Туну кун Қуръон садолари ила бурканган маскан ёки Қозондаги Қул Шариф масжиди ҳақида (фото, видео)

12:21 26.10.2017 2730

Татаристоннинг Қозон шаҳрида Евроосиёдаги энг кўркам масжидлардан бири бўлган «Қул шариф» масжиди қад ростлаган.

Масжид шаҳарнинг баланд тепаликлардан бирида жойлашган «Қозон Кремли» мажмуасининг ғарбий қисмида барпо этилган. Масжиднинг илк биноси ХVI асрда масжид хизматчиси, татар миллий қаҳрамони Сайид Ёдгор Қул Ашраф номи билан ишга тушган. 1524 йилда масжид фаолияти кенгайтирилиб, илм марказига айлантирилган. У инсон 1552 йилда ўз талабалари билан Иван Грозний қўшинига қарши Қозон мудофаасида шаҳид бўлади. Масжид эса Иван Грозний томонидан вайрон қилинади.

1995 йили татар халқининг кўп асрлик орзулари рўёбга чиқди ва Қозон Кремли ҳудудида Қул Шариф масжидини қайта тиклаш бўйича Татаристон президенти қарори имзоланди. 2005 йили 24 июнь куни замонавий услубда қурилган янги Қул Шариф масжиди Қозон шаҳрининг 1000 йиллиги муносабати билан ўтказилган юбилейда ишга туширилди. Бир вақтда 1500 намозхонни масжид ичида, 10000 намозхонни ташқи майдонида сиғдира оладиган байтуллоҳнинг қурилишида Саудия Арабистони ва БАА мамлакатлари катта миқдорда молиявий ёрдам кўрсатган. Шунингдек, масжид қурилишида Татаристон халқи, турли ёшдаги ва касбдаги инсонлар ўзларининг беғараз ёрдамларини кўрсатганлари айтилади.

Масжиднинг тўрт минораси бор ва уларнинг ҳар бири 57 метр баландликка эга. Унинг гумбазлари Қозон хонлари тожи кўринишида ишланган. Ҳозирги кунга келиб Қозон шаҳрининг чин маънодаги рамзига айланган бу масжидда кутубхона, нашриёт ва музей мавжуд. Масжиднинг иккинчи қаватида асосий ҳонақоҳ бўлиб, биринчи қаватида сайёҳлар учун музей фаолият юритади. Шунингдек, биринчи қаватда алоҳида ўралган бурчакда қорилар туну кун Қуръони Каримни тиловат қиладилар ва Аллоҳнинг каломи масжидга ташриф буюрган сайёҳларда ўзига яраша қизиқиш уйғотади.

Жавоҳир ИЗЗАТУЛЛОҲ,
Татаристоннинг Қозон шаҳридан Azon.uz учун махсус

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!