Туркияда бўлиб турган ёки бормоқчи бўлган Ўзбeкистон фуқароларига эслатма

19:55 20.08.2019 1209

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси сўнгги пайтларда қатор юртдошларимиз Истанбул аэропортида учиш олдидан жарима тўлаш билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётгани туфайли фуқароларимиздан ушбу давлатда ўрнатилган қонун-қоидаларга амал қилишни сўради.

Маълумки, 2018 йилнинг октябр ойидан бошлаб Туркия ҳукумати Ўзбекистон фуқароларига Туркия ҳудудида 90 кун давомида визасиз юришга рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилди. Бироқ паспортининг амал қилиш муддати тугашига 90 кундан кам қолган фуқаролар Туркия ҳудудига киритилмайди, гарчи ушбу давлат ҳудудида бўлиш режаси 90 кундан кам бўлса ҳам.

Қарорга биноан мазкур мамлакат ҳудудида 90 кундан ортиқ юрган ва мавжуд қоидани бузган фуқаролар Туркиядан кетиш чоғида аэропортда белгиланган миқдорда жарима тўлашга мажбур.

Жарималар миқдорини аниқлаш ва уни тўлаш фақатгина фуқароларнинг кетиши олдидан рўйхатдан ўтиб, қўлларига учиш талонларини олгандан сўнг амалга оширилади.

Янги Истанбул аэропортида жарималар миқдорини аниқлаш ва тўлаш ишлари фақат иккита дарчада амалга оширилмоқда.

Салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Бош консулхона “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг Истанбул шаҳридаги ваколатхонаси билан музокаралар ўтказди. Унда Туркияда 90 кундан ортиқ турган ва ватанга кечикишларсиз ўз рейсида қайтишни истайдиган Ўзбекистон фуқаролари Истанбул аэропортига вақтлироқ бориб, олдиндан рўйхатдан ўтишлари ва белгиланган жарималарни тўлашлари мумкин.

Кечки авиарейсларда учиши лозим бўлган йўловчилар куннинг биринчи ярмида (эртлабки рейсга рўйхатдан олиш вақтида) рўйхатдан ўтишлари ва кун давомида жарима ва тўловларни ўз вақтида амалга оширишлари мумкин.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!