Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Тўрт нафар президенти қамалган давлат

2123

Жанубий Корея (расман Корея Республикаси) Шарқий Осиёдаги давлат. Корея ярим оролининг жанубий қисмини ташкил этади; қуруқликда ягона Шимолий Корея билан чегарадош. Пойтахти – Сеул шаҳри. Расмий тили: корейс тили. Умумий майдони - 100,363 км2. Аҳолиси - 51,6 миллион киши. Пул бирлиги – вон.

Тарих

Биринчи Корея подшоҳлиги милоддан аввалги VIII аср бошларида пайдо бўлганлиги хитой манбаларида қайд этилган. VII аср охирида Кореянинг Учта қироллиги Силла ва Балхейга бирлашганидан кейин Кореяни дастлаб Гореолар сулоласи (918–1392) сўнг Чжусон сулоласи (1392–1897) бошқарган. Кейинчалик Корея империяси 1910 йилда Япония империяси томонидан босиб олинган. Иккинчи Жаҳон Урушидан кейин Корея икки қисмга бўлинган: Совет Иттифоқи эгаллаган шимолий қисм ва АҚШ эгаллаган жанубий қисм. Бирлашиш бўйича музокаралар муваффақиятсиз тугаганидан сўнг, 1948 йил августда Корея яримороли икки қисмга, Корея Республикаси ва Шимолий Кореяга бўлинган. 1950 йилда Шимолий Кореянинг босқини Корея урушини бошлаб берган. Бунда (АҚШ бошчилигида) БМТ аъзолари Жанубий Кореяни, Хитой ва Совет Иттифоқи эса Шимолий Кореяни қўллаб-қувватлаган.
1953 йилда уруш тугагандан сўнг, мамлакат иқтисодиёти кўтарила бошлаган; 1980-1990 йилларда мамлакат дунё бўйича аҳоли жон бошига ўртача ЯИМнинг энг тез ўсишини қайд этиб, “Осиё йўлбарси” номига сазовор бўлган. Жанубий Кореяда демократия ривожланган бўлишига қарамай, коррупция ва сиёсий можаролар жиддий муаммо бўлиб қолмоқда; ҳозирда Жанубий Кореянинг тирик тўрт нафар президенти ҳам ваколатларини суиистеъмол қилиш оқибатида турли жиноятлар учун қамоқ жазосига ҳукм қилинган; ҳозирда иккитаси жазо муддатини ўтамоқда.

Бугунги Корея

Жанубий Корея ривожланган давлат бўлиб, Осиёда инсон тараққиёти кўрсаткичлари бўйича еттинчи ўринда туради; иқтисодиёти номинал ЯИМ бўйича дунёда ўнинчи ўринни эгаллайди. Мамлакат фуқаролари дунёдаги энг тез Интернетга уланиш тезлиги ва энг зич тезюрар темир йўл тармоғидан фойдаланадилар. Мамлакат экспорт бўйича дунёдаги бешинчи ва импорт бўйича саккизинчи ўринда туради. Жанубий Корея 2017 йилда дунёдаги углерод чиқиндилари миқдори бўйича 7 ўринни эгаллади. Жанубий Корея ИҲТТ, G20 ва Париж Клуби аъзоси.

Давлат тузилиши

Жанубий Корея – унитар президентлик республикаси. Амалдаги Мун Чже Ин 19-президент ҳисобланади. Жанубий Корея Коррупцияни баҳолаш индексида 100 дан 57 балл тўплаб, 45-ўринни эгаллаб турибди (Осиё-Тинч океани минтақасида 9 ўрин). Жанубий Кореянинг асосий маъмурий бўлинмалари 9та вилоят, 6та метрополитен шаҳар, битта махсус шаҳар ва битта махсус ўзини ўзи бошқарадиган шаҳардан ташкил топган.

Қизиқарли фактлар

  1. ЖССТ маълумотларига кўра Жанубий Корея дунёнинг ривожланган мамлакатларидан бири бўлишига қарамай, мамлакат аҳолиси Осиёдаги энг ашаддий спиртли ичимликлар ичувчи халқ ҳисобланади.
  2. Уруш расман 1953 йилда тугаган бўлса-да, Жанубий Корея расмий тинчлик шартномасини имзолашга рози бўлмаган, демак, Жанубий Корея ҳали ҳам бутун ярим оролни ўз ҳудуди деб билади.
  3. Жанубий Корея - кредит карталаридан энг кўп фойдаланиладиган давлатлардан бири. Кредит карталарини қабул қилмайдиган жойни топиш қийин.
  4. Баъзи манбаларга кўра дунёдаги энг тезкор интернет Жанубий Кореяда деб ҳисобланади.
  5. Мамлакат аҳолисининг деярли ярми (25 миллион киши) дунёдаги бешинчи йирик метрополитен бўлган Сеулда яшайди.
  6. Дунё миқёсидаги энг йирик технологиялардан бири бўлган Samsung компанияси Сеулда жойлашган. Ушбу компания Жанубий Корея умумий экспортининг бешдан бир қисмини ишлаб чиқаради.
  7. Кореяда Samsung, Hyundai, LG Electronics, KIA Motors ва бошқа кўплаб дунёга машҳур компаниялар жойлашган.

Дин

Барча фуқаролар учун дин эркинлиги Корея Республикаси Конституциясининг 20-моддасида кафолатланган. Дин давлатдан ажратилган. Pew Research Center маълумотларига кўра (2021), аҳолининг тахминан 46% ҳеч бир динга алоқаси йўқ, 23% буддавийлар, 29% христианлардир. 2015 йилги миллий аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра аҳолининг 56,1% диндор эмас.

Ислом

Жанубий Кореяда Ислом озчилик динидир. Мусулмонларнинг асосий ва энг катта жамияти Сеулда жойлашган, мамлакат бўйлаб бир қанча масжидлар мавжуд. Корея мусулмонлари федерацияси маълумотларига кўра, Жанубий Кореяда 100 мингга яқин мусулмон яшайди ҳамда уларнинг 70-80 фоизини чет эллик мигрантлар ташкил этади. Сеулда Жанубий Корея мусулмонларининг 40% яшайди. Ташқи ишлар вазирлиги 2004 йилдан бери ҳар йили Рамазон ойида мусулмонлар учун ифторлик зиёфатини уюштириб келмоқда. Мусулмонлар умумий аҳолининг атиги 0,2 фоизини ташкил қилади. Бироқ, кундан-кунга жадаллашиб бораётган мусулмонлар миграцияси Корея мусулмон жамоаларининг кўпайишига олиб келмоқда.

Ислом дини Корея яриморолида узоқ тарихга эга. VIII асрда мусулмон савдогарлар кореяликлар билан алоқалар ўрнатишган. XVI асргача Кореяда Ислом амалда кўзга кўринмаган; фақатгина XX асрга келиб қайта жонланган.

Корея уруши пайтида Туркия БМТнинг “Турк бригадаси” деб номланган бўлинмаси остида Жанубий Кореяга ёрдам бериш учун кўп сонли қўшин юборди. Уруш майдонидаги жасоратлардан ташқари, турклар инсонпарварлик ишларида ҳам ёрдам бериб, уруш етимлари учун мактабларни бошқаришда ёрдам беришган. Турк аскарлари даъвати таъсирида Исломни қабул қилганлар 1955 йилда Корея мусулмонлар жамиятини тузишган; ўша пайтда Имун-донгда биринчи Корейс масжиди қурилган.

Мусулмон муҳожирлар асосан Яқин Шарқ, Марказий Осиё, Жанубий Осиё ва Жануби-Шарқий Осиё каби минтақалардан кўчиб келишган. Pew Research Center маълумотларига кўра Жанубий Кореяда ҳозирда 103 мингга яқин мусулмон бор.
Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, Жанубий Кореянинг Кожедо шаҳрида янги очилган масжид шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг номига қўйилган.

Масжидлар

Бусан ал-Фатҳ масжиди.

Жанубий Кореянинг Пусан шаҳридаги Геумжеонг тумани Намсан-донгдаги масжид. Масжид 1980 йилда Ливиянинг хайрия маблағлари ҳисобига қурилган. Масжид Бусан метросининг Дусил станцияси яқинида жойлашган.

Дажеон Ислом маркази

Ушбу марказ 2006 йил декабрь ойида Жанубий Кореянинг Даежон шаҳридаги Юсеонг-гу шаҳрида очилган. Бу ерда ҳалол таомлар, масжид, Исломни маркази ва бошқа бир қанча имкониятлар мавжуд.

Сеул марказий масжиди

Сеул марказий масжиди - 1976 йилда Сеулдаги Итаевон шаҳрида очилган масжид. Унда инглиз, араб ва корейс тилларида маърузалар ўқилади. Жума намозига 400-500, баъзида 800га яқин намозхон қатнашади.

Саудия Арабистони ҳукумати ва бошқа бир қатор Яқин Шарқ давлатлари масжид қурилишига ёрдам бериш учун маблағ ажратишган. Сеул марказий масжиди Жанубий Кореяядаги энг катта масжид ҳисобланади. Масжид ўзига хос исломий дизайни билан ҳам ажралиб туради. 

Фахриддин Расул ўғли

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шавкат Мирзиёев Андижонга боради

323 11:47 14.06.2021

Татаристон президенти 16-17 июнь кунлари юртимизга ташриф буюради

380 13:15 11.06.2021

Ўзбекистон — Тожикистон муносабатлари дунё нигоҳида

886 11:45 11.06.2021

Тарихда бугун: Сурия президенти Ҳофиз Асад оламдан ўтди

909 19:55 10.06.2021

Шавкат Мирзиёев Тожикистон Президенти томонидан тантанали кутиб олинди

541 11:55 10.06.2021

Шавкат Мирзиёев Тожикистонга жўнаб кетди

275 09:46 10.06.2021
« Орқага