Туркияда таҳсил олаётган ёшлар Ўзбекистонга қайтади

21:00 09.03.2019 2660

Қўқон давлат педагогика институти ректори А.Эминов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси амалий ташриф билан Туркияда бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди, дейди ЎзА.

Хабарда қайд этилишича, ташриф давомида Қўқон давлат педагогика институти делегацияси Туркиянинг Карабюк вилоятида бўлиб, таълим соҳасидаги ҳамкорлик бўйича қатор музокара ва учрашувлар ўтказди. Ташриф доирасида мамлакатимиз вакиллари Корабюк университетида бўлиб, бу ерда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаблар билан учрашди.

Мулоқот чоғида ёшларга юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Ўз навбатида, Туркияда таҳсил олаётган юртимиз ёшлари мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан кенг қулоч ёзган ўзгаришларга хайрихоҳ экани, ушбу жараёнларда фаол иштирок этиш истагида эканликларини билдирган.

– Ўзбекистонга қайтгач, меҳнат фаолиятимиз чоғида бу ерда олган билим ва кўникмаларимиз асқатади, – дейди талабалардан бири.

Ташриф якуни бўйича Қўқон давлат педагогика институти билан Корабюк университети ўртасида ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди. Келишув доирасида профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, илм-фан тараққиёти ва ютуқларини амалиётга жорий этишдаги алоқаларни фаоллаштириш кўзда тутилган.

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!