Туркий давлатлар ташкилоти Қозоғистондаги вазият бўйича баёнот тарқатиб, мазкур мамлакатга ҳар қандай ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини маълум қилди.
«Биз Қозоғистондаги тинчлик ва барқарорликка катта аҳамият беришимизни таъкидлаб, (ташкилотимизга) аъзо давлат Қозоғистон билан мустаҳкам бирдамлигимизни билдирамиз.
Қардош қозоқ халқининг соғлом фикрига, нормал ҳаётга қайтиш истагига ишонамиз.
Қозоғистон расмийлари кескинликни тинч йўл билан бартараф этиш ва осойишталикни тиклаш имкониятига эга, деб ҳисоблаймиз.
Биз Қозоғистон ҳукумати ва халқига ҳар қандай ёрдамни кўрсатишга тайёрмиз.
Воқеаларда ҳаётдан кўз юмганлар учун ҳамдардлик билдирамиз ва жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз», – дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Туркий давлатлар ташкилотининг асосчиларидан ва энг фаол аъзоларидан бири ҳисобланади. Ташкилотни айни пайтда қозоғистонлик дипломат Бағдод Амреев бошқармоқда. Ташкилот таркибидаги Халқаро турк академияси Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда жойлашган.