Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Туркий давлатлар ташкилотининг шаклланиши ва ривожланиши

646

Ушбу ташкилот 2009 йил 3 октябрда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимига мувофиқ ташкил этилган.

 Туркий давлатлар ҳамкорлиги тарихига назар соладиган бўлсак, Туркий давлатлар ташкилотининг шаклланиш ва ривожланиш жараёнини, шартли равишда уч босқичга бўлиш мумкин.

 Шаклланишнинг биринчи босқичи СССР қулаши ва 1992 йилда Анқарада бўлиб ўтган туркий тилли давлатлар раҳбарларининг Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон президентлари иштирок этган саммитидан сўнг бошланди. 

 Кейинчалик президентларнинг бундай учрашувлари 1994, 2001 ва 2010 йилларда Истанбул, 1995 йилда Бишкек, 1996 йилда Тошкент, 1998 йилда Остона, 2000 йилда Боку, 2006 йилда Анталия шаҳарларида бўлиб ўтди. 

 Иккинчи босқич ҳамкорлик механизмининг ҳуқуқий асосларини расмийлаштириш жараёни билан боғлиқ бўлди. 2009 йилда Нахчивонда туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши ташкил этилди. Кейинги йилларда тармоқлараро ҳамкорликни институциявийлаштириш ва туркий Академия ва туркий Маданият ва мерос жамғармаси каби шериклик платформаларини яратиш жараёни бўлиб ўтди. Бу босқич Ўзбекистоннинг тўлақонли аъзо бўлиб кириши туфайли унинг кенгайиши билан якунланди.

 2021 йил ноябрь ойида Истанбулда тарихий саммитнинг ўтказилиши билан "туркий оила" учун учинчи босқич бошланди. Аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатлар яқин ва ҳар томонлама ҳамкорликнинг янги даврига кирди. Саммит давомида туркий давлатлар президентлари туркий Кенгаш номини туркий давлатлар ташкилоти деб ўзгартиришга қарор қилдилар, бу унинг ҳақиқий салоҳиятини рўёбга чиқаришга, аҳамиятини оширишга ва халқаро ҳамжамиятдаги ролини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ташкилотнинг раислиги Озарбайжондан Туркияга ўтди.

 Алоҳида эътироф этиш ўринлики, 2018 йил 3 сентябрда давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг Чўлпон-Ота шаҳрида ўтказилган саммитда фахрий меҳмон сифатида иштироки бу борадаги тарихий қадам бўлди.

 Ўзбекистон ушбу ташкилотга 2019 йилнинг октябрь ойида аъзо бўлди. 

 Президент Шавкат Мирзиёев ушбу саммитдаги нутқида “Мамлакатларимиз долзарб халқаро ва минтақавий масалаларда ўзаро мос ёки яқин қараш ва ёндашувларга амал қилиб келмоқда. Айни вақтда халқларимизнинг ҳаётий манфаатларига тўла жавоб берадиган иқтисодиёт, инвестиция, инновация, транспорт ва коммуникация, туризм, илм-фан ва таълим каби соҳаларда ўзаро ҳамкорлик фаол ривожланмоқда” деб алоҳида таъкидлади.

 Ҳозирда ушбу тузилмага Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Ўзбекистон аъзодир. Венгрия кузатувчи мақомида иштирок этса, Туркманистон бетараф давлат сифатида доимий меҳмон сифатида таклиф этилган.

 Таъкидлаш жоизки, бошқа минтақавий ташкилотлардан фарқли ўлароқ, кузатувчилар ТДТ фаолиятида иштирок этиш учун кенгроқ ваколатларга эга. Улар эксперт йиғилишларидан тортиб, давлат раҳбарларининг саммитларига қадар ўзаро ҳамкорликнинг деярли барча форматларида иштирок этадилар. Фақатгина муҳим фарқ шундаки, кузатувчи ташкилотнинг қарор қабул қилишда, яъни овоз беришда қатнашмайди. 

 Ривожланиш жараёни. Ташкилотнинг сўнгги саммити 2021 йилнинг 13 ноябрь куни Туркиянинг Истанбул саммитда ташкилот номи Туркий давлатлар ташкилоти дея қайта номланди. 2021 йилда ўтган саммитда давлат раҳбарлари 10 дан ортиқ ҳужжат – саммитнинг якуний декларацияси, “Туркий дунё нигоҳи – 2040” дастурий ҳужжати ва кун тартибига киритилган бошқа қарорларни имзолаганлар. 

 Ташкилот транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга устувор аҳамият беради. Мамлакатларнинг транспорт ўзаро боғлиқлигини таъминлаш барча саъй-ҳаракатларнинг марказида туради. Шу нуқтаи назардан, Транс-Каспий халқаро йўлагини Шарқ ва Ғарб ўртасидаги энг қисқа, хавфсиз ва рақобатбардош транспорт алоқасига айлантириш масаласи алоҳида аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан туркий давлатлар Ташкилотининг "Туркий дунё бирлигига қўшган ҳиссаси учун" Алишер Навоий номидаги халқаро мукофоти унинг туркий халқларни бирлаштиришдаги алоҳида ўрни ва ҳиссаси эътироф этилганини яна бир бор тасдиқлайди.

 Истанбул саммитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди.

 Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши товарлар, капиталлар, хизматлар ва технологияларнинг эркин ҳаракатланишини изчил рўёбга чиқариш, молия ва банк операцияларини соддалаштириш мақсадида савдо-сотиқ ва инвестициялар учун қулай шарт-шароит яратишга, божхона ва транзит тартиб-таомилларини янада соддалаштиришга хизмат қилади.

 2022 йил 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти саммити Туркий давлатлар ташкилотининг илк йиғилиши сифатида тарихда қолади. Бунгача ташкилот Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши номи билан фаолият юритган. 

 Хулоса. ТДТ аъзо мамлакатлари муҳим инсон капиталига эга. Уларнинг аҳолиси тахминан 150 млн кишини ташкил қилади. Аҳолисининг ўсиши ўртача 2.1-2.4 фоизни ташкил этгани ҳисобидан, 2030 йилга бориб, ТДТ аъзо мамлакатлари аҳолиси 180 млн кишига етиши башорат қилинмоқда. 

 Шу билан бирга, туркий давлатлар ташкилоти иқтисодиётлари жадал суръатларда ривожланмоқда. ТДТ аъзо мамлакатлар йиллик ўсиш суръати ўртача 6-9 фоизни ташкил этмоқда ва Осиё ялпи ички маҳсулотининг 5,5 фоизига тенг.

 Умуман олганда, 2022 йил 10-11 ноябр ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти саммитининг асосий мавзуси ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан савдо, инвестиция, яшил иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва коммуникация, таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини қамраб олади.

 Бугунги кунга қадар 15 га яқин мамлакат ТДТ билан ҳамкорликнинг турли форматларини ўрнатиш истагини билдирган. Бу ташкилотнинг яхши обрўсини ва унинг халқаро нуфузини тобора ўсиб бораётганини кўрсатади.

Рустам Ҳасанов, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Канада 10 000 мусулмон уйғурни кўчиришни таклиф қилмоқда

659 22:10 02.02.2023

Самарканд Эрон ва Мовароуннаҳрнинг форс тилли шоирлари шеърларида

293 21:35 02.02.2023

Масхаралашми ёки сўз эркинлиги?

475 21:07 02.02.2023

Юрагини бўйсундиролмаётган аёл

893 20:05 02.02.2023

Тазйиқ ва қўрқув: Моди даврида ҳиндистонлик мусулмонлар ҳаёти

664 18:45 02.02.2023

Қуръон сура ва оятларини кириллчада ёзиб ёдласа бўладими?

1452 17:20 02.02.2023
« Орқага