Таҳлил

Туркия ва Россия: 100 йил олдинга қайтамиз

1384

«Москва – қадимий пойтахт, Киев – барча руc шаҳарларининг онаси. Петербург (Санкт-Петербург) Россия империясига тегишли. Царград, Константиноград (бошқача айтганда, Константинопол) эса мерос ҳуқуқига кўра бизга тегишли, тамом. Бу ҳақида яна нимадир дейишни истамаймиз».

Андрей Белий, «Дебоча»

Ўтмишдаги икки буюк империя – Россия ва Туркия ўртасида бир-бирига нисбатан эҳтиёткорона ёндашув тарихи 1600-йилларга бориб тақалади. Ундан кейинги 300 йил давомида бу икки мамлакат ўнлаб марта бир-бирига қарши жангга кирди. Пётр I даврига келиб устунлик Россия томонга ўтди, то Султон Салим III ва Маҳмуд II тахтга чиққунга қадар. Қрим урушидан сўнг усмонийлар империяси Европа ҳамжамиятининг иштирокчисига айланди ва қудратли давлатларнинг аралашуви билан 1877-1877 йиллардаги уруш пайтида Истанбул Россия истилосидан сақлаб қолинди.

Биринчи жаҳон уруши Россия учун империянинг қулаши ва СССРнинг пайдо бўлиши билан якунланди. Усмонийлар империяси ҳам қулаб, 1923 йилда Туркия Республика деб эълон қилинди.

Иккинчи жаҳон уруши эса Собиқ Иттифоқни дунёнинг икки қудратли мамлакатидан бирига айлантирди. Шундай қилиб, у яна Босфор ва Дарданелла бўғозларидаги очкўзликка асосланган сиёсати туфайли расмий Анқара учун хавф туғдира бошлади. Худди шу тарихий паллада геосиёсат Туркияни АҚШ назаридаги муҳим нуқтага айлантириб, бу мамлакат тез орада НАТОга қабул қилинди. Шу билан ниҳоят турк расмийларининг орзуси амалга ошди: энди Туркия кучлар мувозанатини таъминлагулик қудратга эга эди.

Совуқ уруш даврида Туркия – Россия муносабатлари

Совуқ уруш даврини ўрганувчи олимлар қизиқ бир фактни ўртага ташлайди: Туркиянинг НАТОга азолиги Россия таҳдидан ҳимояланишдан кўра кўпроқ стратегик қадам бўлган. Чунки амалда Россия 1945-1946 йиллардаги дипломатик ноталарни ҳисобга олмаса, жиддий қадам ташламади. Тўғри, у 1920-йилларда йўқотган ерларини Туркиядан қайтариб олишни истади, албатта. Бироқ геосиёсий жараёнлардаги ўзгаришлар сабаб бу фикридан қайтди. Шундан айтиш мумкинки, бу даврга келиб Москва моҳиятан Туркияни истило этиш ғоясидан йироқ эди.

1950 йилга келиб Туркияда сайловлар демократик руҳда ўта бошлади, аммо давлат институти тепасида барибир ҳарбийлар, бюрократлар ва зиёлилар ҳукмронлиги сақланиб қолди. Шунга қарамай бу давр Туркия тарихидаги бурилиш нуқтаси ҳисобланади ва ушбу нуқтага Россия бугунги кунгача етиб келолгани йўқ: сайловлардаги ўзгаришлар туфайли демократик йўл билан сайланган ҳукумат шароитида саноат ривожлана бошлади.

Ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб Туркиянинг саноатлашуви янги бир босқичга қадам қўйди. Ҳозирга кунга келиб у ушбу соҳада етакчи мамлакатлардан бири ҳисобланади. Россия эса ҳамон табиий ресурсларга қарам давлат, аммо унда собиқ Совет давридаёқ жамғарилган улкан заҳира мавжудлиги, бу билан ҳарбий ва илмий соҳани бемалол қўллаб-қувватлаши мумкинлигини асло инкор этиб бўлмайди. Шунингдек, Россия ҳозир аҳоли ўсишини тўхтатиб қолган тақдирда ҳам, Туркиядан қарийб икки баравар кўп аҳолига эга.

Сурия, Россия ва Туркиянинг минтақавий хавфсизликдаги янги роли

Маълумки, Россиянинг Суриядаги де-факто ҳукмронлиги ушбу мамлакатда ҳозиргача Асад режимининг мавжудлигини изоҳловчи ягона сабаб ҳисобланади. Ўз навбатида Туркия ҳам курдларнинг Халқ мудофаа отряди (YPG) ва Сурия демократик кучлари каби гуруҳларидан ҳимояланиш ҳамда Сурия шимолини Дамашқ ва террорчи гуруҳлардан мудофаа қилиш мақсадида ўз армиясига суянмоқда. Ўртада яна фуқаролик уруши сабабли ўз ватанини тарк этган ҳамда асосий қисми Туркиядан паноҳ топган қочқинлар масаласи ҳам бор.

Россиянинг Суриядаги иштирокининг энг ташвишли томони шуки, АҚШ Россияга Туркия – Россия рақобати тарихида мисли кўрилмаган тактик ҳаракатни амалга оширишга имкон берди. Яъни Туркия жанубида иккинчи фронт очилди. Россия ўтган 400 йил давомида турк бўғозларини назорат қилишга интилган, бироқ буни асло амалга ошира олмаганди. Тарихан Россиянинг турк суверенитетига таҳдид солиши фақат Болқон ёки Кавказ минтақаси орқали шимолий чегаралар ёнида амалга оширилган. СССР тарқалиб кетгач эса фақат Қора денгиз бўйида ягона чегара қолди – тарихда илк бор Туркия ва Россия ўртасида қуруқликдаги чегаралар энди мавжуд эмасди. Совуқ уруш тамом бўлгач ҳам Россий ўз анъанасига содиқ қолган ҳолда Грузиядаги Абхазия ва Жанубий Осетияга, Украинадаги Қрим ва Донбассга қўл узатди, бироқ Туркияга нисбатан ортиқча хатти-ҳаракатдан тийилди.

Аммо Башар Асад русларни Сурия сиёсатида янада муҳим ва доимий рол ўйнашга таклиф қилганида (АҚШ президенти Барак Обама бу ерда АҚШ таъсирини мустаҳкамлай олмаган бир шароитда), Россия Туркияга янги йўналишда хавф солиш имкониятини қўлга киритди. Шундай қилиб, Туркиянинг НАТОдаги иттифоқчиси сифатида, ҳа, унинг шу ташкилотга аъзо бўлишини таъминлаган иттифоқчи ўлароқ АҚШ Туркиянинг жанубий чегараларида янги таҳдиднинг пайдо бўлишига йўл очиб берди ва Туркия – Россия муносабатларида бутунлай янги босқичга қадам қўйилди.

Россиянинг Сурияда ҳозир бўлиши Туркия учун сўнгги юз йилда у дуч келмаган муаммога айланди. Бошқа томондан, Туркия Москвага нисбатан афзалликларга эга. Россия ҳар доим Суриядаги фаолиятининг қонунийлиги ва Сурия аҳолисининг аксарияти Россиянинг бу ҳудуддаги фаолиятидан мамнун эмаслиги каби масалаларга мунтазам равишда тўқнаш келади.

Туркия демократик мамлакат ҳисобланади. Шу сабабли Саудия Арабистони, Миср ва Исроилни минтақада Туркиянинг ўсиб бораётган мавқеидан мамнун деб бўлмайди. Улар саноатлашган мусулмон демократияси мазкур минтақада кенг қамровли қўллаб-қувватлашларга эга бўлишини яхши тушунишади. Бу эса худди Башар Асад режимига бўлгани каби тўғридан-тўғри Мисрнинг ҳарбий диктатурасига, Саудия Арабистони монархиясига ва фаластинликлар устидан ҳукмронлик қилаётган Исроилга таҳдид демакдир.

Демократияга қарши фикрлар туфайли Россия Туркия минтақасидаги авторитар режимлар билан яхши муносабатларни ривожлантирмоқда. Бошқача айтганда, Суриянинг шимолидаги фронт аслида демократик ва нодемократик минтақавий кучлар ўртасидаги фронтдир. Америка сиёсий доираларининг бу воқеликни англамаётгани эса АҚШнинг узоқ ҳудудлардаги минтақавий сиёсий динамикани тушуниш қобилиятидан ожизлигини ва АҚШ оммавий ахборот воситалари ташқи сиёсат масалалари бўйича Америка жамоатчилигини нотўғри маълумотлар билан осонликча бошқараётганини намойиш этади.

Туркия – Россия ўртасидаги ҳарбий мувозанат

Россиянинг Суриядаги мавқеи ва АҚШнинг Шарқий Ўрта ер денгизидаги жавобгарлигидан воз кечиши АҚШ 1947 йилдан бери қайғураётган хавфсизлик масалаларини Туркия яна ўз зиммасига олишига сабаб бўлди. Россиянинг мазкур минтақада ўз таъсир доирасига эга бўлишга қаратилган бутун интилишлари эса 400 йиллик тарих демакдир. Туркия ҳам, Россия ҳам замонавий мамлакатлар ҳисобланади ва ҳар иккисида ҳам саноат жамиятларига айланиш учун ҳаракатлар ҳали ҳам давом этмоқда. Лекин Туркия Россияга қараганда кўпроқ саноатлашган. Ўз навбатида Москва ҳарбий устунликка эга. Потенциал кучлар сони, қуролланишнинг илғор технологиялари (собиқ СССР ҳарбий имкониятларининг давоми) ва замонавий ҳарбий қудратнинг асосий жиҳати – ядро қуролларининг мавжудлиги Москва фойдасига ишлаяпти.

Бу ерда яна АҚШнинг ўз чегарасидан ташқаридаги ташқи дунё шароитларни тушунмаслиги муаммоси бор. Яқинда New York Times Туркиянинг ядровий қуролга эга бўлиши мумкинлиги ҳақида шов-шув қўзғатишга ҳаракат қилди.

Аммо реалист сиёсатшунослар ядровий қурол аслида тинчлик учун зарур эканлигини таъкидлайди, чунки унга эга бўлган давлатлар ўртасида уруш келиб чиқишининг эҳтимоли жуда кам. Шу сабабли АҚШ ва СССР ҳеч қачон тўғридан-тўғри жангга кирмаган. Шу сабабли Ҳиндистон ва Покистон жиддий тангликларга ва ҳатто чегаралараро зўравонликка даврида ҳам ҳарбий низога боришдан тийилган.

НАТО учун эҳтимолий оқибатлар

Агар Туркия ядро қуролига эга бўлмаса ва унинг НАТОдаги шериклари иттифоқчи сифатида ўз мажбуриятларини бажаришни истамаса, Россиянинг Суриядаги позицияси Европа хавфсизлигининг ҳимоячиси ҳисобланмиш НАТОнинг ўз жабҳасида оқсаётганини англатади. Кейинчалик Россия Сурияда ҳарбий соҳада ва музокаралар олиб боришда устунликни сақлаб қолади, бу эса Туркиянинг саъй-ҳаракатларини анча қийинлаштириши мумкин.

Айтиш мумкинки, АҚШ яна бир ёвузликка қарши кураш баҳонасида амалда жангари ташкилотни қурол, ўқув, пул ва ёрдам билан таъминлади. 80-йилларда АҚШнинг афғон жангариларига кўрсатган ёрдамининг узоқ муддатли таъсирини барчамиз яхши биламиз, аммо АҚШнинг сиёсий раҳбарияти – на демократлар, на республикачилар бундан дарс олгани йўқ. АҚШнинг Суриядаги турли сиёсий кучларни қўллаб-қувватлаши қандай фалокатларга олиб келишини эса вақт кўрсатади.

Бундан ҳам ёмони, НАТОнинг Халқ мудофаа отряди ва Курдистон ишчи партияси (ПКК)ни қўллаб-қувватлаши фақат АҚШ билан чекланиб қолмаяпти. ПКК ҳатто Европа Иттифоқига кирувчи бир қанча мамлакатларда эркин ҳаракатлана олади ҳамда ўз қароргоҳларига эга. Туркия ушбу ташкилотни йўқ қилиш учун минглаб патронларини сарфлаётган бир вақтда Франция унга ўз истеҳкомини янада мустаҳкамлашга ёрдам бермоқда. НАТОга аъзо давлатлар ўз жамиятларида аллақачон террорчи ташкилот сифатида эътироф этилган ПККдек гуруҳларга қарши ҳаракатни бошламас экан, ушбу иттифоқ обрўсига жиддий путур етиши муқаррар.

Адам МакКонел

Манба: Анадолу

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Туркия ИШИДчиларни депортация қилишни бошлади

1181 10:00 12.11.2019

Туркия қамоқхоналарида сақланаётган ИШИДчилар ватанига қайтариб юборилади

579 11:30 05.11.2019

Истанбулдан Бухоро ва Самарқандга чартер рейслар йўлга қўйилади

403 09:00 30.10.2019

Тарихда бугун: Туркияда республика эълон қилинди

1304 18:30 29.10.2019

Қуръонни эшитиб ёдлади, 14 марта ҳатм қилди

1485 14:00 29.10.2019
« Орқага