Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Тўрт жилдли араб тили қомусий луғати нашр этилди

417

Бугун Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Ал-Қомус: арабча-ўзбекча қомусий луғат» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. 

Тадбирда бир қатор илм эгалари иштирок этишди.

“Ал-Қомус” луғати араб тилининг классик даврдан то бугунги кунги жонли шаклигача аниқ, табиий ва инсоний илмлардан тортиб диний манбаларгача, адабий тил билан бир қаторда турли шеваларгача, матбуотдан оғзаки мулоқотгача, барча-барчасига оид сўз бойлигини ўзида мужассам этган. 

Унда тил жозибасининг ойнаси бўлган турғун иборалар, мақол-маталлар, назму наср намуналари, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлардан кўплаб мисоллар келтирилган.  

"Ўзбек тили заргарлари ҳам араб тили луғатига эҳтиёж борлигини айтгандан кейин ҳам бу луғатга бўлган талаб янада ортди. Биз талабалик даврларимизда фақатгина Барановнинг араб ва рус тилидаги луғати бўларди. Бу луғатдан фойдаланиш учун араб тилидан рус тилига рус тилидан эса ўзбек тилига таржима қилиш керак бўларди. Лекин бошқа манба бўлмагандан кейин шу луғатдан кечаю кундуз фойдаланар эдик. Бугунги кунда биздан кейинги ёш авлодга осон бўлсин деб бу луғатни тузишга қарор қилдик. Ушбу луғатни тузишга ёрдам берган барча ижодкорларга чексиз миннатдорчилик билдираман", - деди профессор Неъматулло Иброҳимов.

Ушбу луғатнинг аҳамияти шундаки, у ўзбек халқининг шонли ўтмиши, илм-фанидан маданиятигача, адабиётидан санъатигача, тилию сўз бойлиги бевосита боғлиқ бўлган, илму маърифат тили бўлмиш араб тилидан ўзбек тилига таржима луғатидир. 

Анжуманда сўзга чиққан шайх Абдулазиз Мансур бугунги кунда олимларимиз фақат ўзбек ва араб тилини эмас балки форс тилини ҳам мукаммал ўрганиши лозимлигини, чунки кўплаб илмий асарлар форс тилида ҳам ёзилганлигини таъкидлаб ўтди.

«Тарихда буюк уламолар форс тилини мукаммал ўрганишган ва шу тилда кўплаб китоблар ёзишган. Аммо минг афсуслар бўлсинки бугунга келиб бизнинг олимларимиз форс тилини четга суриб қўймоқда. Аммо бу тилда жуда кўплаб асарлар ёзилганки қандай қилиб инсон форс тилидаги асарларни ўқимасдан, билмасдан туриб ўзини олим деб, ёзган китобини ҳар томонлама мукаммал ўрганилган деб билиши мумкин. Мен хоҳлардимки ҳар бир олимимиз, нафақат олимлар балки барча илм талбида бўлган инсон ўзбек, араб ва форс тилини билмоғи лозимдир» деди шайх Абдулазиз Мансур.

Шунингдек тадбир давомида бир қатор олимларимиз ўзбек ва араб тиллари ҳақида ҳамда бугун тақдимоти бўлган луғат борасида ўз фикрларини билдиришди.

Ўзбекистон шарқшунослиги, исломшунослиги ва арабшунослиги соҳаларини жаҳон миқёсига олиб чиққан, бу йўналишда ўзига хос мактаб яратган атоқли олим, академик, филология фанлари доктори, профессор Неъматулло Иброҳимов бошчилигидаги Абдулҳаким Орипов, Акмалжон Икромжонов, Абдулҳамид Зайриевлардан иборат муаллифлар гуруҳи томонидан тузилган, 100 мингдан ортиқ сўз ва иборани ўз ичига олган 4 жилдли янги арабча-ўзбекча луғат юртимиз, халқимиз тарихи, илм-фани, маданияти, адабиёти, санъати ва тилини янада яқинроқ таниш, теранроқ билиш йўлида кўприк вазифасини ўтайди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Туркия “Америка овози”ни ўчириб қўйди

119 13:40 02.07.2022

Эронда зилзила содир бўлди

78 13:20 02.07.2022

Мубашшир Аҳмад:  "Фитна тегирмонига сув қуймаслик керак!"

229 12:55 02.07.2022

Қорақалпоғистондан расмий баёнот

773 12:34 02.07.2022

“16 миллион украиналик гуманитар ёрдамга муҳтож” – БМТ координатори

78 12:20 02.07.2022

Исроилнинг Эронга оид яширин маълумотлари тарқалиб кетди

532 12:00 02.07.2022
« Орқага