Туркияда тўрт россиялик, бир ўзбекистонлик ҳамда бир украиналик шахс ҳарбий ва сиёсий жосусликда гумонланиб қамоққа олинди.
Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, айни пайтда улар чечен мухолифатчиларига ҳужум уюштирмоқчи бўлган. Хабарларда қамоққа олинган шахсларнинг исм-фамилиялари ҳам келтирилган: Россия фуқаролари Абдулла Абдуллаев, Равшан Аҳмедов, Беслан Расаев ва Асланбек Абдулмуслимов, Украина фуқароси Игорь Ефрим ва Ўзбекистон фуқароси Амир Юсупов.
Маълум бўлишича, улар Истанбул прокуратурасининг ҳарбий ва сиёсий жосуслик бўйича олиб бораётган суриштируви доирасида 8 октябрь куни ушланган. Суд уларни қамоққа олишга қарор қилган ва жосусликда айбланаётганлар Истанбулнинг Малтепе туманидаги жазони ижро этиш муассасасига олиб борилган.
Туркия жиноят кодексида ҳарбий ва сиёсий жосуслик учун 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаш кўзда тутилган.