Туркияда ўзбекистонлик ёш олимлар конференцияси бўлиб ўтди

08:30 19.03.2019 490

Туркиянинг Конья шаҳридаги Селчук университети (Selçuk Üniversitesi)да 2019 йил 15-16 март кунлари “Икки қардош давлат: Туркия-Ўзбекистон ва уларнинг келгуси муносабатида менинг ўрним” мавзуида анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёшлари Умумжаҳон ассоциацияси Туркия вакиллиги ташаббуси ва Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси, Хорижий турклар ва қардош халқлар давлат бошқармаси, Селчук университети, Селчук туман ҳокимияти ва бошқа ташкилотлар кўмагида ташкил қилинган тадбирга Туркиянинг турли университетларида илмий тадқиқот олиб бораётган докторантлар жалб қилинди. 

Туркиянинг турли университетларида илмий тадқиқот олиб бораётган ўзбекистонлик докторантлар ўз тадқиқоти юзасидан маъруза қилди. 

Иштирокчиларнинг турк тили ва адабиёти, тарих, фалсафа, сиёсат, соҳалараро тадқиқотлар каби йўналишлар бўйича чиқишлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Маърузалар муҳокамасидан сўнг “Келажакка оид лойиҳалар” мавзуида йиғилиш бўлиб ўтди. Ёшлар икки давлат муносабатларини ривожлантириш борасидаги лойиҳалари, режалари ва фикрлари билан ўртоқлашди. Муваффақиятли деб топилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ режалар тузилди. 

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз, ҳозирги кунда Туркия Республикаси университетларида 1000 нафарга яқин ўзбекистонлик талабалар турли йўналишларда таҳсил олмоқда. Мазкур кўрсатгич йил сайин ортаётир. Докторантура йўналишида тадқиқот олиб бораётганлар сони эса 40 дан ошади. Бундан ташқари, Туркияда докторлик унвонини қўлга киритиб, шу ердаги таълим муассасаларида дарс бериб келаётган ҳамюртларимиз ҳам мавжуд. Ташкил этилган тадбир ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, тадқиқот мобайнида ўзаро ҳамкорлик қилишга ҳисса қўшиши билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистонлик докторантларнинг кейинги конференцияси жорий йилнинг куз ойида Туркиянинг Измир шаҳрида ўтказилиши белгиланди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!