Тўғри муносабатлар

11:00 13.05.2019 569

Поёни йўқ ўрмонлар орасида жойлашган шаҳар бозорчасида икки ҳамқишлоқ учрашиб қолишди. Роса ўзбекча чуғурлашиб ҳол-аҳвол сўрашишди. Сўнг бошқаларнинг эътиборини тортмаслик учун, ўзаро келишиб шу атрофдаги ўзбеклар ишлайдиган ошхонага кириб ўтиришди.

– Э, яшавор Омон, омонмисан ишқилиб, бир ҳол сўрай десам телефонинг ҳам йўғ-ей сенинг..

 – Роса қийналдим Қоравой, тўғриси икки йилдан буён ўрмон ичида бир цехда ишлаяпман. У ерда уяли алоқа учун тўлқин яхшимас.. Қолаверса доим ғўнғиллаб ишлайдиган цехда қандай телефонда  гаплашасан. Ўзинг нима иш қилаяпсан? Тинч омонмисан?

 – Мен шу бозорнинг нариги четида бир чойхонада ишлайман. Ошиғим олчи, топганим ўзимга ҳам, уйга жўнатишга ҳам етади.

 – Нималарни режа қилаяпсан, ишим зўр, деб бир умр шу ерларда  қолиб кетмассан ахир..

 – Албатта қолмайман, худо хоҳласа уйланишга, уй солишга, машина олишга пул йиғсам кетаман. Бориб энг зўр уйни қуриб, энг гўзал қизга уйланиб бола-чақа орттириш учун юрибмизда бегона юртда.. Ўзингчи, ўзингда нима режалар Омон?

– Менинг фикрим анча бошқача. Энди учинчи йил бир татар одамга шогирд тушганман. У одам цех эгаси, ўтиндан бошқага ярамайдиган чиқинди ёғочлардан элликка яқин маҳсулот ишлаб чиқаради. Олти ойча шу цехда грузчик бўлдим, кейин мени дастгоҳга ишлашга ўтказди.  Бир йилча бўлди  мен бошқарув пултидаман. Ҳамма жараёнга кўз қулоқман. Энди хўжайин мени техник назоратга қўймоқчи. Яна бир йилларда худо хоҳласа шу цехни тўлиқ ўзлаштираман. Сўнг уйга кетиб шу цехни қураман. Биласан контракт тўлай олмаганим учун институтда ўқий олмадим. Менга шу цех институт бўлди.

 – Қуришга пулинг борми ўзи?

 – Жамағараяпман. Сен тўйга, уй қуришга сарфлайдиган пулга цехни ишга туширса бўлади. Қолаверса ҳозир янги президентимиз тадбиркорларга қулайликлар яратяпти, деб эшитдим.

– Энди қайтсак Омонбой бўлар экансанда, ҳа-ҳа-ҳа..

 – Кулма, дўстим. Сендек фикрловчилар кўп бўлгани учун бутун дунё устимиздан кулаяпти. Мақсадимиз пул топиш, тўй қилиш, уй қуриш, машина олиш бўлса, бундан Ватан равнақ топмайди. Ватанимиз ривожланиши учун биз ишлаб чиқаришни ривожлантиришимиз, ишчи ўринлари яратишимиз керак. Тўйлар ҳам уйлар ҳам кейин бўлаверади. Йўқса, тўй қиласан, уйланасан, ёш хотинингни қолдириб яна шу ерга келасан.  Фарзандли бўласан унинг ҳам кўзини жавдиратиб ташлаб келасан. Биз бир умр Ватанда собит туриб ишлайдиган ишларни режалаштиришимиз керак.

–  Тўғри айтасан Омон, сен мусофирчиликда ақлан улғайибсан. Қани сендайлар кўпайса...

 

Анвар БЎРОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!