Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Назм

Туркийлар

2355

Қиличин ташлади беклар ниҳоят,

босилди тулпорлар,

тиғлар сурони,

урҳога ўрганган тилларда оят,

туркийлар таниди комил Худони.

 

Қиличлар занглади…

фалокат ҳушёр,

туркийлар қувватин берди ерларга.

Ҳийлагар дўстлардай яқинлашди ёв

комиллик қидирган жасур эрларга.

 

Илвасин йигитлар,

бобур йигитлар,

саждага бош қўйди ёвга терс қараб,

ғулларни кемириб йиғлади итлар,

буюк бошни кесди қилич ярақлаб.

 

Туркда бош қолмади…

қолмади довлар,

хотин-халаж қолди мотам кўтариб,

«Бизга тик қарама», — буюрди ёвлар,

ёвларга терс қараб яшади бари.

 

Таланди самовий тулпор уюри,

таланди зарлари,

зеб-у забари,

«Терс қараб ўлинг», — деб ёвлар буюрди,

ёвларга терс қараб жон берди бари.

 

Лаҳадга кирдилар ўзларин қарғаб,

қолмади арабий,

туркий хатлари.

«Туғингиз, — деди ёв, — тескари қараб»,

ёвларга терс қараб туғилди бари.

 

Туғилди,

туғилди,

туғилди қуллар,

қирқида қирқилган — имдодга муҳтож,

ёвларга терс қараб итлардай ҳурар,

бир-бирига душман,

бир-биридан кож.

 

Жўмардлар қирилган Туронзаминда

дўзахий тажриба палласин кўрдим:

эшак суврати бор қай бир қавмда,

қай бирида тўнғиз калласин кўрдим.

 

Бу ҳолда буваклар бўғилиб ўлар,

қул Билол эзилиб йиғлар фалакда…

Ўзларин ёндирар борлиқдан тўйган

Бадахшон лаълидай асл малаклар.

 

Мўминлар беш бора Аллоҳни эслар

саждага бош қўйиб жаллод тошига.

Ўгрилиб сал ортга қарайин деса,

бошига урарлар,

фақат бошига.

 

Борми эр йигитлар,

борми эр қизлар,

борми гул бағрингда жўмард нолалар,

борми бул туфроқда ўзлигин излаб,

осмон-у фалакка етган болалар.

 

Бор бўлса,

аларга еткариб қўйинг,

бир бошга бир ўлим демаган эрмас,

шаҳидлар ўлмайди,

бир қараб туйинг:

Ёвга терс қараган мусулмон эмас!

Ёвга терс қараган мусулмон эмас!

Ёвга терс қараган мусулмон эмас!

Ёвга терс қараган мусулмон эмас!

Ёвга терс қараган мусулмон эмас!

 

Шавкат РАҲМОН

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қаддингни ростла!

1521 22:00 15.05.2021

Дил аро ёдинг мужассам...

829 07:00 06.05.2021

Рамазонда рўза тутганлар

758 20:00 03.05.2021

Адолат нелигин Умардан сўранг...

1772 22:00 23.04.2021

Абдулла Қодирий: “Кўр бизнинг аҳволимиз, ғафлатда қандай ётамиз...”

2265 18:00 23.04.2021

Умр ҳисоби

861 08:30 22.04.2021
« Орқага