Туркияда нега масжид кўп?

10:00 18.06.2018 2108

Измир шаҳрининг Қаршиёқа тумани муфтийси Исо Гурлер билан учрашувга йўл олар эканмиз, анчадан бери ўзимни қизиқтириб келаётган саволни бермоқчи эканимни айтдим: Туркияда нега масжидлар бунчалик кўп? Уларга чиндан ҳам эҳтиёж борми?

“Тўғри, бизда масжидлар кўп, лекин жамоат оз”, – дейди устозимиз, Котиб Чалабий университети доценти Меҳмет Чевик.

Туркияда сўнгги йилларда масжидлар сони анча ортгани ҳақиқат. Буни кўча-кўйда юрганда ҳам кўриш мумкин: қаерга борманг, албатта, бирор янги масжид барпо этилаётган бўлади. Бу ҳолат аҳолининг айниқса секюляр қисмини безовта этмай қолмаяпти, уларнинг фикрига кўра, масжидлар ўрнига ўқув юрти ёки касалхона сингари бошқа ижтимой объектларни қурган афзал.

“Масжидлар кўп бўлгани яхши, – дея суҳбатга аралашади ганалик дўстимиз Мифтаҳ. – Биз масжидга зормиз”.

Унинг айтишича, Ганада мусулмонлар аҳолининг тахминан 15-20 фоизини ташкил этади ва асосан мамлакатнинг шимолий ҳудудларида истиқомат қилади. Аслида ҳукумат масжидлар қурилишига қарши эмас, бироқ ганалик мусулмонларнинг бунга имконияти йўқ. Аҳолининг ночор ҳолатидан насроний миссионерлар устомонлик билан фойдаланиб қолмоқда: улар мактаблар очиб болаларни ўқитади, касалхоналар очиб беморларни даволайди. Бунинг эвазига улардан якшанба кунлари черковга келишни талаб қилади. Мифтаҳнинг имосини тушуниш қийин эмас: масжидлар бўлмаса, унинг ўрнини бошқалар тўлдиради...

Муфтий Исо Гурлер билар учрашувимиз самимий кечди. У киши ўзининг фаолияти, Туркия дин ишлари бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб берди.

Навбат масжидлар сони ҳақидаги саволга келди.

“Масжид барпо этиш бизга Марказий Осиёдан мерос одат, бу одат сизларнинг ҳудудлардан келган ота-боболаримизнинг қонида бор, – дейди жаноб Гурлер. – Биз қаерга борсак, қаерни ўзимизга маскан тутсак, биринчи бўлиб масжид қурамиз. Йиллар ўтгани сайин юртимизда аҳоли сони ортмоқда, табиийки, шунга мос равишда янгидан-янги мавзелар пайдо бўляпти, шунга параллел равишда масжидлар ҳам барпо этиляпти”.

Унинг фикрича, масжидлар айни пайтда визуал диний тимсол ҳамдир:

“Туркияга келганлар бу юртнинг аҳолиси қайси динга эътиқод қилишини англаб олади”.

Муфтий ҳақ: ҳар томонда юксалган минораларни кўриб ва улардан кунда беш маҳал кетма-кет янграйдиган азон сасини этишиб буни англамасликнинг иложи йўқ.

Фақат намоз ўқиш учун эмас

Туркия дин ишлари бошқармаси маълумотга кўра, 2007 йилда мамлакат бўйлаб 79096 та масжид бор эди, 2017 йилга келиб бу рақам 88021 га етди. Қиёслаш учун: Туркия аҳолиси 81 миллион кишидан иборат. Масжидлар сони бўйича Истанбул (3403 та), Кония (3183) ва Анқара (3067) вилоятлари пешқадам. Энг кам масжид Тунжэли вилоятида – 92 та.  

Масжидлар сонининг тобора ортиб бораётгани эътирозларга сабаб бўлди, аммо Дин ишлари бошқармаси Туркиядаги ҳар бир маҳаллада масжид бўлишини истамоқда. Зеро, бошқарма бошлаган кампания ҳам “Масжидсиз маҳалла қолмасин” деб аталади.

Бошқарманинг собиқ раҳбари Али Эрбош танқидларга жавоб қайтарар экан, шундай деган эди:

“Масжид фақатгина намоз ўқиладиган жой эмас. Маҳалладаги болалар кичик ёшдан эътиборан диний таълимни айнан шу ерда олади. Шундай экан, ҳеч бир шаҳримизда ҳеч бир маҳалла масжидсиз қолмаслиги керак”.

Дарҳақиқат, масжидлар нафақат ибодатхона, айни пайтда таълим масканлари ҳамдир. Масжидлар қошида Қуръон курслари очилган, ёзги таътил пайтида ўқувчилар учун ҳам Қуръон курслари ташкил этилади. Болалар бу курсларда араб алифбосини, Қуръон ўқишни ўрганишади, диний сабоқлар олишади.

 Шубҳасиз, масжидлар турк халқи маънавий ҳаётининг ажралмас қисмидир. Мамлакат президенти Ражаб Тойиб Эрдоған эса миллий маънавиятга, миллий қадриятларга қайтиш зарурлиги ҳақида бот-бот гапиради. Эҳтимол, у масжидлар сонини ошириш ва диний таълимга эътиборни кучайтириш орқали динга қарши кураш йилларидаги йўқотишларнинг ўрнини тўлдирмоқчидир?..

 

Убайдуллоҳ Адҳамов, Туркия

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!