Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Тушнинг таъбирини айтган “тўқувчининг ўғли”

2079

Муҳаммад ибн Сирин роҳимаҳуллоҳ туш таъбирига моҳир эди. Ўша пайтда у зот "аср Юсуфи" деган лақаб олган эди. У бундан ташқари муҳаддис, фақиҳ эди. Илмни ибн Аббос, Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумдан олган эди. Кейинги босқичда эса имом Молик роҳимаҳуллоҳнинг ҳузурида ҳам илм ўқиган эди.

Ибн Сирин билан Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳнинг орасида қандайдир келишмовчилик бор эди. Ҳасан Басрийнинг ҳузурида ибн Сирин эсланса "қўйинглар ўша тўқувчининг ўғлини эсламанглар!", дер эди. Ибн Сириннинг аҳли кўпчилиги кийим тўқиш билан шуғулланар эди.

Бир оқшом Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ туш кўрди. Тушида у яланғоч бўлиб, қўлидаги таёқ билан гўнг уюмини савалаётган эди. Ҳасан роҳимаҳуллоҳ ғамгин ҳолатда уйғонди. У асҳобларидан бирини ибн Сириннинг ҳузурига юборди. У бориб ибн Сириндан тушни гўёки Ҳасан эмас, ўзи кўргандек қилиб сўради.

Аммо ибн Сирин унга деди:

"Тушнинг соҳибига айт, тушининг таъбири ҳақида тўқувчининг ўғлидан сўрамасин!".

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ соҳибидан бу гапни эшитгач ибн Сирин рохимаҳуллоҳнинг мажлисига келди. Ибн Сирин уни ўрнидан туриб кутиб олди. Улар қучоқлашишди, бир-бирлари билан ярашишди, бир-бирларига танбеҳ беришди. Сўнг Ҳасан Басрий деди:

– Кел энди, буларни қўй! Тушимнинг таъбирини айт! Қалбимни анча машғул қилиб қўйди.

Ибн Сирин деди:

– Ташвиш қилма! Тушингда яланғочлигинг дунёдан яланғочликдир. Яъни, дунёдан узоқликдир. Сен дунё талабидаги инсон эмассан. Гўнг уюми эса дунёдир. Сен дунёнинг ҳақиқатини кўра оласан. Қўлингдаги таёқ эса инсонларга айтадиган ҳикматларингдир!

Ҳасан Басрий сўради:

– Тушнинг соҳиби мен эканлигимни қаердан билдинг?!

Ибн Сирин деди:

– Бундай тушни кўришга сендан муносиб инсон йўқлигидан.

Ибрат:
Инсонлар, тенгдошлар орасида келишмовчиликлар бўлиб турар экан. Агар биров бу нарсалардан омонда бўлиши мумкин бўлганида Ҳасан Басрий ва Муҳаммад ибн Сиринлар бундан омонда бўлишар эди. Инсон ҳаттоки хусумат қилиб турган кишисига нисбатан ҳам оқилона ҳаракат қилиш лозим экан.

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ ибн Сирин роҳимаҳуллоҳнинг туш илмида моҳир эканлигини билиб ундан тушининг таъбирини сўраб одам юбораяпти. Ибн Сирин роҳимаҳуллоҳ эса Ҳасан Басрийнинг тақвосини билгани учун бу тушга ундан бошқа ҳеч ким ҳақли эмас деб билаяпти.

Улуғларимиз ўзаро ихтилофларини имкони борича энг тез фурсатда бартараф қилишга ҳаракат қилишган. Ҳасан Басрий ва ибн Сирин роҳимаҳуллоҳлар ихтилофларини йўқотиб садоқатни тиклашга битта тушни сабаб қилишаяпти!  Аллоҳ бизни ҳам ислоҳ қилсин!

Абдулқодир Полвонов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тушида отасини жаннатда кўрди...

7441 18:00 26.12.2020

Туш таъбири ёхуд инсонлар хурофотга айлантирган илм

2078 19:21 14.10.2020

Туш ҳақидаги ҳадислар

1532 13:30 16.01.2020
« Орқага