Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Тўрт мазҳабдан бошқа мазҳаблар кўп бўлган, бироқ...(1-қисм)

1034

Менга бир видеони юбориб, шунга муносабатимни сўрашган экан. Унда бир ҳурматли салафий домла мазҳабсизликни илмий асослашга ҳаракат қилган. 

Менинг соҳам фиқҳ бўлгани ва видеода кўтарилган масалаларда қадимги ва замонавий уламолар сўзларини йиллар давомида жамлаб юрганим боис, ундаги баъзи мулоҳазаларга муносабат билдириб ўтишни лозим топдим. 

Видеони эшитиб чиқиб, жавоб ёзгандим, ҳали тўлиқ ёзиб бўлмасимдан, жавобим 18 бет бўлганини кўриб, уни бу видеодан ташқаридаги бошқа даъволарга жавоблар билан бойитиб, бир неча мақолалар шаклида эълон қилиб боришни маъқул кўрдим. 

Менинг ўша домла ёки у кишига эргашаётганлар шахсларига ҳеч қандай эътирозим йўқ. Балки, мен у домлани ҳам, у кишига эргашаётганларнинг кўпларини ҳам шахсан танийман ва ҳурмат қиламан, яхши кўраман. Бироқ ҳақ мен учун севимлироқ. Шундай экан, унда айтилган ва умматнинг буюк имомлари ва фуқаҳолари хато деб ҳисоблаган баъзи мулоҳазаларга жавоб бериб бораман. 

Агар сиз мен билан ҳамфикр бўлсангиз, сиздан илтимосим, менинг саҳифамни домла ва мухлислари ҳақида ҳақоратлар, ғийбатлар билан ифлос қилманг. 

Агар сиз домлага мухлис бўлсангиз, агар илмий жавобларингиз ёки холис саволларингиз бўлса, ёзиб қолдиринг. Агар шахсимга ҳужумлар, ғийбат – ҳақоратлар ёзмоқчи бўлсангиз, ҳиссиётли монологлар қилишга мойил бўлсангиз, виқорингиз ва ўзингизга бўлган ҳурматингизни тутинг. 

Ўйлайманки, домла ва салафийлик йўли сизнинг ҳақорат – ғийбатлар билан қиладиган ёрдамингизга зор эмас. Маслаҳатим, ё очиқ қалб, очиқ онг ва яхши ният  билан ўқиб кўринг. Ёки индамай кетаверинг. Ахир ҳамма сизнинг йўлингизда юрмайди. Сизга хилоф қилаётганлар ҳаммаси ҳам нохолис, мунофиқ одамлар бўлиб қолмайди. 

Хуллас, иккала томон ҳам Аллоҳ учун таассуб ва ҳаром ишлардан сақлансин. 

Демак, бошладик...

Видеодаги эътирозга сабаб бўлган ёки аксар уламолар, умматнинг буюк имомлари сўзларига мухолиф бўлган нуқталарни зикр қилиб, уларга жавоб бераман, сўнгра ундаги домла кўтарган саволларга асрлар давомида уламолар аллақачон бериб бўлгани жавоблар  – ечимларни эслатиш билан якунлайман.

Видеодаги эътирозга сабаб бўлган нуқталарни видеодаги тартиб бўйича зикр қилдим:

1. Видеонинг бошида домла “қайси мазҳаб далилга мувофиқ бўлса, шунисига эргашамиз” деган. Бу сўз замирида 2 та ботил даъво бор:

Биринчи даъво – “Қайси мазҳаб далилга мувофиқ бўлса, шунисига эргашамиз”, демак, мен эргашаётган қавл ёки мен берган фатво ёки мен танлаган қавл далилга мувофиқ. 

Иккинчи даъво – “Қайси мазҳаб далилга мувофиқ бўлса, шунисига эргашамиз”, демак, менинг гапимдан бошқалар далилга мувофиқ эмас, мухолиф. 

Бу икки даъвога икки хил жавоб бор, қисқа ва хос жавоб ҳамда узунроқ ва батафсил жавоб. Қисқа жавоб шуки, замонамиздаги бир шайх ёки домланинг рожиҳ, деб танлагани унинг наздида далилга мувофиқ, бошқанинг наздида мувофиқ эмас. 

Бошқа имомнинг наздида эса у маржуҳ деган ва эргашмаган қавл далилга мувофиқ. Шундай экан, замонамиздаги домла далилга мувофиқ қавлга эмас, "ўзининг ижтиҳодига кўра далилга мувофиқ деб ўйлагани"  қавлга эргашаётган бўлади. 

Худди шу каби, у бошқаларнинг қавли далилга мувофиқ эмас, деса, унинг назаридагина далилга мухолиф бўлади.

Энди агар у ўзининг илми, фиқҳи, ижтиҳоди ва назари имом Абу Ҳанифа, имом Молик каби имомларникидан пастроқ эканини тан олар экан, танлови уларинг танловидан қандай қилиб рожиҳ – кучли бўлиши мумкин?!

Батафсил жавобни эса алоҳида мақолада ёзаман. 

2. Видеода домла “Бухорийнинг мазҳаби бор” деган. Ислом тарихида Бухорийнинг мазҳабига эргашган 10 та олим ва бу мазҳабда қадимда ёзилган ва фиқҳнинг ҳар бир бобида барча фиқҳ китобларида зикр қилинадиган машҳур масалаларни қамраб олган 10 та фиқҳий асарни келтира оласизми? Агар зикр қила олмас экансиз, нега бундай мазҳаб бор деб даъво қиласиз? 

Имом Бухорий мужтаҳид олим бўлганлар, уларнинг ўз мазҳаблари бўлган, бироқ уларнинг мазҳаблари, фиқҳий ижтиҳодлари ёзилиб, фиқҳий йўл, мадраса сифатида сақланиб қолмаган. Саҳиҳларидаги боблар номлари 100 – 200 та масалани қамраб олар, бир мухтасар китобда 4000 – 5000 минг қавл бўлади.

Қандай қилиб иккаласи тенг бўлсин?!

Агар у зотнинг мазҳаблари сақланиб қолганда ҳам, ўша йўл сўзсиз ҳақ йўл бўлиб қолмасди, балки бошқа мазҳаблар каби бир мазҳаб бўларди. Сиз Бухорийнинг ҳар бир сўзига эргашмайсиз-ку!

Шу ерда мана шу эътирозга алоқадор бўлган видеодаги ва салафий биродарлар кўп такрорлайдиган гаплардан бирига уламолар жавобини зикр қилиб ўтаман. Домла айтганларки, “мазҳаблар фақат тўртта эмас, кўп мазҳаблар бор”. Бу гапни салафийлар кўп такрорлайди, ҳатто баъзилари "дангасалик каби сабаблар билан намоз ўқимаган кофир бўлади" деган гапни айтар экан, 4 имомдан 3 таси бунга қарши эканини айтиб, булар озчилик, салафларнинг юзлаб – минглаб мазҳаблари бўлган, улар олдида булар ҳеч нарса эмас, дейишга борган. 

Бу каби шубҳаларга жавобимиз бир неча нуқталарда:

Биринчи нуқта, 4 мазҳабдан бошқа мазҳаблар ҳам кўп бўлган. Масалан, имом Зуҳрий, имом Саврий, улардан олдин саҳобалар мазҳаблари бўлган. Бироқ улар фиқҳий мадраса ўлароқ шаклланиб, бизга ишончли санад билан етиб келмаган. Биз нафақат уларнинг далилларини, балки ўша фатвода қолганларми, ундан кейинроқ қайтганларми, ҳатто буни ҳам билмаймиз. Шунинг учун Мусталаҳ илмининг отаси, буюк муҳаддис ва фақиҳ, шайхул ислом Ибн Солаҳ, имом Заркаший, имомул Ҳаромайн  Жувайний, имом Қарофий, имом Субкий, имом Ибн Муфлиҳ, имом Заҳабий, имом Ибн Ҳажар, Суютий, Ибн Нужайм ва бошқа кўплаб умматнинг забардаст имомлари ҳақ мана шу 4 мазҳаб ичидан чиқмайди деганлар ва кўплари 4 мазҳабдан чиқиш ҳаром эканига ижмо қилинди, деганлар. 

Бу ижмони зикр қилар эканлар, бу билан бошқа имомлар, саҳобалар бу 4 имомдан паст демаймиз, бироқ уларнинг мазҳаблари бизгача тўлиқ етиб келмади, улардан турли китобларда ривоят бўлган баъзи қавллар эса қанчалик саҳиҳ, қандай шартлар ва қайдлар асосида, қандай ҳолларда берилган фатво ва улар ўша қавлдан қайтганларни – билмаймиз. Аллоҳ таоло мана шу 4 мазҳабнинг сақланиб қолишини ирода қилди, шундай бўлди, дейдилар. 

Иккинчи нуқта, тўрт мазҳабдан бошқа мазҳаблар – турли имомлардан ривоят бўлган фатволар орасида ғарoиб фатволар жуда кўп учрайди. Агар салафлардан ривоят бўлган барча қавлни оламан, десангиз, эшшак гўшти ҳалол, рибавий савдоларда фазл ҳалол, мутъа никоҳлари – пул эвазига вақтинча никоҳланиш ҳалол, аёлларга орт томонларидан яқинлик ҳалол, оёқни ювмай, ҳеч қандай оёқ кийимсиз, оёқнинг ўзига масҳ тортиш жоиз, аёл кишининг азон айтиши жоиз, уйланмоқчи бўлгани бир қизни олд – орқа авратидан бошқа ҳамма баданига қараш ҳалол, истинжода сув ишлатиш макруҳ, фақат кесак ё шунга ўхшаш нарса ишлатиш керак, аёллар эркакларга имомлик қилиши жоиз, эркак аёлни ўлдирса, ундан қасос олинмайди ва бошқа бир қанча антиқа фатволарни учратасиз.

Бунинг сабаби ўша имомларнинг илмсизликлари эмас, балки уларнинг қавллари қандай шартларда, қандай ҳолларда, қандай одамлар учун айтилгани ва ундан қайтганларми - йўқми, номаълум эканидир.

Энди 4 мазҳабда эса, бундай фатволар деярли учрамайди, агар 1-2 та топилса, мазҳабда мужтаҳид бўлган кейинги олимлар бу фатволарни тўғрилаб кетган бўлади. 

Агар салафи борми, эргашаверсин, десангиз, эртага биров эшшак гўштидан сомса қилиб сотади, бошқаси фоҳишахона очиб, мутъа никоҳи деб туриб олади, ҳаммаси салафим бор дейди. 4 мазҳабни инкор қилиб, 1000 та ботил мазҳаб яратган бўласиз. 

Учинчи нуқта, бутун дин шу 4 мазҳабга чекланганми, деган одам билиши керакки, 4 мазҳаб бу 4 та имомнинггина гаплари эмас. Балки бу 4 мазҳабнинг ҳар бири унда фақиҳ бўлиб, юз минглаб китоблар ёзган 1200-1300 йил ичида яшаган деярли барча фақиҳ – олимлар мазҳаби. Масалан, шофеий мазҳаби биргина имом Шофеий эмас, имом Бувайтий, имом Музаний, имом Қаффол Шоший, имом Мавардий, имом Рофеий, имом Нававий, имом Ибн Солаҳ, имом Ибн Касир, имом Ибн Ҳажар, имом Ромлий, Имом Субкий, имом ибн Субкий, имом Суютий, имом Ироқий – қўйингки, минглаб уламолар мазҳаби. Шу уламолар йиллар давомида бу мазҳабни шакллантириб, сайқаллантириб, бугунги буюк бир илмий мерос шаклига олиб келди. Бошқа 4 мазҳабнинг ҳар бири шундай.

Энди ўйлаб кўринг, мен мазҳабга эргашмайман, далилга эргашаман, қайси мазҳабдан бўлса ҳам олавераман, деган салафийлик мазҳаби қачон пайдо бўлди? Шу йўлга қадимда эргашган 10 та – 20 та олимни келтира оласизми? 4 мазҳаб шакллангач, уларга эргашмаган, ўзи мазҳаб яратган қадимги имомлардан ва уларнинг китобларидан нечта санаб бера оласиз? 

Бундай йўл тутганлар 4 та мазҳабдан бирига эргашганлар орасида неча фоизни ташкил қилади? 1 фоизга ҳам бормаслигини ўзингиз ҳам биласиз-ку!

Бу ерда яна бир кўп такрорланадиган даъво – 4 мазҳаб уламолари баъзи масалаларда имомига хилоф қилган. Масалан, Нававий муато савдосида (олдим – бердим демай, сукут қилган ҳолда савдо қилиш масаласида) бундай савдо жоиз, деб имом Шофеийга хилоф қилган. Биз ҳам шундай қиляпмиз, дейишади. 

Бу даъвога жавоб: имом Нававий Шерозийнинг "Муҳаззаб"ини шарҳлар экан, 30-40 мингдан зиёд масала зикр қилган, имомига шундан 10 та ёки 50 тасида хилоф қилган бўлса (унчага бормаслиги сир эмас), бу неча фоиз масалада хилоф бўлади? 0.01 фоиз ҳам бўлмайди-ку?! Қандай қилиб шуни бизнинг асримизда пайдо бўлган, ҳар бир масалада ҳар хил мазҳабни олиб кетаверадиганлар йўлига қиёслаш мумкин?!

Масалан, мен ҳанафийман, деб даъво қиладиган салафий даъватчилар неча фоиз масалада ҳанафий мазҳабига амал қиляпти? Тарихда мазҳабга шундай муомала қилган олимлар бўлмаган экан, қандай қилиб бу янги йўл асрлар оша уламолар тутган йўлга ўхшатилиши мумкин?!

Қолаверса, Нававий, бу – Нававий! Фиқҳда, ҳадисда, ибодатда имом бўлган зот! Бугунги мазҳабсизларнинг қайси бири мен Нававийчаликман дея олади?!

(давоми бор)

Маҳмуд Усмон

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ярим тундаги дарслар

192 23:00 02.03.2021

Афғонистондан 24 нафар ватандош олиб кирилди

203 22:23 02.03.2021

Диний идора сўров ўтказган эди, жавоби нега эълон қилинмади?

1439 11:44 02.03.2021

Путин билан гаплашган Пашинян “Искандар” ҳақидаги фикрини ўзгартирди

750 10:30 02.03.2021

БМТ Сурия ҳукуматини жиноятларда айблади

240 10:00 02.03.2021

Франциянинг собиқ президентига жазо тайинланди

252 09:00 02.03.2021
« Орқага