Янгиликлар

Туркияда жуда катта хайрия аксияси бошланди   

4676

30 март куни матбуотда президент Эрдўғаннинг халққа расмий мурожаат қилиши хабари тарқалди. Кеч соатларда телевизорнинг деярли барча каналлари қандай дастурларни тўхтатиб, Эрдўғоннинг мурожаатини эфирга узатди. Президент нутқининг бошида давлатнинг коронавирусга қарши қилаётган ишлари ҳақида ҳисобот берди, кейин тижоратчилар, ишчилар ва оддий халққа кўрсатилаётган ёрдамлар ва берилаётган имконларни санаб ўтди. Нутқи сўнгида жамоат ташкилотларининг халққа кўрсатаётган ёрдамларидан хабардор эканини айтиб давлатнинг ҳам бу борада “Миллий бирлик ёрдам ҳаракати”ни бошлатганини ва номи “Biz Bize Yeteriz Türkiyem”, яъни Ўзимизни ўзимиз эплаймиз Туркиям, деб аталган лойиҳани эълон қилди. 

Ёрдам пуллар Оила, меҳнат ва ижтимоий хизматлар вазирлиги қошида давлатнинг уч банкида очилган ҳисоб рақамларга ўтказилиши айтилди. Бундан ташқари ватандошларнинг қисқа смс тарзда ёрдам пули ўтказа олишлари билдирилди. Бу тўпланган пуллар вирусга қарши қўлланилган тадбирлар натижасида зиён кўрганларга ва халқнинг муҳтож қатламига тарқатилиши таъкидланди. 

Эрдўғон нутқида ўзининг 7 ойлик маошини ҳам бериб, бу ёрдам жамғармасини очиб берганини айтди. Ўша пайтнинг ўзидаёқ вазирлар ҳам жами 5 миллион 200 минг лира (788 минг доллар) эҳсон қилишди. Президент бу лойиҳада яна Олий мажлис депутатларини, партия вакилларини, вилоят, туман ҳокимларини ва барча амалдорларни, катта-кичик бойларни ҳам иштирок этишга чақирди. Бундан ташқари бутун халққа мурожаат қилиб закотларини, Рамазон ойини кутмасдан ҳам беришлари мумкинлигини ва бу билан катта савобга эга бўлишларини айтди. Эрдўғон нутқини шу жумлалар билан битирди: “Иншааллоҳ бу қийин кунларни ортда қолдирганимизда, эсда қоладиган энг гўзал ҳолатлардан бири бу бирлик ва баробарлигимиз, ёрдамсеварлигимиз бўлади. Оллоҳ барчаларимизга ёрдам берсин”. 

Қисқа смс тарзида ёрдам бермоқчи бўлганлар Корона ёзиб белгиланган рақамга юбориш билан 10 лира (1.5 доллар) беришлари мумкинлиги айтилди. Бу маълумотларини биринчи бўлиб президентнинг ўзи эълон қилди. Шу пайтдан бошлаб ОАВ кетма-кет ёрдам жамғармаси ҳақида маълумотлар бера бошлади. Ҳозир ҳамма матбуот ва телевидения каналлари ҳисоб рақамларини ва смс рақамини эслатиб турибди. Мурожаатга уч кун бўлган бўлса, ҳар куни Алоқа вазири ўша пайтгача ҳисоб рақамлардан ва смс дан тушган пулларни алоҳида ҳисоботини бериб боряпти. Бундан ташқари алоҳида расмий сайтни ҳам ишга туширилди. Сайтдаги маълумотлар ҳар куни янгиланиб боряпти.  Масалан, ҳозир сайтга кириб қарайдиган бўлсак уч кун ичида 846.606.155 лира (128 миллион доллар) йиғилгани ва 2 миллион мартта смс юборилгани ҳақида маълумот бор. Бундан ташқари катта миқдорда пул бағишлаганларнинг рўйхати ва миқдори ҳам берилган. 

Рўйхатнинг бошида йирик банклар турибди. Масалан, Марказий банк 100 миллион лира (15 миллион доллар), Зироат финанс банк 63 миллион 300 минг лира (9 миллион 500 минг доллар), Туркия Халқ банки 56 миллион лира (8 миллион 500 минг доллар), Туркия Телеком 40 миллион лира (6 миллион доллар), “Эти” фирмаси 24 миллион (3 миллион 600 минг доллар), Атасой заргарлик ширкатининг эгаси Жиҳан Камер 13 миллион лира (2 миллион доллар) ва бошқа ширкатларнинг бағишлаган пул миқдорлари берилган.  

Бунчалик катта миқдорни қисқа муддатда тўпланганини кўриб, бир икки ойда яна қанча маблағ тўпланишини тахмин қилаверинг ва бу Туркиянинг ушбу қийин вазиятдан чиқиб кетишига катта ёрдам беради. 

Қисқа пайтда катта маблағ тўпланиши худди тўрт йил олдин Туркиянинг ҳарбий тўнтариш пайти Президент халққа мурожаат қилиб давлат ҳимояси учун кўчага чиқишларини сўраганида халқнинг дарров майдонларни тўлдириб ташлаганидек, ҳозирги ҳолатда ҳам халқ ҳеч иккиланмай давлат жамғармасига пул ўтказяпти. Бу албатта халқнинг давлатга бўлган қаттиқ ишончи натижасидир. Менимча, ҳар қандай қийинчиликни шу ишонч билан енгиш мумкин. Бугун юртимиз ҳам мана шу ишончни қозониш йўлида қаттиқ ҳаракат қилса, муаммоларимизни ўзимиз ҳал қила оладиган даражага эришамиз, кучли бўламиз. 

Файзуллахон Отахонов,
Туркия

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳайвонларга султоннинг исми қўйилган сериални кўряпсизми?

1726 11:30 30.05.2020

Тарихда бугун: Истанбул фатҳ этилди

1128 00:00 30.05.2020

Туркияда масжидлар очилди (фотожамланма)

470 16:54 29.05.2020

Турк консулининг қотилини авф этиш тўғрисидаги қарор рад этилди

493 16:00 29.05.2020

Туркиядан Ўзбекистонга самолётлар қачон уча бошлайди?

876 11:01 29.05.2020

Тарихда бугун: Туркияда илк ҳарбий тўнтариш юз берди, Аднан Мендерес осилди

3344 14:30 27.05.2020
« Орқага