Дунё сиёсатшунослари орасида бир гап юради: Ражаб Тоййиб Эрдоған ҳар қандай қийин ҳолатдан ҳам ўзи учун фойда билан чиқа олади, деган. Бу баҳо ижобийми ёки салбий – бошқа масала, лекин бу гапда жон борлигини унинг рақиблари ҳам тан олади. “Сиёсатда аразга ўрин йўқ!” дейди Туркия раҳбари ва вазият талаб этса, кеча душман кайфиятида турган давлат билан бугун тил топишиб кетаверади. Лекин шу араз орасида ўзининг бир қанча талабларини илгари суриб олади. Бунга Исроил, БАА, Россия, Саудия Арабистони каби давлатлар билан бўлган муносабатларни мисол келтириш мумкин. Охиргиси – Башар Асад режими билан илиқлашган алоқаларни ҳам кўздан қочириб бўлмайди, албатта.
Яқинда хориж оммавий ахборот воситалари Туркия раҳбарияти Башар Асадни Сурия давлатининг президенти сифатида тан олишга ва мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатларни тиклаш жараёнини бошлашга тайёрлиги ҳақида хабар тарқатди. Расмий Анқара бу борада “эски ва янги” рақиблари Россия ва БАА билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Мақсад, тахмин қилинишича, Суриянинг шимолида курдларга автономия мақомида давлат қуриб бериш ҳаракатидаги АҚШни минтақадан чиқариб юбориш. Курдлар масаласи Туркиянинг энг катта ички муаммоси саналади. PKK террор гуруҳи турли пайтларда мамлакатнинг турли жойларида қўпорувчилик ишларини амалга ошириб келади. Уларнинг мақсади ўзларига Туркиянинг жануби-шарқий ҳудуди ва Сурия ҳамда Ироқнинг шимолида ўзларининг “тарихий давлат”ларини қайта тиклашдан иборат. Уларнинг бу иддаолари минтақадаги нотинчликдан манфаатдор “катта оға”лар томонидан ошкора ва яширинча қўллаб-қувватланиши, ҳаммага ҳам маълум.
Сурияда охирги йилларда юз бераётган ички низолар Туркия учун жуда қимматга тушяпти. Чунки шундоққина “биқини”да Исроил, АҚШ, Эрон, Россия каби “дўст”лари ростмана уруш олиб боряпти. АҚШ ҳар доимгидек “демократик режимни ҳимояловчи тинчликпарвар ролида бўлса, Эрон “шиа биродарлар”ини қўллаш миссияси баҳонасида жавлон уряпти. Россиянинг мақсади ҳам “серқирра”, шулардан энг асосийси эса минтақадаги қора олтин сув текин жаҳон бозорига чиқиб кетиб, ўзининг асосий тирикчилиги – энергия ресурлари бозорини касод қилмаслик. Исроил эса атрофидаги мусулмон давлатларининг ҳар тарафлама инқирозидан умидвор, сабаби Эрон ва Туркия каби ўзига ишонган давлатлар сионистик режимга реал таҳдид барибир.
Анқаранинг расмий Вашингтон билан муносабатлари ҳам ўта мураккаб. АҚШ ҳар қанча ёмон кўрмасин, НАТО ташкилоти орқали ҳамкори бўлган Туркиядай давлат билан алоқани ёмонлаштиришни истамайди. Бошқа томондан охирги йилларда мудофаа саноати кескин кучайиб кетган туркларнинг попугини пасайтиришга интилади. Сабаби аён – минтақадаги “ука”сига (Исроил) потенциал хавф кучайиб кетишини истамайди. Шу сабабли Анқара билан аввалдан келишилган F-16 қирувчи учоқларини беришни арзимаган баҳоналар билан ортга суриб келяпти.
Сўнгги йилларда мухожирларнинг оқими Туркияни иқтисодий ва ижтимоий томондан чарчатди. Маҳаллий аҳоли – ҳар қанча бағрикенг бўлмасин – мамлакатга келиб қолган араблардан норози. Биринчидан, азалдан ватансеварлиги билан танилган турклар арабларни ўз юртидаги урушни ташлаб қочган деб айблашади (“Сенлар бу ерда маза қилиб яшаяпсанлар, бизнинг қоракўзлар эса сенинг юртингда тинчлик сақлаш учун қон ютяпти”, дейди). Иккинчидан, охирги пайтда мамлакатда пайдо бўлган иқтисодий қийинчиликларга уларни сабабчи сифатида кўряпти (“Шулар келиб иш ўринлари камайиб кетди, маошлар ҳам тушди”, дейишади). Бошқа гаплар ҳам бор, лекин мана шу икки жиҳатнинг ўзи ҳам сайловлар арафасида Эрдоған ва унинг жамоаси учун жиддий бош оғриғи туғдирмоқда.
Шунинг учун ҳам Туркия жамоатчилик ташкилотлари, исломий вақфлари Сурия шимолида катта бунёдкорлик ишларини амалга оширмоқда. Арабларни ўз юртига қайтариш учун минглаб турар жойлар ва ижтимоий соҳа объектларини қуриб беряпти. Бундан ташқари мағрур сиёсатчи Эрдоған қанчалик ёмон кўрмасин, Башар Асад билан бир столга ўтиришга ва у билан қўл сиқишга мажбур бўлмоқда. Мақсад – тезроқ минтақада тинчликни ўрнатиш ва Туркиядаги араб мухожирларини ортга қайтариш. Шунинг учун ҳам бир ойча аввал Туркия Мудофаа вазири ва Миллий разведкаси раҳбари Москвада россиялик ҳамда суриялик ҳамкасблари билан бир орага келди. Бу анқараликларнинг Башар Асад режими билан охирги ўн йилликдаги илк учрашуви эди.
«Сурия можаросининг нисбий ечими суриялик қочқинларнинг мамлакатга қайтишига ҳам олиб келиши мумкин, бу эса Туркияда май ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайлови олдидан Эрдоғаннинг рейтингига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Анқаранинг Дамашқ билан янги ҳамкорлиги Кремлнинг Яқин Шарқдаги ролини кучайтиради ва Вашингтонга босим ўтказади», дейди россиялик шарқшунос Елена Супонина.
БМТ маълумотларига кўра, ҳозир Туркияда 3,6 миллионга яқин суриялик қочқин яшамоқда.
Минтақадаги тинчлик жараёнидан БААнинг асосий манфаати – азалий рақиби Эроннинг Суриядаги таъсирини чеклаш саналади.
Руслар билан “дўстим – душманим” муносабати
Туркларнинг руслар билан муносабатларини 2015 йилгача дўстона деб аташ мумкин эди. Бироқ Суриядаги урушда Россия армияси Башар Асад режимини, Туркия эса мухолифатни қўллай бошлагач, икки давлатнинг ораси бузилди.
Айниқса, ўша йилнинг ноябрь ойида икки Сурия-Туркия чегараси яқинида Россиянинг бомбардимончи самолёти уриб туширилгач, вазият баттар таранглашди, Москва расман узр сўрашни талаб қилди, Анқара эса ўт очишга ҳақли бўлганини айтди. Омма олдида узрга етиша олмагач, Владимир Путин маҳсулот эмбаргосини жорий этиб, иқтисодиёти туризмга қаттиқ боғланган мамлакатга россияликларнинг боришини тақиқлаб қўйди. Ўшанда Туркия билан муносабатлар амалда узилган эди.
Руслар ҳатто Туркия раҳбирини экстремистик гуруҳлардан яширинча нефт сотиб олишда ҳам айблаб чиқди. Эрдоған агар кимдир бунинг исботини келтира олса, истеъфога чиқишини ваъда берди. Аммо Москва иддаоларини тасдиқлайдиган ҳужжат тақдим эта олмади.
Орадан етти ой ўтгач, Эрдоған Путинга мактуб жўнатиб, ҳалок бўлган учувчининг оиласига таъзия билдириб, унинг ўлими учун узр сўради. Лекин ўзига хос тарзда, бомбардимончи самолёт йўқ қилингани учун узр сўрамади. Шунга қарамасдан, унинг режаси иш берди ва икки давлат ўртасидаги мулоқот қайта тиклана бошлади.
Қарама-қаршилик саҳнаси нафақат Сурия, балки Ливия ҳам бўлди. У ерда ҳам Путин ва Эрдоған маҳаллий фуқаролик урушида турли томонларда туришарди.
Бундай тўқнашув қайсидир маънода Қорабоғда ҳам давом этди. Турклар ўз қардошлари – озарбайжонларни очиқча қўллаб-қувватлаган бўлса, руслар арманларга енг ичида дастак берди.
Шунга қарамасдан, турклар руслар билан алалоқибат келишишга муваффақ бўлди. Барча зиддиятлар Туркияга Россиянинг C-400 ракета тизимларини харид қилиш, Украинани четлаб ўтувчи «Турк оқими» газ ўтказиш қувурини очиш, «Росатом» Туркиянинг Ўрта Ер денгизи соҳилларида атом электр станцияси қуришига халақит қила олмади.
Қизиғи, Россиянинг Украинага бошлаган уруши чўзилишида турклар ҳарбий саноатининг ўзига хос улуши бор ва бу ҳам муносабатларни буза олмаяпти. Чунки яккаланиб қолган Москва ҳар қанча ғазабланмасин, Туркиядек давлат билан алоқаларини ушлаб туришга мажбур вазиятда. Турклар эса Украинага «Bayraktar» дронларини пуллашда давом этмоқда. Октябр ойида Туркияда Украина ҳарбий денгиз кучлари учун илк Milgem корвети сувга туширилди. Бу кема Украина флотидаги энг йириги саналади. Зеленскийнинг ўзи эса Туркияда ишлаб чиқарилган зирҳли нимчани кийиб юради.
Буларни мулоҳаза қилиб кўргач, беихтиёр сиёсатшуносларнинг фикрига қўшилгингиз келади: чиндан ҳам Эрдоғанинг сиёсий даҳосига қойил қоласиз. Сиёсатда дўстлик йўқ, манфаат бор, холос, деган гапга қаттиқ амал қилаётган Туркия раҳбарини катта синов кутиб турибди. Жорий йилнинг июнидан 14 майига кўчирилган президентлик сайловлари. Хўш, “раис”нинг бу муҳим жараёнга қандай етиб келмоқда? Қандай сюрпризлар тайёрлаб қўйган? Мухолифат унинг қаршисига сурадиган номзод топа олдими? Бу ҳақда насиб этса кейинги мақолаларимизда батафсил сўз юритамиз...
Абдулазиз Муборак,
Azon.uz’нинг Туркиядаги махсус мухбири