Тўртинчи бўлим. Олимларнинг ахлоқи

20:00 26.08.2019 372

Ўтган уч бўлимда олимлик учун шарт бўлган омиллар ҳақида сўз юритдик. Биринчи омил – олимлар қадрини билиш; иккинчиси – олим бўлиш учун борини сарфлаш; учинчиси – вақтни қадрлаш эди.

Мазкур уч омил мусулмонга ҳам, ғайридинга ҳам тегишлидир. Ушбу омиллар тақводор олимга ҳам, фосиқ олимга ҳам алоқадор эди. Аммо шундай омиллар борки, у фақат мусулмонларга тегишли бўлади, ғайридинлар уни тушунолмайди.

Ислом ваҳий динидир. Аллоҳ бу динни қиёматга қадар давомий қилди. Бу дин олимлари пайғамбарлар меросхўрларидир. Демак, улар пайғамбар ахлоқи билан зийнатланган бўлиши лозим.

Муайян хулқлар, ўзига хос сифатлар борки, мусулмон олим уларни ўзида мужассам этиши керак. Қисқача айтганда, улар исломий ахлоқдир. Уламо шундай бўлсинки, одамлар унда Исломни кўрсин.

Аввало, ихлосли бўлмоқ лозим. Ихлос илм ҳосил қилишдаги биринчи қадамдир. Барча амалларимиз, жумладан, илмимиз ҳам ихлосимизга қараб баҳоланади. Ихлос билан юқори мартабага кўтариламиз.

Ихлос инсон қалбидаги Аллоҳ Таолодан бошқа ҳеч ким билмайдиган сирдир. Биз илмни нима учун ўрганамиз? Илм олишдан мақсад нима? Олим бўлишимизнинг боиси не? Мақсад Аллоҳ Таолони рози қилиб, дўзахдан сақланиш ва жаннатига дохил бўлишми ёки пул топиш, одамларга мақтаниш, дунёда яхши яшашми?..

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадисга эътибор беринг: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қиёмат куни биринчи бўлиб ҳукм ўқиладиган киши (одамлар кўзича) Аллоҳ йўлида шаҳид қилинган кишидир. У олиб келинади, Аллоҳ Таоло унга берган неъматларини эслатади, у эслайди, Аллоҳ унга: “Шу неъматларим шукри учун нима қилдинг?” дейди. “Сенинг йўлингда жанг қилдим ва шаҳид қилиндим”, дейди. Аллоҳ: “Ёлғон айтдинг, сен “фалончи зўр экан” дейишсин учун уришгансан, шундай деб айтилди”, дейди. Сўнгра у юзи билан судралиб дўзахга ташланади”.

Мана, жанг майдонида энг қадрли нарсаси бўлмиш жонини берган кишининг аҳволи: юзтубан дўзахга судралиш. Аллоҳ унинг кўнглидан ўтганини билди, у одамлар кўзида энг олий даражага кўтарилганди, инсонлар у ҳақида “ботир, паҳлавон, мард”  дейиши учун жанг қилган эди. У ўйлагандай бўлди, одамлар гапирди, дунёда насибасини олди, лекин охиратда бенасиб бўлди. “Албатта, Аллоҳ одамларга бирор нарсада зулм (ноҳақлик) қилмайди. Лекин одамлар ўзларига зулм қиладилар” (Юнус сураси, 44-оят).

Иккинчи бўлиб ҳукм ўқиладиган киши илм ўқиб, Қуръон ўқиб, бошқаларга ҳам ўргатган киши. У олиб келинади. Аллоҳ Таоло унга берган неъматларини эслатади, у эслайди, Аллоҳ унга: “Шу неъматларим шукри учун нима қилдинг?” дейди. У: “Илм ўрганиб, одамларга ҳам ўргатдим, Сен учун Қуръон ўқидим”, дейди. Аллоҳ: “Ёлғон айтдинг, илмни одамлар сени олим дейиши учун ўргандинг, Қуръонни зўр қори экан, дейишлари учун ўқидинг, мана, айтилди ҳам", дейди, сўнгра буйруқ берилади ва у дўзахга юзтубан судралади.

Олим ҳаракатчан ва одамларга таълим берувчи бўлса-да, жаҳаннамга юзтубан судралди. Чунки унда ихлос йўқ эди, нияти шахс манфаати, халқ олдида машҳур бўлиш эди, ниятига эришди ҳам. Одамлар у хоҳлагандай гапирди, дунёда насибасини олди, охиратда бенасиб бўлди.

Учинчи бўлиб ҳукм ўқиладиган киши – Аллоҳ ризқини кенг қилиб, унга мол-дунёнинг барча турларини берган киши. У олиб келинади, Аллоҳ унга берган неъматларини эслатади, у эслайди. Аллоҳ унга: “Шунча неъматларим эвазига нима қилдинг?” дейди. У: “Сен эҳсон қилинишини яхши кўрадиган ҳамма жойга эҳсон қилдим”, дейди. Аллоҳ “Ёлғон айтдинг, одамлар “сахий бой” дейишлари учун эҳсон қилдинг, айтилди ҳам”, дейди. Сўнгра у ҳам дўзахга юзтубан судралади (Муслим ривояти).

Бу жиддий масала. Халқ орасида кофирлар, мунофиқлар, катта гуноҳ эгалари, ҳалок қилувчи амал қилиб қўйганлар бўла туриб, оламлар Раббиси шу уч тоифани биринчи бўлиб ҳисоб қилади. Ахир дунё шулар билан қизиқарли эмасмиди?..

Ушбу ҳадис бизга муҳим бир ҳақиқатни англатади. Ҳақиқат шуки, ихлос ила Аллоҳ розилиги учун қилинмаган амаллар қийматсиздир. Аллоҳ Таоло айтади: “Дарҳақиқат, Сизга ва Сиздан олдинги (пайғамбарларга) (шундай) ваҳий қилинган эди: “Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта, қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурсан” (Зумар сураси, 65-оят).

Ихлос биринчи ва доимий қадамдир. Ихлос ҳам илм каби қадри баланд, қимматбаҳо нарсадир. Ихлос бир-икки кунда эришиладиган хислат эмас. Илм йўлида бошдан охиригача ихлос сари интилишдир.

Инсон нафси вақт ўтиши билан ўзгариб туради. Қалб ўз номи билан қалб: гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа оғади. Инсон гоҳида яхши ният билан бир ишни бошласа, кимдир уни мақтаса ёки улуғласа, ёқиб кетади. Натижада холис ниятига путур етиши, шу тариқа инсон ихлосини йўқотиб қўйиши мумкин.

Суфён Саврий айтади: “Ҳеч бир амалда ниятни тўғрилашда қийналганимдек қийналмаганман. Чунки ният айланиб келаверади” (Ибн Ражаб Ханбалий. “Жомеъул улум вал ҳикам”).

Яҳё ибн Муоздан сўрашди: “Банда қачон ихлосли бўлади?” У жавоб берди: “Қачон хулқи чақалоқнинг хулқига ўхшаса. Чақалоқ биров мақтаса ҳам, ёмонласа ҳам парво қилмайди”.

Юсуф ибн Ҳусайн айтади: “Дунёда энг азиз нарса ихлосдир. Қалбимдан риёни кетказиш учун қанча ҳаракат қилсам ҳам, у яна бошқа рангда ўсиб чиқаверади” (Ибн Ражаб Ханбалий. “Жомеъул улум вал ҳикам”).

Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен қачон мажлисда Аллоҳни зикр қилиб, камтарин бўлиб ўтирсам, мажлис аҳлидан олий бўлдим. Қачон мажлисда ҳаммадан зўрман, олимман деб ўтирсам, шарманда бўлдим” (Нававий. “Бўстонул орифийн”).

Талаба аввало ниятини тўғрилаши лозимлиги Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисида таъкидланади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким илмни Аллоҳдан бошқаси учун талаб қилса ёки илм билан Аллоҳдан бошқасини истаса, дўзахдан жойини тайёрлайверсин” (Термизий, Ибн Можа ривояти).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким илмни эси пастлар билан тортишиш учун ўқиса ёки олимларга мақтаниш, одамларни ўзига қаратиш учун ўқиса, у жаҳаннамдадир” (Термизий, Ибн Можа ривояти).

Бир куни Фузайл ибн Иёз ва Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳлар бирга ўтириб иймонлашди, қалблари эриб кўз ёш тўкди. Суфён Саврий: “Бу мажлис бизга Аллоҳнинг раҳмат ва баракаси бўлади, деб умид қиламан”, деди. Фузайл ибн Иёз: “Мен бизнинг зараримизга бўлмаса эди деб қўрқаман, чунки иккимиз ҳам бир-биримизга чиройли гаплар гапирдик, бир-биримизни хурсанд қилишга уриндик”, деди. Суфён Саврий йиғлаб: “Аллоҳ қалбингизни бунданда тирик қилсин, қалбимни тирилтирдингиз”, деди (Заҳабий. “Сияру аъламун нубалаа”).

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Қанийди одамлар мендан илм ўрганишса-ю, менга нисбати берилмаса” (Ибн Ражаб Ханбалий. “Жомеъул улум вал ҳикам”).

Олимларнинг яна бир гўзал хулқи дунёга камхаржлигидир. Дунёга қизиқмаслик ихлоснинг натижаси ва мевасидир. Олим ўқиган илмида холис, мақсади дунёга етишиш бўлмаса, у зуҳд (дунёда камхарж бўлиш) хулқи билан зийнатлана олмайди. Олим илми билан мол-дунё изламасин, кўпчилик шу нуқтада қийналади, айниқса, ҳаётий илмлар олими асосий даромадни илмдан қилади. Натижада илм омонат эканини унутиб қўяди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳга қасам, сизларнинг камбағаллигингиздан қўрқмайман, лекин аввалгиларга кенг қилингани каби кенг қилинишидан қўрқаман. Аввалгилар дунёда мусобақалашганидек мусобақалашиб, улар ҳалок бўлгандай ҳалок бўласиз деб қўрқаман” (Бухорий, Муслим ривояти).

Илмни фақат пул учун ўрганишимиз жуда хатарли ишдир. Ундан-да хатарлироғи Аллоҳ Таоло кенг ризқ эшигини дунёга очиб қўйиши, дунё бизни ўз домига тортиб кетишидир. Пул беришсагина илм тарқатамиз-у, пул йўқ жойда биз ҳам бўлмаймиз!

Афсуски, илмни даромад манбаи қилиб олиш ҳаётий илм эгалари билан бирга диний илм эгаларида ҳам кузатилади. Менинг бир танишим Ғарб давлатларининг бирида имом-хатиб эди. Масжид билан шартнома муддати тугагандан сўнг бошқа иш излади. Унинг мақсади пул топиш эди, нима иш қилишидан қатъи назар (илми тарқалмай қолса ҳам, динига хизмат қилмаса ҳам, масжидлар ёпилиб кетса ҳам), унинг шахсий манфаати устун эди.

Афсуски, танишимнинг уйи масжидга жуда яқин бўлса-да, жамоатга келмай қўйди. Маош бермай қўйилгани сабаб жамоат намози ҳам йўқ бўлди. Ажабо, ўша танишим ўтган уламолар дин учун қандай фидойилик қилганини маъруза қиларди. Энди эса ойлик йўқлиги учун ўзи масжидга келмаяпти...

Яна бир имом дам олиш кунлари масжидга келмас экан. Ажабланарлиси, у масжид яқинидаги уйлардан бирида яшар экан! Мўмин ҳеч қачон фитнадан кафолатланган эмас. Аллоҳдан динда собитқадам қилишини, фитналардан саломат қилишини сўраймиз.

Шунга ўхшаш ҳолатлар имомлардан бошқа аҳли илмларда ҳам учрайди. Урдунда бўлган кезларим бир танишим машҳур даъватчидан нолиди. Айтишича, шайх радиога даъват учун таклиф қилинганда, аввал ҳисоб-рақамига фалонча пул ўтказиш шартини қўйибди. Ахир шайхларга пайғамбарлар ишини давом эттириш имконияти берилмаганми? Катта жамоатга Аллоҳнинг амрини етказиш фурсати юзага келган бир пайтда дунёга бўлган муҳаббатини намоён этди! Уммат оғир кунларни бошидан кечираётганда шайх шахсий манфаати билан овора! Астағфируллоҳ!

Қуръони каримдаги пайғамбарлар қиссаларини ўқир эканмиз, улар доим бир гапни қайтарганининг гувоҳи бўламиз. “Сизлардан унинг (пайғамбарлик хизмати) учун ҳақ сўрамайман” (Анъом сураси, 90-оят), “Эй, қавмим! Сизлардан у (пайғамбарлик хизмати) учун мол-дунё сўрамайман. Менинг мукофотим фақат Аллоҳнинг зиммасидадир” (Ҳуд сураси, 29-оят), “Эй қавмим! Сизлардан (элчилик хизмати учун) ҳақ сўрамайман. Менинг ажрим (мукофотим) фақат мени яратган Зот зиммасидадир” (Ҳуд сураси, 51-оят), “Мен сизлардан унинг устидан (ҳеч қандай) ҳақ сўрамайман” (Фурқон сураси, 57-оят), “Мен сизлардан бу (даъватим) учун мукофот сўрамайман. Менинг мукофотим фақат оламларнинг Парвардигори зиммасидадир” (Шуаро сураси, 109-оят).

Ушбу охирги оят “Шуаро” сурасида бешта пайғамбар тилида такрорланган. Улар Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут, Шуайб алайҳимуссаломлардир.

(Эй, Муҳаммад, уларга) айтинг: “Мен (Пайғамбарлигим учун) сизлардан ҳақ сўрамайман ва мен (пайғамбарликни ўзимча) даъво қилувчилардан ҳам эмасман” (Сод сураси, 86-оят).

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ оят тафсирида айтади: “Аллоҳ Таоло пайғамбарига айтади: “Эй, Муҳаммад, анави мушрикларга “пайғамбарликни етказганимга, насиҳат қилганимга пул сўрамайман”, деб айтинг, яна: “Аллоҳ буюрганини айтаман, ундан зиёдини айтмайман ва ундан камайтирмайман, бу ишим билан Аллоҳнинг юзини ва охират ҳовлисини мақсад қиламан”, деб айтинг!” (Ибн Касир. “Тафсиру Ибн Касир”).

Демак, олим илмини ва даъватини мол-дунёга боғлаб қўйиши тўғри йўл эмас, агар шундай қилса, қиймат куни ўзига қарши кўрсатма бўлади.

Ўз даврида шаҳзодалардан бири Ибн Ҳайсамдан илм ўрганмоқчи бўлди. Аллома шаҳзоданинг вақтини бекорга ўтказиб юборишидан қўрқди, унинг илмга муҳаббатини синаш учун ҳар ой ундан юз динор талаб қилди. Шаҳзода рози бўлди. Уч йилдан сўнг дарс ниҳоясига етди. Хайрлашиш чоғи устоз уч йиллик ойликни шогирдига қайтариб бериб, шундай деди: “Бу пул юртингга қайтганингда, сенга кўпроқ керак бўлади. Сени синаш учун шу нархни айтгандим. Сен ҳақиқий талаба эканингни билганимдан кейин астойдил ўқитдим. Билгинки, яхшиликни амалга ошириш учун хизмат ҳақи, пора, ҳадя олинмайди”.

Хўш, унда аҳли илмнинг тирикчилиги нима бўлади?

Ҳақиқий уламолар ризқ ҳақида ўйламайди. Чунки улар тақдирига битилган ризқдан бўлмаслигини яхши билади. Ризқнинг ўзи эгасини излаб келади. Ризқни кўпайтириб ҳам, озайтириб ҳам бўлмайди.

Олим илм ўрганади ва ўргатади. Илми сабаб кенг ризқ келса, шукр қилади. Агар ризқи торайса, сабр қилади, Аллоҳдан ажр кутади. Ризқи торайиши илм тарқатмасликка важ бўлолмайди.

Олим ўз иши билан машғул бўлиши, илм тарқатиши ва халққа хизмат қилиши лозим. Мол тўплаш, дунё роҳати ортидан қувиш уларга ярашадиган иш эмас. Пайғамбарлар суннати дунёга парво қилмай Аллоҳнинг жамоли учун ҳаракат қилишдир. Агар олимнинг мақсади мол-дунё бўлса, катта фитна бўлиши мумкин. Шайтон инсонни бой бўлсанг, кўп эҳсон қиласан деб алдайди. Бойлик билан фитна ҳам келади. Кўпчилик бундан сақлана олмайди, фақатгина Аллоҳ раҳм қилган бандаларгина омон қолади.

Биз салафи солиҳларимиз мол-дунё билан қандай муносабатда бўлганини ўрганишимиз керак. Абу Бакр Сиддиқ, Усмон ибн Аффон, Абдурраҳмон ибн Авф, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Саъд ибн Убода каби бой саҳобаларнинг мақсади бунё тўплаш бўлмаган. Улар бор вақтини пул топишга сарфламаган. Аксинча кўплари дин йўлида бор мол-мулкидан воз кечган.

Юнус ибн Майсара айтади: “Зоҳидлик ҳалолни харом қилиб олиш ёки молни зое қилиш билан бўлмайди, балки Аллоҳнинг қўлидаги нарса қўлингдагидан ишончлироқ эканига ишонмоғинг, гарчи сенга етмаса-да, мусибат савобига рағбат қилмоғингдир” (Ибн Ражаб Ханбалий. “Жомеъул улум вал ҳикам”).

Катта бойликка эга бўлган инсон ўзгармаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Аллоҳ йўлида дунёсини садақа қилиш тугул ҳатто закот беришига ҳам кафолат йўқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Дунё ям-яшил ҳолвадир. Аллоҳ Таоло сизларни ўтганларнинг ўрнига қолдирди, сизлар қандай амал қилишларингизни кўради, дунёдан эҳтиёт бўлинглар” (Муслим ривояти).

Аҳли илмлар шубҳали нарсалардан, пасткашликлардан, макруҳлардан ўзини сақлаши лозим. Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтади:

Тамагирликни ўлдириб қутулдим,

Чунки нафс тамагир экан, хор бўлади.

Ўлиб ётган қаноатни тирилтирдим,

Қаноат тирилса, ҳурмат сақланиб қолади.

Олимлар зоҳид бўлсин, дегани – улар дунёдан узилиб қолсин, дегани эмас. Ҳамма олимлардан ихтиро ва кашфиётлар кутади. Бу эса ўз-ўзидан олимга бойлик келтиради. Ҳар бир жамият илмда ўзиб кетишни, илмий техникаларга эга бўлишни хоҳлайди. Гап олимнинг нияти тўғри бўлишида, пул ё бойлик тўплашда эмас.

Аҳли илмларнинг ҳақиқий бойлиги ундаги ақл-салоҳиятда. Аҳли илмлар бу бойликларини ҳеч қачон дунё молига алмашмайдилар. Ахир улар пайғамбарлар меросхўрларидир!

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!