Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Туркиянинг Сурияда тинчлик учун ҳаракатлари: Эрдоған нега сиёсатини ўзгартирди?

2685

Ўн йиллардан бери Шом диёрларида тинчлик йўқ. Миллионлаб мусулмонлар Башар Асаднинг режимидан омон қолиш учун ўз уйини, она ватанини ташлаб кетишга, аксарияти қочқинлар лагерларида яшаб, мубҳам келажакка руҳсиз боқишга мажбур бўлди. 

Бу ҳам камлик қилгандек, 2011 йилда ИШИД деган бало пайдо бўлди. У фақат Ироқда эмас, Сурияда ҳам ўз “фаолияти”ни бошлаб юборган эди. Ироқдаги ҳарбий амалиётидан уч йил ўтиб, АҚШ ҳарбийлари “бутун инсониятга хавф солувчи куч” дея қаралган ИШИДни йўқ қилиш учун қайтиб келди. Бир томонда Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган шиа гуруҳлари, бошқа томонда кўринмас кучлари тарафидан дастакланадиган ИШИД, яна бир тарафда русларнинг ёрдамида жон сақлаётган қонхўр Башар Асад режими, яна бошқа бир томонда АҚШнинг ҳарбий ва молиявий мададидан куч олаётган Мустақил курд отрядлари... Хуллас, минтақада от билан итнинг изи аралашиб кетди. Бу орада, шунча тўполонларга қарамай, Ироқ ва Суриянинг нефти икки мамлакат шимолидан, Туркиянинг эса жанубий тарафидан уммон ортига оқа бошлади.  

Бир кун жанжал бўлган жойдан қирқ кун барака қочади, дейди ўзбеклар. Дарҳақиқат, ҳозир ушбу диёрлардаги одамлар ўта қашшоқликда ва ўта қийинчиликда кун кечирмоқда.

Суриядаги уруш бошланган 2011 йилдан буён 500 мингга яқин инсон қурбон бўлгани, 118 минг кишининг эса бедарак йўқолгани айтилади. Талафотлар умумий миқдори 143 миллиард долларга тенг. 27 минг 438 та бино, жумладан, 5 мингта мактаб вайронага айланган. 6,2 миллион киши чет элларга чиқиб кетди, 7,6 миллионлик ички қочоқлар оқими пайдо бўлди. Ишсизлик 50 фоизга етди. Аҳолининг 85 фоизи қашшоқлик чегарасидан ҳам паст даражада турмуш кечирмоқда. 

Агар 2010 йилда Сурия аҳолиси сони 21 миллион киши бўлган бўлса, орадан салкам ўн икки йил ўтиб, бу рақам 17 миллион нафарга тушиб қолган. Иқтисодиёт бутунлай издан чиқиб кетган. Агар уруш бошланишидан аввал Сурия ялпи ички маҳсулоти 60,2 миллиард долларни ташкил этган бўлса, ҳозирда бу миқдор 15 миллиардга ҳам етмайди. Ҳозир қўшни Туркияда 3,6 миллион, Ливанда 2 миллион, Иорданияда 655 минг нафар суриялик қочоқлар яшамоқда.

Туркияга нима керак ўзи?

Туркиянинг Сурияда ўз манфаатлари бор. У амалда мустақил бўлиб олган Сурия курдларини ўзи учун ҳақиқий душман деб билади ва чегарасидан анча узоқроқда тутиб туришни истайди. Шу сабабли Суриянинг Фурот дарёсидан шарқидаги ҳудудларда Туркия ўзи учун хавфсизлик камарини яратишга интиляпти. 

Туркияда PKK (Курдистон ишчилар партияси) террорчи гуруҳлари деб аталувчи ҳарбий кучларни Ғарбда «Демократик иттифоқ» ва «Суриядаги курд халқининг ўзини ўзи мудофаа отрядлари», деб ҳисоблашади ва қўллаб-қувватланади. Бу гуруҳ Туркияда бир неча марта қўпорувчилик операцияни амалга ошиб, бир қанча бегуноҳ одамларнинг қонини тўккан. Қолаверса, PKK ўз ихтиёридаги Сурия шимолига Туркиядаги 3,6 миллион суриялик қочоқларни кўчириб ўтказишни ва бу минтақанинг этник таркибини ўзгартириб юборишни истайди. 

Туркиянинг Сурия билан 900 кмдан узун чегараси мавжуд. Идлиб чегарасида яна 1 миллион нафардан ортиқ суриялик Туркияга киришни кутиб турибди. Башар Асад режими ўз мухолифатлари билан курашиш баҳонасида мазкур ҳудуддаги тинч аҳолига ҳам ҳужум қилиб, уларни шимолга, Туркия чегарасига қувади. Мақсад шундоқ ҳам қочқинлар ва мухожирлар муаммоси билан қийналаётган қўшнисини баттар қийин аҳволга солиш. Шунинг учун ҳам Туркия бу ўлкада бўлаётган воқеаларга ҳеч қачон бефарқ бўлмаган, бўла олмайди ҳам. 

Ҳозирда Туркия музофотларида қочоқлар учун 20 та чодир лагерлари ва контейнер шаҳарчалари қурилган. Охирги йилларда расмий Анқара суриялик ноқонуний мухожирларни фақат қувиш билан шуғулланмаяпти, балки Сурия шимолидаги ҳудудларда, хоссатан, Идлиб вилоятида сурияликлар учун ўз ҳисобидан янги қишлоқлар барпо қилмоқда.    

Қисқа қилиб айтганда, Туркиянинг Сурия шимолига нисбатан ёндошувининг асослари: ўз ҳудудига Сурия тарафдан уюштириладиган тажовузларнинг олдини олиш, ўзининг ҳудудий яхлитлигини ҳимоялаш, келгусида бу яхлитликка таҳдид туғдирувчи гуруҳлар шаклланишига йўл қўймаслик ҳамда Суриядан келадиган қочоқлар оқимини тўхтатишдан иборатдир.  

Минтақадаги шиалар ва курдлар

Сир эмас, Идлибда билвосита Эрон бошқараётган, катта қисми Покистон ва Афғонистондан олиб келинган кўплаб шиа мазҳабига мансуб қуролли гуруҳлар мавжуд. Ливандан келиб, Сурия ҳукумати томонида туриб уришаётган Ҳизбуллоҳ ҳам шиа гуруҳидир. Зотан, шиаларнинг алавий оқимига мансублиги айтиладиган Башар Асад режимининг жанг майдонларида сўнгги пайтлардаги муваффақиятларини асосан шу гуруҳлар таъминлаётган эди.  

Ундан ташқари, Башар Асад ҳукумати ўз юртидаги курдларнинг бир қисми билан тил топишиб, улардан Туркияга қарши фойдаланишда давом этмоқда.   АҚШнинг ҳимоясида турган курд бўлгинчи гуруҳлари Россия, Эрон ва Исроил билан ҳам яқин ҳамкорликда бўлиб келган.  Исроил ҳам туркларни “бўғишдан” қаттиқ манфаатдор. Чунки улар минтақадаги кучли мусулмон давлатларини потенциал хавф сифатида кўради.

Аслида 1998 йилдаги Адан келишувига кўра, Сурия ҳам Курдистон ишчилар партиясини қўллаб-қувватлашдан воз кечган эди. Чунки курдлар Марказий ҳукуматга сепаратизм билан хавф туғдирар эди. Аммо «ИШИД»га қарши урушда курдлар ҳам жиддий талафот кўрди, олдинги сафларда жангариларга қизғин қаршилик кўрсатди, амалда давлат ичида мустақил автономияга эга бўлиб олишди. Инсоф билан айтганда, ҳозир Башар Асад уларни хушламасада, душман сифатида қурол кўтариб бостириб кира олмайди.

АҚШ эса Ироқ ва Суриядаги курдларни ягона давлатга бирлаштириш орқали ўзига яқин иттифоқчи мамлакатни яратиш ва “Янги Яқин Шарқ стратегик лойиҳаси”ни амалга оширишни кўзлайди. Шу сабабли курдларни қурол-яроқ ва моддий маблағ билан таъминлаб келмоқда. 

Фуқаролар уруши бошланганидан бери Суриянинг шимолий қисми бир неча бор қўлдан-қўлга ўтган, чунки бунинг учун исёнчилар, ИШИДчилар, экстремистлар ва курд қўшинлари курашган.

Ҳозир бу ердаги жангариларнинг қолган-қутганига қарши асосан Сурия қуролли кучлари, заруриятга қараб Россия ҳарбий ҳаво кучлари кўмагида курашмоқда. Башар Асад армияси ўтган даврда катта ҳарбий тажрибага эга бўлди, тобланди. Энди уни енгиш мумкин эмаслиги ҳам ойдинлашди. Шу сабабли Вашингтон учун энг тўғри йўл – беқарор вазиятни кўпроқ чўзиш, мухолифатга кўмак бериб туришдир.   

Туркия мазкур минтақада 2016 йили “Фурот қалқони”, 2018 йили “Зайтун новдаси” ва бошқа ҳарбий операцияларни ўтказди. Бироқ ҳамма нарсани ҳарбий куч билан амалга ошириб бўлмаслиги сиёсатчи Эрдоған яхши билади. Шунинг учун у АҚШдан бир неча бор PKK террорчи гуруҳининг Суриядаги қаноти бўлмиш YPG (курд тилида: Yekîneyên Parastina Gel – Халқ ҳимояси бўлинмалари)ни қўллаб-қувватлашни бас қилишни талаб қилди. Албатта, бекорга мушук офтобга чиқмайди. Вашингон ҳам турклардан минтақадаги “ука”си Исроил билан алоқаларини яхшилашни “илтимос” қилади. 

“One minute!” зардасининг тарқаши...

Эсингизда бўлса, 2009 йили 29 январда Швейцариянинг Довос шаҳрида ташкил этилган Жаҳон иқтисодий форуми (WEF) саммитида Ражаб Тоййиб Эрдоған Исроил президенти Шимон Пересга жуда қаттиқ гапириб ташлаганди. Туркия раҳбари Пересга: “Сиз баланд овозда гапирдингиз, бу эса айбдорлик белгисидир. Сиз қандай ўлдиришни яхши биласиз. Мен пляжларда ўйнаган болаларни қандай ўлдирганингизни жуда яхши биламан”, деган ва ўз сўзларини бўлмоқчи бўлган модератор (катта эҳтимол яҳудий) Девид Игнатиусга “One minute!” (“Бир дақиқа!”) эътироз билдириб, фикрини охиригача етказиб қўйганди. Кейин у “Мен учун Давос тугади” деган сўзлар билан зални тарк этганди. Унинг “One minute!” деган гаплари жуда машҳур бўлиб кетди. Туркиядаги Исроил элчихонаси ёпилди, бир қатор алоқалар узилди. Бироқ...

Дипломатияда дипломатлар тез-тез такрорлаб турадиган бир ибора бор: “Давлатлар ўртасида дўстлик йўқ, фақат манфаатлар бор...” Ҳарқанча ноқулай бўлмасин, Эрдоған ҳукумати Исроил давлати билан алоқаларини тиклашга мажбур бўлди. Яқинда Анқарада Исроил элчихонаси иш бошлади. Ҳар қанча нафратланмасин, турк сиёсатчилари “яҳудий дўстлари” билан учрашишга ва жилмайиб қарашига тўғри келяпти. АҚШ билан муносабатларни кўнгилдагидек давом этиши шунга боғлиқ бўлиб қолган. Қолаверса, АҚШ ваъда қилган F-16 ҳарбий учоқлари ҳам “номаълум” сабабларга кўра Анқара берилмай келаётган эди. Юқоридаги ва бошқа бир қатор омиллар сайловлар арафасида Эрдоғанни шундай қадам ташлашга ундади.  

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Эрдоған “Сиёсатда хафагарчиликка ўрин йўқ”, деди ва Туркия раҳбари 10 йилдан зиёд алоқаларни музлатиб қўйган яна бир давлат — Миср президенти Абдулфаттоҳ Сисий  билан учрашди. 2013 йилги давлат тўнтариши натижасида ҳокимиятга келган Сисий Анқара томонидан узоқ вақт тан олинмаганди. Ўша пайтда Эрдоған Башар Асад билан ҳам алоқаларни яхшилашга ишора қилганди.

Бу ҳам кўп куттирмади. 2022 йил якунланаётган пайтда Туркия Миллий мудофаа вазири ва Миллий разведкаси раҳбари Москвада руслар воситачилигида Башар Асад режими ҳарбий вазири Али Маҳмуд Аббос билан учрашди. Учрашувда “Сурия инқирози” ва қочоқлар муаммоларини ҳал қилиш, шунингдек, Суриядаги “экстремистик гуруҳларга қарши курашда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар” муҳокама қилингани айтилди.

Ҳозир Эрдоған бир неча ҳужумлар остида қолган. Маҳаллий иқтисод қанчалик зўриқмасин, ҳарбий салоҳиятни кучайтиришга мажбур. Чунки ҳар доим кучиллар талаб қўяди. Мухолифатнинг ҳаракати ва ташвиқоти билан мамлакатнинг аксар аҳолиси Сурия ва Ироқдан келган миллионлаб қочқинларни кучайиб бораётган иқтисодий инқирозга айбдор сифатида кўрмоқда. Бошқа томондан PKK террор гуруҳи Сурия томонлардан дастак олишдан тўхтамаяпти. Мухолифат эса мамлакатда юз бераётган иқтисодий қийинчиликларга, инфиляциянинг кучайиб боришига Эрдоғанни бош айбдор сифатида кўрсатишдан чарчамаяпти. Улар ҳатто диндорлик билан иқтисодий фаровонликка эришиб бўлмайди, дейишгача боряпти, яъни бу билан Эрдоған ҳукуматининг диндорларга берган эркинликларини ерга уришга уринмоқда.

Нима ҳам дердик, осмоннинг юки тоғларга тушади, дейдилар. Аксарият турклар яхши кўриб “узун одам”, деб айтадиган Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг зиммасида ҳам оғир юк турибди. Ўйлашимизча, у бундай муаммоларни қандай ҳал қилишни яхши билади...

Абдулазиз Муборак, Azon.uz махсус мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Эрон-Саудия Арабистони келишувининг геосиёсий аҳамияти: АҚШ ўйиндан чиқарилдими?

245 20:30 22.03.2023

Таровеҳ муносабати билан Тошкентдаги айрим кўчалар вақтинча ёпилади

350 19:42 22.03.2023

Энг яхши табиб

430 19:15 22.03.2023

«Пекин Ашхобод билан муносабатларга катта эътибор беради» — Си Цзинпин

370 18:40 22.03.2023

РЎЗАГА ОИД ФАТВОЛАР

72 18:05 22.03.2023

Асад режими Ҳалаб аэропортига ҳаво ҳужуми юзасидан Исроилни айбламоқда

265 17:10 22.03.2023
« Орқага