Таҳлил

«Тренд» кутиб яшаётган халқ

753

Аҳоли ўртасида, асосан ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва жамиятимизнинг фаол қатламида фикрлаш механизми шаклланиб боряпти, назаримда. Барча ижтимоий тармоқларда, хусусан, Facebook, Instagram, Telegram, YouTube’да бериб бориладиган хабар ва янгиликларга ўз муносабатларини билдира олишяпти.

Бирор бир жиддий масаладаги мақола ёки хабарлар остидаги изоҳларни ўқиб кўпчиликнинг муносабатини билиб олиш қийин эмас.  Изоҳлар савияси унинг муаллифининг савиясидан дарак беради. Изоҳларни ўқиб турганингизда айрим ҳолатлар кўнгилни бироз хижил қилади.

Бу саволларга ким жавоб беради?

Тақиқ ― ягона ечимми?

«Қўйди-чиқди» шахсий масала бўлдими?

Айрим тармоқ фойдаланувчилари изоҳ қолдираётганларида одоб ва маданиятни унутиб қўйишади. Умуман, жараёнга нисбатан иккита ҳолатда изоҳ қолдирилади: ё ижобий ёки салбий. Асосан салбий изоҳларда бошқаларга нисбатан ҳурматсизлик, ҳақорат, шахсиятга тегиш иллатлари уфуриб туради.

Изоҳларнинг имловий жиҳатларига тўхтала туриб,  икки хил фикрга келиш мумкин:

- Одамларнинг савод даражаси тушиб бормоқда;

- Одамлар жуда бефарқ ва дангасалашиб кетмоқда.

Менимча, иккала омилнинг ҳам таъсири бор, лекин бефарқлик омили етакчироқ рол эгаллайди. Лекин, аҳоли саводхонлик даражасини ҳам ҳавас қилгулик даражада деб бўлмайди.

Яна бир муҳим жиҳатлардан бири, муаммонинг таҳлили ёки ечими ҳақида ҳеч ким ўйлаб кўрмайди, изоҳларда доимо одамлар икки томонга бўлиниб олишади: бир томон қораловчи, бир томон оқловчи. Муаммонинг, масаланинг моҳиятини тушуниб етиш ва уни тушунтириб, таҳлил қилиб бера олиш эса ҳеч кимнинг қўлидан келмайди. Одамлар тобора тоқатсиз бўлиб бораётганлиги, уларга ёман отлиқ қилиб кўрсатилган объект томон аёвсиз таъна тошларининг улоқтириши, халқнинг оломон сифатида ким қаерга бурса, ўша томонга бурилиб кетаётганлиги аслида катта фожиа.

Энг ёмони, халқнинг кулги-мазахга берилиб қолаётганлигидир.

Одамларда ҳар куни бир хил савол: "Бугун ким трендга чиқаркин?" Одамлар тобора томошага ўч бўлиб кетяпти, амалдорларнинг қовун туширишини интиқлик билан кутади, кейин сўкишга, мазах қилишга, устидан кулишга ўтиб кетади.

Афсуски, кулги кучсизларнинг кучлиларга қарши кураш воситаси эканлигини тушуниб етмаяпмиз, лекин биз "тренд" кутиб яшаяпмиз. Бирортаси қовун туширса, маза қилиб кўрамиз, ўзимизни жаҳлимиз чиққан каби тутамизу "ҳақоратлар поезди"ни юрғизамиз.

Биз кимга қарши курашяпмиз? Мақсадимиз нима? Кимнинг устидан куляпмиз? Аслида бу кулги эмас, фожиа эмасми? Биз ишонган амалдорларнинг асл қиёфаси очилиши жамиятимизнинг қанчалик аҳволда эканини кўрсатмайдими?

Аслида, биз ўзлигимиздан, ҳақиқатдан қўрқяпмиз. Жадидчи шоир Чўлпон бир шеърида "Ёлғиз ҳақиқатнинг кўзларидан қўрқамен", дея, инсонларнинг ҳақиқатга тик боқа олмаслигини ўз сатрида моҳир рассомдек чизиб кетган.

 

Аббос Серобов,

Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси талабаси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тотализатор сиртмоғи

1524 19:39 23.11.2019

«Қуръонни нима қилдик?!»

1106 14:00 06.11.2019

Мусулмон жамиятни йўқотиш йўллари

1673 20:00 05.11.2019

Ароқ ёрлиғида Давлат байроғи?!

1990 13:06 28.10.2019

Бир фоизлик стратегия

1072 13:53 14.10.2019
« Орқага