АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил ва Марокаш ўртасидаги алоқаларни нормаллаштиришга қўшган ҳиссаси учун Марокашнинг олий мукофоти билан тақдирлади.
“Рейтер” агентлигининг хабар беришича, Марокашнинг АҚШдаги элчиси Лалла Жумала Алауи жума куни Трампга фақатгина давлат раҳбарлари тақдирланадиган Муҳаммад орденини топширди. Ушбу орден Марокаш подшоҳи Муҳаммад VI нинг Трампга совғасидир. АҚШ президентнинг куёви ва маслаҳатчиси Жаред Кушнер ҳамда Яқин Шарқ бўйича махсус элчи Ави Берковиц ҳам қуруқ қолмади: уларга Исроил ва Марокаш ўртасидаги алоқаларни нормаллаштиришга қўшган ҳиссалари учун бошқа мукофотлар топширилди.
АҚШ охирги беш ойда Исроил ҳамда БАА, Баҳрайн, Судан ва Марокаш ўртасида алоқа ўрнатилиши учун воситачилик қилди. Айни пайтда АҚШ Марокашнинг Ғарбий Саҳрои кабирдаги северенитетини тан олгани учун Трамп танқидларга учради.
Ғарбий Саҳрои кабир баҳсли ҳудуд ҳисобланиб, анча йиллардан бери Марокаш ва Жазоир қўллаб-қувватловчи ПОЛИСАРИО фронти ўртасида талаш бўлиб келади. ПОЛИСАРИО у ерда мустақил давлат тузиш ниятида.