Трамп яна Исроилга ёқмоқчими? 

09:00 22.03.2019 1588

АҚШ президенти Дональд Трамп Твиттердаги саҳифаси орқали 1967 йилда Исроил томонидан босиб олинган Жўлон тепаликларини мазкур давлатнинг ҳудуди деб тан олиш вақти келганини айтди. 

Трамп буни Жўлон тепаликларининг Исроил учун фавқулодда стратегик аҳамиятга эгалиги ва минтақадаги хавфсизлик учун кераклиги билан изоҳлади. Турган гапки, Трампнинг бу гапи Исроилга ёқиб тушди: бош вазир Биньямин Нетаньяҳу АҚШ президентига миннатдорчилик билдирди. “Эрон Суриядан Исроилни йўқ қилиш учун плацдарм сифатида фойдаланишга уринаётган бир пайтда президент Трамп Жўлон тепаликлари бўйича Исроилнинг суверенитетини мардонавор тан олди. Раҳмат, президент Трамп”, – дея ёзди у Твиттерда. 

Маълумки, Дональд Трамп халқаро қонунларга зид равишда бутун Қуддусни Исроилнинг пойтахти деб тан олган ва АҚШ элчихонаси бу шаҳарга кўчирган эди. Энди эса Жўлон тепаликларини Исроил ҳудуди деб тан олишга чақиряпти. 

Трампнинг бу чақириғини Туркия танқид остига олди. Хусусан, Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги халқаро ҳуқуқнинг фундаментал принципи эканини таъкидлади. “Исроилнинг халқаро ҳуқуққа зид ҳаракатларининг АҚШ томонидан қонунийлаштиришга уринишлар минтақада янада кўп зўравонлик ва изтиробга сабаб бўлади. Туркия Суриянинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди”, – деди вазир. 

Жўлон тепаликлари 1967 йилгача Сурияга қарашли бўлган ва ўша йилнинг июнида ҳудуднинг учдан икки қисмини Исроил босиб олган. 1981 Исроил парламенти “Жўлон тепаликлари ҳақида”ги қонунни чиқариб, ушбу ҳудуд бўйича суверенитетини эълон қилди. БМТ Хавфсизлик Кенгаши Исроилнинг бу қарорини тан олмади. 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!