Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Иймон

Туркия хавфсизлик хизматининг разведка дипломатияси

944

Владимир Путиннинг ўтган ой "Украинада ядро қуролидан фойдаланиши мумкин”лиги ҳақидаги гапидан кейин АҚШ президенти Жо Байден 1962 йилги “Куба инқирози”даги ядро урушига ишора қилиб, дунё охирзамонга яқинлашиб қолганини билдирганди.

 XXI асрнинг биринчи чорагида “совуқ уруш” давридан кейин деярли унутилган ядро уруши эҳтимоли ўтмиш шарпасидан бугунги кун саҳнасига чиқиб келгандай таассурот қолдирмоқда. Кимдир ётган илоннинг бошини қўзғади. Дунёнинг энг катта ядро қуроли захирасига эга Россия ва тарихда биринчи марта ядро қуролини ишлатган АҚШнинг ядро қуролини қўллаш эҳтимоли ҳақидаги ишорат ва башоратлари яна бир бор юракларга қўрқув уйғотди. Гўё мисли кўрилмаган хавфга дуч келяпмиз, деган тасаввур туғилмоқда. Бундай эҳтимолни бир қатор давлат раҳбарлари ҳам хавотир билан тилга олгани эътиборга молик. Бу қўрқув Россия Украинага уруш бошлагач, икки давлат раҳбарлари ўртасида юзма-юз мулоқот амалга ошмаётгани учун ҳам баттар кучайиб боряпти. Мазкур вазият халқаро инқирозларда юзма-юз мулоқотнинг аҳамиятини, зиддият юзага келганда алоқаларни бутунлай узмай, тушунмовчиликларни бартараф этадиган соғлом механизмлар зарурлигини яна бир карра эслатиб қўйди. 

Уруш бошлангандан бери Туркия ҳукумати ва шахсан президент Ражаб Тоййиб Эрдоған томонларни учраштириш ва келиштириш учун бир қатор амалий ҳаракатлар қилгани кўпчиликка маълум. Ҳатто турклар март ойи охирларида Украина ва Россия расмийларини Истанбулнинг Дўлмабоғча саройида жамлашга муваффақ бўлди. Гарчи бирор бир ижобий натижа чиқмаган бўлса ҳам, бу ҳаракат расмий Анқаранинг дипломатик ютуғи сифатида тарихга кирди, десак, янглишмаган бўламиз. Яқиндагина яна тўрт ойга узайтирилган “дон йўлаги” келишуви ҳам жаҳон озиқ-овқат инқирозининг олдини олиш борасида турк қардошларимиз қўшган катта ижобий ҳаракат бўлди. Буни дунёдаги кўплаб таниқли сиёсатчилар, жумладан, БМТ бош котиби ҳам шахсан эътироф этди. Россия бошлаган уруш аллақачон Украина чегараларидан ташқарига чиқиб, бутун дунёга ўз таъсирини ўтказмоқда, десак адашмаймиз. Гарчи уруш Украина шарқида давом этаётган бўлса-да, унга бутун Ғарб давлатлари билвосита аралашиб бўлди. Бу рўйхатнинг бошида шубҳасиз русларнинг азалий душмани Америка Қўшма Штатлари турибди. Буни яхши тушунган Анқара сиёсатчилари америка ва рус махсус хизматлари раҳбарларини музокара столига олиб келишга муваффақ бўлди. Аввал бу учрашув оммага ошкор қилинмаганди. Аммо тиниб тинчимаган журналистлар унинг “ҳидини олишди”. Сўнгра Туркия Алоқа ва оммавий комуникациялар агентлиги директори Фахриддин Алтун ҳам Марказий разведка бошқармаси директори Билл Бурнс ва Россия Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкиннинг 14 ноябр куни МРТ мезбонлигида Анқарада учрашганини тасдиқлади.

Уруш бошлангандан Туркия буён урушаётган томонлар (Украина ва Россия) билан ҳам, урушнинг билвосита иштирокчилари (Ғарб давлатлари) билан ҳам мувозанатли дипломатия олиб бораётгани маълум. Маълумки, урушда украинларнинг муваффақиятига ҳисса қўшаётган Bayraktar дронларини турклар етказиб беряпти. Шунга қарамай қардошларимиз руслар билан ҳам алоқани совуқлаштирмай, бир маромда ушлаб турганига қойил қолмай иложи йўқ. Дунёнинг глобал кучлари қаршисида деярли яккаланиб қолган руслар НАТОнинг энг кучли аъзоларидан бири – Туркия билан тескари бўлиш қандай оқибатларга олиб келишини англаб етади, албатта. Бундан ташқари Туркия билан савдо-сотиқ алоқалари ҳам яхши йўлга қўйилган. Қолаверса, турклар русларнинг газини сотиш борасида катта ёрдам қўлини чўзди. “лўлининг эшагини суғориб, пулини ол”, деган мақол туркларда ҳам бор шекилли.

Аслида бу ҳолатнинг ўзига яраша изоҳи бор. Разведка идоралари ўз вазифаларига кўра, миллий хавфсизлик билан боғлиқ масалаларда таҳдидларни доимий мониторинг қилиш, маълумот йиғиш ва таҳлил қилиш жараёнлари бўйича бошқа муассасаларга қараганда кўпроқ маълумотга эга. Ташқи сиёсатдаги рақибларининг ниятлари ва ҳозирги сиёсий қарор қабул қилувчилар ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатда сезгирлик кўрсатаётган масалалар бевосита разветка ташкилотлари қизиқиши доирага кириши маълум. Шу нуқтаи назардан, рақибларга қарашли сиёсий етакчилик тузилмаларининг қарор қабул қилиш услубларини ва раҳбариятнинг психологик тузилмаларини ҳар доим кузатиб бориш разведканинг одатий вазифаларидан биридир. Аслини олганда, Эрдоғаннинг “разведка дипломатиясидаги ютуқларимиз шарофати билан бошқа ишларимизни янада кучли ва қатъий амалга ошира олдик” деган баёноти сиёсий қарор қабул қилувчи ва МРТ ўртасидаги ҳамкорлик намунасидир. 

Геосиёсий синовлар шиддати ҳаддан ошиб бораётган XXI асрда турк разведка дипломатиясининг эришаётган ютуқлари эътибор ва эътирофга муносиб, албатта. Бу борада ҳам қардошларимизга ҳавасдамиз...

Абдулазиз Муборак,

Azon.uzнинг Туркиядаги махсус мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Тепағон оқсоқол»га чора кўрилди

427 21:09 28.11.2022

Пермь университетида отишма уюштирган шахс бир умрга қамалиши мумкин

193 20:12 28.11.2022

Шаҳбоз Шариф: «Покистон ва Туркия ресурсларни бирлаштириши керак»

289 19:40 28.11.2022

Исроил журналисти: Қатарнинг қатъияти барчани ҳайратга солди

1247 18:35 28.11.2022

Boeing Пентагонга Украина учун арзон кичик ўлчамли бомбалар ишлаб чиқаришни таклиф қилди

247 18:05 28.11.2022

Эрон АҚШ устидан ФИФАга шикоят қилди

789 17:35 28.11.2022
« Орқага