Тўртинчи омил: билганига амал қилиш

17:40 28.08.2019 368

Ихлос билан олинган илмга амал қилинсагина самара бўлади. Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: “Қўрқаманки, Раббим қиёмат куни ҳамманинг олдида чақириб: “Эй Уваймир, билган илмингга амал қилмадинг!” – деб қолмасайди!” (Абу Мухаммад Мунзирий. “Ат-Тарғиб ват тарҳиб”).

Хатиб Бағдодий: “Исмоил ибн Иброҳим айтарди: “Биз ҳадис ёдлашдаги ёрдамни унга амал қилиш эвазига сўрардик” (Хатиб Бағдодий. “Жомеъ лиахлоқир ровий”).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларни тўрт тоифага ажратганлар:

1. Аллоҳ мол ҳам, илм ҳам берган инсон.

2. Аллоҳ илм берган, аммо мол бермаган инсон.

3. Аллоҳ мол берган, аммо илм бермаган инсон.

4. Аллоҳ мол ҳам, илм ҳам бермаган инсон.

Биринчи тоифа – Аллоҳ мол ҳам, илм ҳам берган кишилар. Улар энг афзал кишилардандир. Чунки илми молини тасарруф қилади. Мол-дунёсини шариатга мувофиқ сарфлайди. Ҳалол ризқ топади, мол-дунёси унинг илмини тарқатишдан тўсмайди.

Иккинчи тоифа – илм берилгану, мол берилмаган кишилар. Уларнинг нияти тўғри. “Агар менга ҳам мол берилса, илмим ила тасарруф қилардим”, дейди. Улар биринчи тоифа инсонлар билан савоб олишда бир хилдирлар.

Чин ихлос, яхши нияти натижасида бу фақирлар савобда тақводор бойлардан кам эмаслар!

Учинчи тоифа – Аллоҳ мол-дунё берган, аммо илм бермаган инсонлар. Бу тоифа илмсиз бўлгани боис молини нимага сарфлаётганини билмайди, Раббисидан қўрқмайди, қариндошларига яхшилик қилмайди.

Энг ёмони, ҳалол-харомни ажратолмайди. Нафсининг кўйига кириб, кўнглига келган ишни қилади. Улар энг ёмон мартабададир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Пули кўплар қиёматда савоби озлардир, фақат ҳаммага эҳсон қилиб юрганлар бунақа эмас, унақалар камдир” (Бухорий, Муслим ривояти).

Тўртинчи тоифа – Аллоҳ илм ҳам, мол ҳам бермаганлар. “Пулим бўлганида фалончидек маишат қилардим”, дейди. Иккиси ҳам гуноҳда тенгдир. Бу тоифадагилар ҳақиқий бечора мискинлардир. Пули йўқ, илми йўқ, яна Аллоҳ мол-дунё берса, ҳаромга совурмоқчи. Эҳ, шўрпешона инсон! Ақлингни ишлат, эсингни йиғ, Ислом ила бўл, нажот топасан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қиёмат куни бир киши олиб келинади ва дўзахга улоқтирилади, унинг ичак-чавоқлари чиқиб кетади, эшак тегирмон атрофида юрганидек ичак-чавоғини судраб юради. Дўзах аҳли унинг атрофига тўпланиб: “Эй, фалончи, сенга нима бўлди, ахир сен бизларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарар эдинг-ку?” дейди. У: “Сизларни яхшиликка чақирардиму, аммо ўзим амал қилмасдим, ёмонликдан қайтарардиму, ўзим қилардим”, – дейди” (Бухорий, Муслим ривояти).

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Исро кечаси бир тоифа кишилар ёнидан ўтдим, уларнинг лабларини оловдан бўлган қайчилар билан қирқардилар. “Эй, Жаброил, булар кимлар?” деб сўрадим, “Улар Сизнинг умматингизнинг воизлари, одамларга амру маъруф қиладилару, ўзларини унутиб қўядилар. Ваҳоланки, улар Китоб ўқирлар, ақлларини ишлатмайдиларми?!” деб жавоб берди” (Ахмад, Ибн Хиббон ривояти).

Имом Марвазий айтади: “Имом Ахмад: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ёзган ҳар бир ҳадисимга амал қилганман: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қон олдириб, қон олувчига бир динор бердилар, деган мазмундаги ҳадисни эшитгач, мен ҳам қон олдириб, қон олувчига бир динор бердим, деди” (Заҳабий. “Нузҳатул фузало”).

Айтишларича, имом Ахмад аҳли аёлларидан чўри сотиб олишга рухсат сўраган. Рухсат беришгач, чўри сотиб олиб, исмини Райҳона қўйган экан.

Ҳасан Басрийга бир куни қуллар келиб, жума хутбасида “қул озод қилиш фазилати” ҳақида гапиришини илтимос қилди. Басрийнинг халқ орасида обрўси яхши эди, биринчи жумада қул озод қилиш ҳақида гапирилмади, иккинчи жумада ҳам гапирилмади. Учинчи жумада қул озод қилиш ҳақида таъсирли маруза қилди. Кўпчилик масжиддан чиқибоқ қул озод қилди. Озод бўлган қуллардан бири имомнинг олдига ташаккур изҳор қилиш учун келди. У нима учун маърузаси уч жума кечикканини сўради. Имом: “Аллоҳ берган мол-мулкимни тўплаб, бир қул сотиб олдим, сўнгра уни Аллоҳ розилиги учун озод қилдим, ўзим амал қилмаган нарсага одамларни буюрувчи бўлиб қолмай дедим”, деб жавоб берди.

Абдураҳмон ибн Маҳдий айтади: “Суфённинг Расулуллоҳдан менга етиб келган ҳар бир ҳадисга амал қилдим” деганини эшитдим” (Заҳабий. “Сияру аъламин нубула”).

Абу Рофеъ айтади: “Абу Ҳурайра билан хуфтонни бирга ўқидим. “Изассамаауншаққот” сурасини ўқиб, сажда қилди, мен “Бу қанақаси?” дедим. У: “Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқасида шу саждани қилганман, у зотга йўлиққинумча сажда қилавераман”, деди” (Бухорий, Муслим ривояти).

Компасни биринчи бўлиб хитойликлар ихтиро қилиб, уни сеҳргарликда ишлатишгани маълум. Компас мусулмонлар қўлига теккач, уни денгизда йўл топиш, қиблани аниқлаш учун ишлата бошлашди.

Механик аллома Жазарий раҳимаҳуллоҳдан халифа таҳоратга сув тайёрлаб берадиган мослама ясаб беришини талаб қилади. Жазарий халифага одам шаклида бир мослама ясаб беради. Унинг бир қўлида кўза, иккинчисида сочиқ бор эди, бошига бир қуш жойлаштирилган. Намоз вақти бўлса, қуш сайрайди, мослама таҳорат учун сув қуяди, сўнгра сочиқ узатади (Муҳаммад Амин Фаршух. “Мавсуату абақиратил ислам”).

"Ислом ва олам" китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!