Туркия суди қарийб беш йил аввал рўй берган давлат тўнтаришига уринишда айбдор деб топилган 32 нафар собиқ ҳарбийни бир умирга озодликдан маҳрум этиш ҳақида қарор қабул қилди. Ушбу қарор 497 нафар гумондорга қарши очилган катта жиноят ишининг бир қисмидир.
“Анадолу” агентлиги хабарида айтилишича, айбланувчилар Қуролли кучлар Бош штаби ва TRT телекомпанияси биносини эгаллаб олишга бошчилик қилган. Исёнчиларнинг баёноти TRT канали орқали ўқиб эшиттирилган. Суд 106 нафар ҳарбий хизматчини террор ташкилотига аъзоликда айбдор деб топиб, 6 йилдан 16 йилгача озодликдан маҳрум этди. 231 кишига ҳеч қандай жазо тайинланмади, 121 судланувчи эса оқланди.
Туркияда 2016 йилнинг 15 июлида рўй берган давлат тўнтаришига уринишда 250 дан зиёд киши ҳалок бўлган. Ҳукумат тўнтаришни ташкиллаштирганлик учун 1999 йилдан бери АҚШда яшаб келаётган Фетҳуллаҳ Гуленни айблаган, унинг ўзи эса айбловни рад этган.