Тўрт ёшли қизчанинг ибрати…

09:00 01.03.2018 868

Автобус тирбанд. Бўш ўриндиқ йўқ. Тўрт ёшлар чамасидаги қизчаси билан аранг илиниб олган Ҳомиладор аёл, биров жой бўшатармикин, деган умидда қўл телефонларига термулиб ўтирган ёшларга қараб қўярди. Улар парвойи фалак. Кўрса хам кўрмаганга олиб, жой беришмади. Шу вақт ёши олтмишдан ўтиб қолган зиёлинамо киши ўрнидан туриб, илтифот қилди:

- Ўтиринг, қизим! Узр, эътибор қилмабман.

Аёл рад қилди. Аммо у кескин бош чайқаб, она-болани ўтиришга мажбур қилди.

Аёл хижолат бўлса хам, ўтирди. Аммо қизча “ўтирмайман” деб туриб олди. Бояги одам чўнтагидан бир дона конфет олиб узатар экан, “нимага ўтирмаяпсан, она қизим?” деб сўради.

- Cиз туйганда мен ўтияманми, амаки? Унақа тайбия олмаганман. Катталай туйганда ўтилиб кетолмайман.

Унинг жавоби жаранглаб чиққани учун Ҳамма эшитди. Ўриндиқларга михланиб қолган ёшлар телефонларидан бошини кўтариб, дув этиб ўрниларидан қўзғалишди.

Яшавор! Миттигина қизча одобсизларни зўр тарбиялаб қўйди-я. Ана бўларкан-у! Ўзиям эллик фоиз ўриндиқлар бўшаб қолди.

Аммо бекорга хурсанд бўлган эканман. Эшик олдига келган ёшлар қандайдир олийгох бекатида тушиш учунгина қўзғалишган экан. Уларнинг ўрнига бошқалари чиқди. Бояги зиёли одам ва қизча хамон тик, янги чиққанлар эса яхшилаб ўрнашиб, аллақачон телефонларни қўлга олишганди...

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!