Таҳлил

Трамп ўз «девор»ини қуришнинг ноинсоний усулини топди

1734

Президент Дональд Трампнинг АҚШ – Мексика чегарасида девор барпо этишга қаратилган уринишлари барчага маълум. У чегара бўйлаб ҳовуз қуриш ҳамда шу ҳовузни йиртқич тимсоҳлар билан тўлдириш ҳақидаги баёнотлари билан барчани ҳайратга ҳам солган. Умуман, мазкур баёнот Қўшма Штатларнинг чегарани тўлиқ қамраб олиш учун жисмоний захирасининг етишмаслигини англатади. Шундан келиб чиқиб, Трамп бу деворни барпо этиш борасида яқинда буткул янги услубга – инсонийликдан узоқ бошпана сиёсатига мурожаат қилди.

Янада аниқроқ қилиб тушунтирадиган бўлсак, Трамп маъмурияти ўз мамлакатидан қочиб, АҚШдан бошпана сўраётганлар мурожаатини кўриб чиқиш бўйича шафқатсиз тизимни барпо этди. Шунда президентнинг Мексика чегараси бўйлаб қурилажак «девори» қуйидагилардан ташкил топади: АҚШдан бошпана сўраб мурожаат қилаётганларнинг кунлик миқдорини чеклаш, уларнинг бошпана бўйича аризалари кўриб чиқилгунга қадар Мексика ҳудудида сақлаб туришни назарда тутувчи протокол ҳамда АҚШдан бошпана сўрашдан олдин муҳожирларнинг мурожаат этиши талаб қилинувчи Хавфсиз учинчи давлат шартномаси.

Мен ушбу сиёсатнинг ёрдам ва ҳимояга муҳтож одамларга нақадар таъсир кўрсатишига гувоҳ бўлаётган одамман.

Шу йил бошида мен Тихуанадаги (Мексика чегараси) тадқиқотларда шифокорлар гуруҳига бошчилик қилдим. У ерда биз бошпана изловчилар билан ўз уйларини ташлаб, АҚШдан ҳимоя излашларига мажбур қилган сабаблар ҳақида суҳбатлашдик. Бизнинг барча тадқиқот натижаларимиз шу ой бошида нашр этилган ҳисоботимизда ҳам мужассамлаштирилган. Унда бошпана илинжида АҚШ ҳукуматига мурожаат қилаётганларнинг кучли жисмоний ва руҳий тазйиқларга дучор бўлгани муфассал ёритилган. Мавжуд тиббий хулосалар ҳам ушбу фикрларимизни тасдиқлайди. 

Бир сўз билан айтганда, Трамп маъмуриятининг бошпана бериш сиёсати шикастланган бу одамларнинг баттарроқ азобланишидан бошқа нарсага яраётгани йўқ.  АҚШ чегара яқинида том маънода девор қура олмади, шунинг учун дунёнинг турли бурчакларидан Қўшма Штатлардан паноҳ излаб йўлга чиққан минглаб бошпана изловчиларни чегаранинг Мексика томонида қолиб кетишини уюштирди. Яъни Америка доимий равишда кўпайиб борувчи муҳожирлар қароргоҳлари, бошқача қилиб айтганда, қочқинлар лагерларини яратди. Ҳозирда Мексика чегарасида 60 мингга яқин бошпана изловчилар зўравонликнинг турли кўринишларига дучор бўлмоқда.

Трамп деворининг муҳим таркибий қисми бу АҚШдан бошпана излаш учун ариза топшириши мумкин бўлганларнинг бир кунлик миқдорини кескин чеклашга асосланган амалиёт ҳисобланади. Масалан, Сан-Дидро-Тихуана портида 2018 йилда кунига 40 нафардан 100 нафаргача бошпана изловчилар аризаси қабул қилинган. Бу йил эса ушбу миқдор кунига атиги 25 тани ташкил этмоқда. Бу эса, шубҳасиз, бошпанага муҳтож одамларнинг рўйхатдан тобора пастга тушиб кетишига сабаб бўлади. Шулардан бири Наталя (исми ўзгартирилган), биз у билан Тихиунада суҳбатлашгандик.

Наталя Мексикада мактаб ўқитувчиси бўлиб ишлаган. Айтишича, эри унга ҳар куни куч ишлатган, болаларини урган. Охири сабр-косаси тўлиб, Наталя болаларини олиб бошқа шаҳарга қочиб кетади. Аммо золим эр уни барибир топади ҳамда бу қилмиши учун уни ва болаларини инсон тана аъзолари билан савдо қилувчиларга сотишини айтиб таҳдид қилади. Шундан кейин Наталя охирги чора сифатида Тихиунага келган. Бироқ бошпана сўраб мурожаат қилмоқчи бўлганда унга «навбатда туринг» дейишади. Шундан кейин шўрлик Наталя бир неча ой давомида пулсиз ва оч-наҳор ҳолда АҚШдан ҳимоя сўраб мурожаат қилишга навбати келишини кутган.

Кейин Трамп ўз деворини учинчи давлат хавфсизлиги тўғрисидаги қоидага биноан баландроқ қилиб қурди, унга кўра, АҚШга учинчи мамлакат орқали ўтадиган бошпана изловчилар бошпана сўраб аввал ўша ерга мурожаат қилишлари ҳамда улар рад жавобини берилгачгина АҚШга ариза топширишлари мумкин бўлади. Бу нарса фақат Мексика фуқаролари учун истисно қилинган, чунки улар АҚШ чегарасига етиб олиши учун учинчи давлат ҳудудидан ўтишларига ҳожат йўқ.

Масалан, Серхио (исми ўзгартирилган) оиласи Гондурасдаги жиноий тўдалар нишонига айлангач, Гватемала орқали АҚШ чегарасига қочиб келади. Айтишича, Гватемаладаям уни ўша жиноий тўдалар таъқиб этган. Хўш, бу ҳолатда Серхио қандай қилиб Гватемаладан сиёсий бошпана сўраши мумкин?..

Хуллас, ушбу сиёсат бир ҳисобда Трампнинг Мексика билан чегарада девор қуриш борасидаги тасаввурларини амалга оширди. У жанубий чегараларда қум ва ғиштлардан девор қура олмади, аммо ўз қарорлари билан АҚШдан бошпана изловчиларни шу чегара яқинидаги муқаррар тузоққа туширди. Бу сиёсатнинг бадали ўлароқ эса одамлар жабр кўриши аниқ: ўз мамлакатида таъқиблардан қочиб келган минглаб одамлар АҚШ – Мексика чегараси бўйлаб иложсиз қолмоқда.

Халқаро ҳуқуққа кўра, бошқа бир хорижий мамлакатдан бошпана сўраш инсон ҳуқуқлари сирасига киради, бу қоида АҚШга ҳам тегишли. Аммо ҳозир Америка ҳукуматининг ўзи сиёсий мақсадлар йўлида инсонларни қурбон қилмаслик учун бу ҳуқуқни ҳимоя қиладиган ҳукуматга муҳтож бўлиб турибди.

Тамарин Нельсон

Манба: “Ал-Жазира”

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

ВВС манбаси: «Эрдўған Трампнинг мактубини ахлат челагига отди!»

2234 16:55 17.10.2019

Трамп Сурияда таслим бўлди

3042 20:00 12.10.2019

Трамп Туркиянинг иқтисодини ер билан битта қилмоқчи

2055 17:20 08.10.2019

Дональд Трамп Миср президентини «буюк лидер» деб атади

889 15:30 25.09.2019

Трaмп Саудияни қўллайди, лекин Эрон билан уришмоқчи эмас

944 18:00 17.09.2019
« Орқага