Курд жангарилари Туркия ҳарбий-ҳаво кучларининг Кобанига ва Суриядаги уруш туфайли кўчирилган одамлар яшайдиган икки қишлоққа уюштирган рейдларидан сўнг ҳалок бўлган ва яраланганлар ҳақида хабар бермоқда.
Туркия ҳарбий самолётлари Сурия шимоли ва Ироқдаги нишонларга зарба берди. Туркия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, бомбардимон қилинган базалар ўтган ҳафта охирида Истанбул марказида олти кишининг ўлимига сабаб бўлган ва 80 дан ортиқ киши жароҳатланган портлаш ортида турганлар томонидан қўлланилган.
Якшанба куни эрталаб Туркия Мудофаа вазирлиги твиттердаги саҳифасида тунги операция учун ҳавога кўтарилган ҳарбий самолёт сурати билан бирга «ҳисоб-китоб соати келди», деб ёзган ва «хоинона ҳужумлар» учун жавобгарлар жазога тортилишини қўшимча қилган.
Анқара 13 ноябрь куни Истанбулдаги портлашда ноқонуний Курдистон Ишчилар партияси (РКК) ва унга алоқадор суриялик курд гуруҳларини айблади. Курд жангарилари бунга алоқадорлигини рад этишди.
Мудофаа вазирлиги бошқа хабарда «терроризм ўчоқларини» йўқ қилиш учун «аниқ зарбалар» бераётганини айтган.
Туркия ва Қўшма Штатлар РККни «террорчи» гуруҳ деб билади, аммо Суриядаги ИШИД гуруҳига қарши курашда Вашингтоннинг иттифоқчиси бўлган суриялик курд гуруҳлари мақоми борасида келиша олмайди.
Анқара тунги операция ҳақида аниқ маълумот бермаган бўлсада, курдлар бошчилигидаги Сурия демократик кучлари (SDF) Туркия ҳаво ҳужумлари Сурия шимоли-шарқидаги Кобанига (Айн ал-Араб) амалга оширилганини айтди.
«ИШИД устидан ғалаба қозонган Кобани шаҳри турк ишғол самолётлари томонидан бомбаланмоқда», деб ёзди СДФ медиа маркази раҳбари Фарҳод Шами.
Кейинроқ SDF вакилининг айтишича, Сурия шимолидаги ички қочқинлар истиқомат қилган иккита қишлоққа зарба берилган.
SDF раҳбари Мазлум Абди твиттердаги саҳифасида ҳужумлар бутун минтақага таҳдид солганини ва зарар кўрган ҳудудлардаги одамларни уйларида қолиб, хавфсизлик кучларининг кўрсатмаларини кутишга чақирган.
Сурия ёки Ироқ ҳукуматларидан ҳозирча изоҳ берилмаган.
Туркия 2016 йилдан бери Сурияда учта йирик трансчегаравий операция ўтказди ва шимолдаги айрим ҳудудларни назорат қилмоқда.