Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Турклар нега бунчалик ватанпарвар?

7247

Бу савол Туркияга келган деярли барча инсоннинг хаёлидан ўтади. Зеро, кўчаларда, ишхоналарда, ҳатто уйларнинг деразаларида ҳам Туркия байроғига кўзингиз тушади. Албатта, биргина байроқ осиш билан инсон ватанпарвар бўлиб қолмайди. Аммо турклар шундай хулоса қилишингиз учун шунчалар кўп сабаб топиб беради...

Истанбул кўчаларидан кетаётсак, бир неча машиналарда ёшлар шовқин-сурон солиб ўтиб кетишди (худди ўзимиздаги “ЗАГС” тадбирларига ўхшаб). Улар биргаликда қандайдир қўшиқни куйларди (кейин билсам, давлат мадҳияси экан). Ҳамма уларга ҳавас билан қараб қолди. Бошқа йўналишдан келаётган машиналар ҳам тўхтаб, уларга йўл берди. Атрофдагиларнинг биридан “Ким булар?” деб қизиқиб сўрадим. “Аскарликка кетаётган дўстини кузатгани чиққан ёшлар”, дея жавоб беришди. Улар шунчалик тўполон кўтаришига қарамай, ҳеч ким малол олмади, ранжимади, аксинча, барчанинг юзида уларга хайрихоҳлик ифодаси балқиб турарди. Ҳайрон қолдим. Армияга кетаётган йигитни шунчалик байрам билан кузатиб қўйишса-я? 

Шу кундан бошлаб мазкур мамлакатда одамларнинг ҳарбий хизматга муносабати ва давлат томонидан аскарларга бериладиган имтиёзлар масаласига қизиқиб қолдим. Бир куни автобусда кетаётиб, бир маълумотномага кўзим тушиб қолди. Унда автобусдан бепул фойдаланиши мумкин бўлган тоифалар кўрсатилган бўлиб, улар орасида ғозий ва шаҳидларнинг оила аъзолари ҳам бор экан. Қизиқишим баттар кучайди. 

Эътибор бериб қарасам, жуда кўплаб бекат, кўча, мактаб, лицей, маҳалла ва ҳатто туманларнинг номи шаҳид ва ёки ғозийлар номи билан аталар экан. Масалан, Истанбулда Ғозий Усмон пошо тумани бор. Ёки Шаҳид Метин Қоя кўчасини айтишимиз мумкин. Бунақа мисолларни айтиб адоғига етиб бўлмайди. Ҳатто Истанбулнинг Фотиҳ тумани чегарасида, яъни Константинол ҳимоя девори олдида Шаҳидлик мозори бор. Қарийб ўн гектарни ташкил қилади. Мазкур қабристонда асри саодатдан тортиб бугунги кунимизгача шаҳид бўлган кишилар мангу уйқуда ётибди... Полиция вакиллари, ҳарбийлар, ҳатто шаҳид бўлган учувчилар учун ҳам қабристонда алоҳида бўлимлар ташкил этилган. Бу ерга шундай улкан байроқ ўрнатилганки, уни Истанбулнинг деярли ҳамма еридан кўриш мумкин. 

Қабристон катта йўл кесишмалари ёнида жойлашган ва ҳар бир автобус, трамвай ва ё метробусда “Шаҳидлик бекати. Сиз ушбу бекатда тушиб, Шаҳидлар қабристонини зиёрат қилишингиз мумкин”, деб эълон қилинади. Мозорликда суткада 24 соат Қуръон тиловати янграб туради. Суиқасд қилинган давлат ва жамоат арбоблари ҳам мана шу қабристонга кўмилар экан. Масалан, 1960 йили ҳарбийлар томонидан уюштирилган давлат тўнтаришида амалдан олиниб, 1961 йили дорга осилган Туркиянинг машҳур Бош вазири Аднан Мендереснинг қабри ҳам бир неча йиллар сўнг мана шу ерга кўчирилган экан.

Бундан беш-олти йил аввал ижтимоий тармоқда бир видеолавҳага кўзим тушганди. Ўша видеода 2016 йил 15 июлда Туркияда юз берган давлат тўнтаришига уриниш вақтида бир эмас, икки ўғлидан айрилган отанинг айтган гаплари менга жуда қаттиқ таъсир қилган. Ота махсус тадбирда сўзга чиқиб, ўғилларининг ватан тинчлиги йўлида шаҳид бўлгани ва бундан асло хафа эмаслигини айтди. Шундай гапирдики, сўзларида ҳеч қанақа сохталик йўқ эди. Чол зўрға ўзини йиғидан тўхтатишга ҳаракат қилар экан, залдагиларга қарата: “Агар яна икки ўғлим бўлганида ва улар ҳам ватан йўлида шаҳид бўлса ҳам рози эдим. Ватан бор бўлсин”, деди. 

Бир танишим айтиб қолганди: “Туркияда 2016 йилги воқеалар рўй берган пайтда мен Россияда ишлардим. Бир турк шеригимиз бор эди. У интернет орқали бўлаётган ҳодисаларни эшитибоқ оиласига қўнғироқ қилди. Хотинига: “Дарҳол иккала қизимни олиб кўчага чиқ, мен учун ҳам ватанни ҳимоя қилинглар!” деб тайинлади. Аёл ҳам “хўп бўлади”, деб кўчага чиқиб кетди. Мен ҳайрон қолдим. Агар шунақа воқеа ўзимизда рўй берса, биз уйдагиларимизга “Ликилламай, “писиб” уйда ўтиринглар!” деб тайинлаган бўлардик”...

Туркияга келганимдан сўнг 2016 йилнинг ёзида рўй берган фожеада ҳалок бўлган инсонлар хотирасига ҳурматни кўриб, ҳайратим яна ҳам ортди.

Ҳар йили 18 март Чаноққалъа ғалабаси ва шаҳидлар куни сифатида нишонланади. 1915 йил 18 мартда Усмонийлар қўшини Чаноққалъадаги Дарданел денгиз жангларида ғалабаси қозонган. Ҳозиргача шу сана Туркиянинг барча ҳудудларида, айниқса Чаноққалъа шаҳрида расмий маъмурлар томонидан турли маданий дастурлар билан нишонланади ва ҳалок бўлган турк аскарлари ёдга олинади. 

2002 йил 27 июнда қабул қилинган қонунга биноан Туркияда ҳар йили 19 сентябрь Ғозийлар куни сифатида тантанали равишда байрам қилинади. 

Яна ўша савол: хўш, турклар нега бу қадар ватанпарвар? Она ватанга бўлган бунчалик кучли муҳаббатнинг манбаи қаерда? Бизнинг одамларда ҳам шундай ватанпарварлик туйғуси шаклланиши мумкинми?

Туркияда армия сафида хизмат қилиш алоҳида шараф саналади. Ҳарбий хизматга бориб келганларга (биздагига ўхшаб) давлат тарафидан бирор бир имтиёз берилмайди. Турклар фарзандларига болалигидан ватан ҳимояси йўлида “Ўлсанг – шаҳид, тирик қолсанг, ғозий бўласан!” деган фикр  сингдириб борилади. Одатда, армияга бормаган йигитларга қиз берилмас экан. Ҳеч кимнинг сабабсиз ҳарбий хизматдан қолишга имтиёзи йўқ, фақат университет талабаларигина кечиктириб туришлари мумкин, холос. Армияга 20 ёшдан қабул қилинади, авваллари бир ярим йил бўлган мажбурий хизмат ҳозирда олти ойга туширилган. Хизматни давом эттиришни истаганларга ойлик маош тайинлади.

“Бизда уч ҳолатда хино суртилади. Биттаси, турмушга чиқаётган қизнинг қўлига. Иккинчиси, қурбонликка аталган қўйнинг устига. Учинчиси, армияга кетаётган йигитнинг қўлига. Биласизми нега? Чунки Аллоҳ йўлида жонинг қурбон бўлсин, деган маънода. Динимизда ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлганларни ҳам шаҳид дейилади. Шаҳидларнинг мақоми жудаям юксак. Ватан учун жон бериш ҳам Аллоҳ йўлида жон бериш билан баробар. Бизнинг ёшлар, ҳатто диндор бўлмаган, яъни намоз-ниёзни бошламаганлари ҳам шаҳид бўлишни орзу қилади”, дейди истанбуллик бир суҳбатдошим.

Суҳбатдошимнинг айтишича, ҳатто Туркияда Ислом динига қаттиқ қаршилик қилинган йилларда ҳам шаҳидлик ва ғозийлик тушунчалари давлат қонунларида белгилаб қўйилган. Бирор-бир урушда иштирок этиб, қайсидир маънода ярадор бўлган ҳарбийга ғозийлик унвони берилади. Нафақат армия сафида, балки давлат ишида ишлаётган киши, хоҳ у тиббиёт ходими бўлсин, хоҳ электр устаси ёки муҳандис, фарқи йўқ, давлат хизматини бажараётиб ҳаётдан кўз юмадиган бўлса, унга шаҳидлик мартабаси нисбат берилар экан. 

“Туркия жумҳурияти исломий эмас, дунёвий давлатку? Қандай қилиб бунақа тушунчалар давлат қонунларига киритилган?” дейман ажабланиб. 

“Давлат дунёвий бўлгани билан аксар аҳолиси мусулмон-ку?! – дейди суҳбатдошим ҳам ажабланиб. – Бунинг ҳайрон қоларли жойи йўқ. Бизда шаҳидларнинг жаноза маросими ҳам катта тантана билан ўтказилади, унда бир қанча жамоат ва давлат арбоблари иштирок этади. Жаноза харажатлари давлат томонидан қопланиб, давлат мулозимлари қабр бошида шаҳид оиласига давлат байроғини топширади. Кейин шаҳиднинг уйи олдига махсус чодир тикилиб, давлат мулозимлари бош-қош бўлган ҳолда фотиҳагарчиликни ўтказади. Ўша хонадон дарвозасига байроғимиз қадалади. Шаҳид оиласига бир марталик товон пули тўланади, кейин ҳар ойда бериладиган нафақа тайинланади”.

Шаҳид ва ғозийларнинг оилалари учун бир қатор имтиёзлар берилган экан. Масалан, уларнинг оила аъзоларидан бири хусусий мактаб ё университетларда ўқиса, харажати давлат ҳисобидан қопланади. Давлат мактаб ва университетлари барча фуқаролар учун бепул. Аммо ётоқхоналарда туриш пулли. Ётоқхоналарда барча шароитлар муҳайё. Бундан ташқари икки маҳал иссиқ овқат берилади. Шунинг учун маълум миқдорда тўлови бор. Шаҳид ва ғозийларнинг оиласи вакиллари ана шу тўловдан озод қилинар экан. Бундан ташқари, барча жамоат транспортлари ҳам мазкур оилалар учун бепул. 

Туркиянинг шаҳарларида аксарият аҳоли ижарада яшайди. Чунки уйлар нархи жуда қиммат. Шунинг учун давлат томонидан арзон уйлар қурилиб, шаҳид ва ғозийларнинг оиласига ҳам шу уйлардан навбатсиз берилади. Уларга берилган имтиёзларни санайвериб тугатиш мушкул.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, жамиятда ватан учун жон фидо қилиш ҳақида кўп гапирилганидан ёшлар айни мақомни орзу қилиб ўсади. Бу борада масжид имомларининг ҳиссаси ҳам катта экан. Ҳатто шаҳидларнинг оилаларига ёрдам берадиган дернек (жамият) ва вақфлар ҳам жуда кўплаб ташкил этилган экан.

Кошки бизда ҳам ана шундай яхши ҳислатлар шаклланса, яна ҳам кучайса эди... Кошки... 

Яхшилардан, яхши амаллардан ўрнак олиш ҳам савобли, ҳам саодатли ҳисобланади. Зотан, мақола ҳам шу умидда ёзилди. Бизларга ҳам шундай саодат насиб этсин!..

Абдулазиз Муборак,

Azon.uz’нинг Туркиядаги махсус мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Туркияда зилзила сабабли 7 кунлик миллий мотам эълон қилинди!

374 07:30 07.02.2023

Алижон Аксой: «Инша Аллоҳ, биргаликда бу фалокатни енгиб ўтамиз!»

1027 22:25 06.02.2023

Иккинчи хотин бўлиш айбми? 

1579 20:05 06.02.2023

Ўзбекистон жойлашган минтақада кучли зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли мавжудми? — ФВВ хабари

1268 19:36 06.02.2023

Россия ва Эрон Татаристонда дрон ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда

482 18:10 06.02.2023

Муфтий ҳазратлари Туркия халқига ҳамдардлик билдирди

567 17:41 06.02.2023
« Орқага