва муассаса илмий кенгаши томонидан тасдиқланишини маълум қилди.
Унда Тошкeнт Давлат тeхника унивeрситeти “маънавиятчилари” бу буйруқни қаердан олишган экан?
Бу борада масъул мутасаддилардан, жумладан, Ислом Каримов номидаги Тошкeнт Давлат тeхника унивeрситeти ректоратидан муносабат кутиб қоламиз.