Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Туркия ҳарбий саноатининг ривожланиши: Bayraktar’дан Kızılelma’гача

7996

Туркияда президент сайловларига оз вақт қолмоқда. Шу муносабат билан маҳаллий аҳолининг кайфияти, сайловга муносабати ва табиийки охирги йигирма йилда иқтидорда қолаётган Ражаб Тоййиб Эрдоған партиясининг ютуқ ва камчиликлари ҳақидаги фикрлари ўқувчиларимизга қизиқ бўлса керак.

Нега Эрдоғаннинг ўзига эмас, партиясининг бошқарувига урғу беряпмиз. Гарчи амалда мамлакатга президент раҳбарлик қилса-да, давлат бошқарувида парламентнинг алоҳида ўрни бор. Президент парламентга бевосита ҳукмини ўтказа олмайди. Шунинг учун парламентда ўз партиясидан бўлган депутатларнинг сони нисбатан кўп бўлиши керак. Ана шунда амалдаги раҳбар ўз сиёсатига уйғун қонунларни қабул қилинишига эришиши мумкин. 

Бундан ташқари, президент Конституцион судга ҳам таъсир қилиш ваколатига эга эмас. Мухолифатнинг иқтидордаги ҳукуматга қарши кураши айни шу йўсинда, яъни ўз партиясидан депутатлар сонини кўпайтириш орқали амалга ошади.

Истанбулда маҳаллий аҳолининг сайловлар ва Эрдоған жамоаси ҳақидаги фикрларини ўрганиб, бир қатор хулосалар ясаш мумкин. Энг аввало қардошларимиз сўнгги йигирма йил ичида Туркиянинг дунёдаги кучли давлатлар қаторига кирганидан хурсанд эканлиги. Бунга асосан турк мудофаа саноатининг кутилган-кутилмаган ютуқлари омил бўлгани ҳам барчага аён. 

Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Bayraktar учувчисиз ҳаво қурилмаси (дрони) Иккинчи жаҳон уруши давридан бери ҳарбий соҳада туб бурилиш ясай олди. Ливияда, Сурияда ва Қорабоғда совет давридан қолган қуролларнинг “чириган”ини исботлаб берган бўлса, деярли бир йилдан бери Украинада Россия қуролларининг замондан орқада қолганини кўрсатиб қўймоқда. 

"Илгари дронлар ҳал қилувчи омил бўлади, деган фикр бор эди. Бу янги нарсага бўлган табиий иштиёқ эди. Улар энг кўзга кўринарли қуроллар эди ва бу уруш йўналишини ўзгартириши мумкин деб ишониларди. "Уруш йўналишини ўзгартирувчи" сўзи биринчи марта Bayraktar TB2 дронига нисбатан ишлатилган ", дейди Корнел университети профессори, дронлар бўйича эксперт Сара Крепс BBCга берган интервьюсида.   

Туркия ҳарбий саноати жуда ривожланиб кетди ва у фақатгина Bayraktar’дангина иборат эмас. Турклар тўппончадан тортиб снайпер милтиқларигача, ҳаводан мудофаа тизимидан тортиб ҳарбий кемаларгача, масофадан бошқариладиган пулемётдан тортиб ўзиюрар танккача ишлаб чиқармоқда.

Бу борада ҳар йили ўтказилаётган TEKNOFESТ – Авиация, космик ва технология фестивалининг аҳамияти катта бўлмоқда. TEKNOFESТ миллий технологияларини ривожлантиришни мақсад қилган Туркия Технология жамоаси фонди ва Саноат ва технология вазирлиги томонидан уюштирилган ягона фестивалдир.

Умуман олганда, мазкур фестивал миллий технологияларни тарғиб қилиш ва ривожлантириш ҳамда одамларнинг ушбу соҳадаги хабардорлигини оширишга қаратилган. Шу сабабли, у ҳамма учун очиқ ва бепул. Фестивал бир йил Истанбулда бўлиб ўтса, кейинги йил Онадўли (Туркиянинг шарқий ҳудуди) вилоятларидан бирида ўтказилади.   

Туркия мудофаа саноати кейинги бир неча йил ичида Қуролли Кучларни модернизация қилиш ва қурол экспорти ҳажмини ошириш учун яхши база яратиб, сезиларли ютуқларга эришди. Ҳар йили мудофаа саноатида ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиб бораётгани Туркия қурол экспорти динамикасидаги ўсиш фонида ҳам яққол кўриниб турибди. 

Агар бундан 20 йил аввал Туркия мудофаа маҳсулотлари экспорти ҳажми 248 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2022 йил охирига келиб бу кўрсаткич 4,4 миллиард долларга етди. Шу билан бирга, мудофаа саноати импорти ҳажми 2 миллиард доллардан пастга тушди. Охирги 20 йил давомида мамлакатдаги мудофаа корхоналари сони 56 тадан 2 мингтага кўпайди. 

Туркия ҳарбий-саноат мажмуаси муваффақиятининг бир қисми учувчисиз ҳаво қурилмаларининг ривожланиши билан боғлиқ. 2022 йилда экспорт ҳажми 1 миллиард долларни ташкил этди, бу умумий савдо маҳсулотининг 24,5 фоизини ташкил этади.

Маълумки, Bayraktar дронини Baykar Technology ширкати ишлаб чиқаради. Мазкур ширкат президентнинг куёви Селжук Байрактар оиласига тегишли. Ўздемир Байрактар 1980 йилларда автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи фирмага асос солган муҳандис эди. У ўз вақтида Истанбулнинг бўлажак мэри Ражаб Тоййиб Эрдоған билан бирга сиёсат билан ҳам шуғулланган. Иккаласи ҳам диндор бўлгани учун ҳамфикр ва миллатни юксалтириш йўлида ҳаракат қиладиган инсонлар эди. 2016 йилда ўртанча ўғил Селжук президент Эрдоғаннинг қизи Сумайяга уйланганида, бу икки одам янада яқинлашди. Бироқ бу пайтга келиб Baykar Technology ширкати аллақачон ривожланиб бўлганди. 

Baykar биринчи дронларни экспорт қилишни 2012 йилда бошлаган бўлса, бугунги кунда Bayraktar TB2 дрони дунёнинг 21 мамлакатига сотиляпти. Bayraktar TB2 дунёдаги энг кўп талаб қилинадиган учувчисиз қурилма ҳисобланади. Шу билан бирга, яқинда Bayraktar AKINCI учувчисиз учоқларини сотиш бўйича уч давлат билан шартномалар имзоланди. Bayraktar AKINCIнинг экспорти жорий йилда бошланади. 

Эътиборлиси, Bayraktar дронлари учун зарур жиҳозларнинг 93 фоизи Туркиянинг ўзида ишлаб чиқарилади. 

Туркия ҳарбий-саноат мажмуасига киритилган сармоялар ҳарбий маҳсулотларни экспортини мунтазам равишда ошириш имконини берди. Туркия Мудофаа саноати бошқармаси бошлиғи Исмоил Демирнинг сўзларига кўра, қурол экспорти 6 миллиард доллар ва ундан кўп бўлиши кутилмоқда.   

Анқара мудофаа саноати ҳажмининг ортишини Марказий Осиё мамлакатлари ҳарбий-саноат базасига етказиб бераётган қурол ва техникалар мисолида ҳам яққал кўриш мумкин. Тожикистондан ташқари минтақанинг барча давлатлари турк қуролларини харид қилиб келади. 

Турклар Қирғизистонга Bayraktar TB2 дрони, Қозоғистонга TUSAŞ Anka дрони, NEFER жанговар модулли БКМ (зирҳли ғилдиракли автомобил) АРМА-8×8, Ўзбекистонга Ejder Yalchin (Аждар Ялчин) БКМ (зирҳли ғилдиракли автомобил) сотяпти.

Туркманистон сўнгги беш йил ичида турк қуролларининг энг йирик харидорларидан бири бўлиб қолмоқда. Турли ҳисоб-китобларга кўра, Туркия экспортининг 16 фоизи Ашхобод ҳиссасига тўғри келади. Дронлар ва транспорт воситаларидан (масалан, Cobra ва Ural каби) ташқари Туркия Туркманистонга Deniz Han C-92 каби ҳарбий кемаларни етказиб бермоқда. 

Албатта, юқорида санаб ўтилган қуроллар ва транспорт воситалари Туркиянинг яқинда минтақага етказиб берган барча қуролларнинг тўлиқ рўйхати эмас. Бироқ, шунинг ўзи ҳам Анқара Маказий Осиё давлатлари мудофаа салоҳиятига катта ҳисса қўшаётганидан далолат беради. 

Туркиялик муҳандислар олдида бошланган янги йил учун ҳам бир қатор марралар турибди. 2023 йилга мўлжалланган ҳарбий тадбирлар қуйидагилардан иборат:

1.  Миллий жанговар самолёт яратиш;

2.  Hürjet енгил ҳужумчи самолётининг парвоз синовлари;

3.  Туркиянинг биринчи учувчисиз қирувчиси – Bayraktar Kızılelmaнинг парвоз синовлари;

4.  Жандармерия учун мўлжалланган Gökbey вертолётларининг биринчи партиясини ишлаб чиқариш;

5.  Вертикал учиш ва қўниш функциясига эга Bayraktar TB3 дронининг парвоз синовлари;

6.  Онадўли кўп мақсадли амфибия ҳужум кемаси ишга тушириш;

7.  Туркия Ҳарбий-денгиз кучларининг “‎Derya” денгиз жанговор қўллаб-қувватлаш кемасини ўтказиш;

8.  «Istanbul» фрегатининг ишга туширилиши – MİLGEM‎ ("Миллий кема") лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган 1-класс фрегатларининг биринчиси;

9.  Янги турдаги биринчи турк сув ости кемаси – «Piri Reis»;

10.   «‎ZAHA» зирҳли ҳаво-десант-ҳужум машинасининг биринчи партиясини етказиб бериш;

11.  «Siper» узоқ масофали зенит-ракета тизимини қабул қилиш ва Bozdoğan ва Gökdoğan ракеталарининг биринчи етказиб беришини амалга ошириш ва бошқалар...

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, замонавий дунёда бошқа соҳаларда бўлгани каби уруш жабҳасида ҳам инсон омилини камайтиришга катта аҳамият берилмоқда. Bayraktar дронининг қиймати ҳам ана шунда: учувчисиз парвоз қилади ва айнан кўзланган нуқтага бомбани ташлайди. Яъни бошқа турдош қуролларга ўхшаб аҳоли яшаш пунктларини, ижтимоий соҳа объектларини вайрон қилмайди. Душман ҳарбий нуқталарига ва техникаларга аниқ зарба беради.

Абдулазиз Муборак,

Azon.uz’нинг Туркияда махсус мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Намозда икки ёки учта зам сура ўқиса бўладими?

228 10:21 07.02.2023

«Зилзила Эрдоған маъмурияти учун жиддий имтиҳон» – Камолиддин Раббимов

250 10:05 07.02.2023

Туркияда зилзила сабабли 7 кунлик миллий мотам эълон қилинди!

471 07:30 07.02.2023

Алижон Аксой: «Инша Аллоҳ, биргаликда бу фалокатни енгиб ўтамиз!»

1096 22:25 06.02.2023

Иккинчи хотин бўлиш айбми? 

1712 20:05 06.02.2023

Ўзбекистон жойлашган минтақада кучли зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли мавжудми? — ФВВ хабари

1341 19:36 06.02.2023
« Орқага