Туркия Хитойдан мусулмонлар сақланаётган “концлагерлар”ни ёпишни сўради

14:30 11.02.2019 3472

Шинжонлик бахши Абдураҳим Ҳайитнинг вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалиши ортидан Туркия ташқи ишлар вазирлиги Хитойнинг мусулмон халқларга нисбатан сиёсати танқид қилинган баёнот билан чиқди.

Баёнотда Шинжонда уйғурлар ва бошқа мусулмон халқларнинг ҳуқуқлари топталаётгани, бир миллиондан ортиқ уйғур лагерлар ва қамоқхоналарда қийноққа тутилаётгани,  сиёсий ишловдан ўтказилаётгани айтилган.

“Айниқса 2017 йилнинг октябрида “барча динлар ва эътиқодларни хитойлаштириш” сиёсатининг расман эълон қилиниши уйғурлар ва минтақадаги бошқа мусулмон халқларнинг этник, диний ва маданий идентификацияларини йўқ қилиш сари отилган янги одим бўлди”, – дейилади баёнотда.

Туркия ташқи ишлар вазирлиги Хитойни мусулмон халқларнинг ҳуқуқларига ҳурмат кўрсатиш ва улар сақланаётган лагерларни ёпишни сўради. Шунингдек, Анқара халқаро ҳамжамият ва БМТ Бош котибини Шинжондаги фожиаларни тўхтатиш учун таъсирли ҳаракат қилишга ундади.

Мазкур баёнотдан кейин Хитой давлат радиоси интернет орқали “Туркиянинг Шинжон ҳақидаги иддаолари ҳақиқатга тўғри келмайди” деган хабар тарқатди. Хабарда Абдураҳим Ҳайитга ўхшаш бир кишининг видеотасвири мавжуд. У киши ўзининг Абдураҳим Ҳайит эканини айтиб, ўлмаганини, саломатлиги яхши эканини ва қонунга хилоф иш қилгани учун текширилаётганини айтган.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!