Туркиянинг Кўнё шаҳрида “Икки қардош давлат: Туркия-Ўзбекистон ва уларнинг келгуси муносабатида менинг ўрним” номли йиғилиши бўлиб ўтмоқда

11:41 16.03.2019 586

2019 йилнинг 15-16 март кунлари Туркиянинг Кўнё шаҳрида жойлашган Салжуқ университетида турли олий таълим даргоҳларида фарқли соҳаларда илмий тадқиқот олиб бораётган ўзбекистонлик докторантларнинг “Икки қардош давлат: Туркия-Ўзбекистон ва уларнинг келгуси муносабатида менинг ўрним” номли йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Анжуманда 50 дан ортиқ ўзбекистонлик талаба иштирок этиши ва улардан 20 нафари ўз илмий иши ҳақида маъруза қилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон асоциацияси Туркия вакиллиги ташаббуси билан, Хорижий турклар ва қардош халқлар давлат бошқармаси ва Салжуқ университети ҳамкорлигида ташкил қилинаётган тадбирга Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси, Салжуқли шаҳар ҳокимияти, Туркиядаги Ўзбек талабалари жамияти ва бошқа ташкилотлар ҳомийлигида ҳамда маслаҳатлари билан кўмак бермоқда. Тадбирнинг очилиш қисмидан сўнг, иштирокчилар 3 йўналишда (Турк тили ва адабиёти; тарих, фалсафа, сиёсат; соҳалараро тадқиқотлар) ўз маърузалари билан чиқиш қилдилар. Маърузаларнинг муҳокамасидан сўнг, иштирокчилар “Келажакка оид лойиҳалар” мавзусидаги йиғилишда қатнашадилар. Ёшлар икки давлат муносабатларини ривожлантириш борасидаги лойиҳалари, режалари ва фикрлари билан ўзаро ўртоқлашдилар. Муваффақиятли деб топилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ режалар тузилади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз, ҳозирги кунда Туркия Республикаси Университетларида 800 дан ортиқ ўзбекистонлик талабалар турли йўналишларда таҳсил олишмоқда ва мазкур кўрсаткич, йил сайин ортиб бормоқда. Докторантурада, тадқиқот олиб бораётганлар сони эса 40 дан ошади. Бундан ташқари, Туркияда докторлик унвонини қўлга киритиб, шу ердаги таълим муассасаларида дарс бераётган ҳамюртларимиз ҳам мавжуд. Ташкил этилаётган тадбирдан мақсад ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш ва тадқиқот олиб боришга қизиқтириш, ҳисса қўшиш, келажакдаги соҳа мутахассислари сифатида талқин қилинаётган докторантлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни қувватлантириш ҳамда икки давлат ўртасидаги муносабатларни кучайтиришга хизмат этишдир.

Туркиядаги Azon.uz манбаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!