Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тунги намозлари

00:00 17.06.2018 911

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен бир кеча Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқидим. У зот Бақара сурасини бошладилар. Мен «Юз оят ўқиб, рукуъ қилсалар керак», – деб ўйлаган эдим, ундан ўтиб кетдилар. Мен «Бақаранинг ҳаммасини икки ракатга бўлиб ўқисалар керак», – деб ўйладим. У зот (ярмидан ҳам) ўтиб кетган эдилар, шунда мен Бақаранинг ҳаммасини бир ракатда ўқисалар керак», – деб ўйладим. У зот Нисони ҳам бошладилар. Уни ўқиб бўлиб, Оли Имронни ҳам бошладилар. Уни ҳам ўқидилар. Сокинлик билан ўқир эдилар. Тасбеҳ оятларига келганда, тасбеҳ айтар эдилар. Сўрайдиган оятларда сўрардилар, паноҳ тилайдиган оятларда паноҳ тилар эдилар. Сўнг рукуъ қилдилар ва: «Субҳана Роббиял ъазийм», – дедилар. Рукуълари ҳам худди қиёмлари каби узун бўлди. (Яъни қиёмлари одатдаги қиёмдан узун бўлгани каби, рукуълари ҳам одатдаги рукуъдан узун бўлди.) Сўнг: «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ, Роббанаа лакал ҳамд», – дедилар. Сўнг рукуъ(миқдори)га яқин даражада узоқ қиём қилдилар. Сўнг сажда қилдилар ва: «Субҳана Роббиял аълаа», – дедилар. Саждалари ҳам (узунликда) қиёмларига яқин бўлди». Муслим ривоят қилган.

Қудратуллоҳ Сидиқметов

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!