Агар шуни ҳам қила олмасак, унда қандай қилиб нусрат ва нажот ҳақида ўйлашимиз мумкин?!

19:00 10.10.2018 839

Ривоят қилинишича, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу қачонки, "Тустар фатҳи"ни эсласалар, доим йиғлар эканлар...

Тустар форснинг мустаҳкам ҳимояланган шаҳарларидан бўлиб, мусулмонлар уни қўлга киритиш учун тўлиқ бир ярим йил қамал қилишган ва ниҳоят шаҳар фатҳ қилиниб мусулмонлар қўлига ўтган эди. Ушбу Тустар фатҳи мусулмонлар ғалаба қозонган энг оғир фатҳлардан бўлган эди.

Жанг натижаси шундай бир ажойиб, гўзал суратда мусулмонларнинг ғалабаси билан якун топган бўлса-да, негадир ҳар сафар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Тустар воқеъасини эсласалар йиғлаб юборар эдилар...

Қизиқ, у кишини нима йиғлатган экан, дейсизми?, Бунинг сабабини ҳозир билиб оласиз...

Тустар қалъасининг эшиклари тонг отишига яқин қолган соатларда мусулмонлар томонидан очиб юборилди. Ўттиз (30000) минг кишилик мусулмон лашкари юз эллик (150000) минг кишилик форс қўшини бор бўлган қалъага бостириб киришди ва рақиблар орасида ниҳоятда беаёв, қизғин, қонли жанг бошланиб кетди. Ҳар бир лаҳза мусулмолар учун ўта хатарли бўлиб, улар ўлим билан юзма-юз турар эдилар. Вазият ниҳоятда оғир ва жуда хатарли бўлишига қарамай, жанг охирида Аллоҳ таоло мўминларга шонли ғалабани ато этди. Мусулмонлар душманлари устидан ажойиб, улкан ғалабани қўлга киритдилар. Аммо ушбу ғалаба эндигина уфқдан қуёш кўтарила бошланган пайтига тўғри келган эди. Ушбу муборак фатҳ кунида мусулмонлар бомдод намозини ўз вақтида ўқий олмаганлари маълум бўлди. Фавқулотда хатарли бўлган жанг майдонида, қонсираган қиличлар орасида мусулмонлар бомдод намозини ўз вақтида ўқий олмаган эдилар.

Шу куни Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳаётида бир мартагина бомдод намозини ўз вақтида ўқий олмай бой бериб қўйгани учун йиғлар эдилар... Ҳа, у зот ўша ҳолатда маъзур, узрли бўлишлари ва мусулмонлар қўшини ҳам узрли бўлишига қарамай, у зот йиғлаган эдилар... Ваҳоланки, мусулмонлар қўшини ўша соатларда Исломдаги амалларнинг энг олийси бўлмиш ибодат билан машғул бўлишган эди.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга ҳар сафар Тустар воқеъаси зикр қилинганида: "Қўйинг, менга Тустарни эслатманг! Дарҳақиқат, у бомдод намозининг вақтини бой беришимизга сабаб бўлган. Зеро, жамики дунё бойликларининг менга берилиши биргина бомдод намозини ўз вақтида адо қилишимдан суюкли эмас", – дер эдилар.

Қиссадан ҳисса:

Шу ўринда биз нима учун ўша буюк зотлар душманлар устидан ғалаба қозона олганларининг сабабини тушуниб етган бўлсак, ажаб эмас..!

Энди ўзимизга бир савол берайлик: Биз учун ҳаётимизда бомдод намозининг қадри қанчалик?

Ул муборак зотлар ўзларининг молу жонлари ва ҳаётларини Аллоҳнинг йўлида қурбон қила олган эдилар, аммо биз-чи, ширин уйқумизни тунги намозлар учун Аллоҳ йўлида қурбон қила оляпмизми?

Агар шуни ҳам қила олмасак, унда қандай қилиб нусрат ва нажот ҳақида ўйлашимиз мумкин?!

Агар намознинг қадр-қийматини қалбларимиз ва ҳаётимизда йўқотадиган бўлсак, муқаррарки, дунёда иззат-шарафимизни йўқотамиз. Натижада кофир қавмлар бизни қутурган итлар каби ортимиздан қува бошлайдилар, сўнг дунё ҳам бизга тор кела бошлайди.

Аллоҳим, Ўзинг бизларни гўзал амаллар қилувчи бўлган ҳолимизда ҳақ динингга қайтаргин!

Аллоҳим, Ўзинг яхши кўриб, ундан рози бўладиган барча солиҳ амалларга бизларни муваффақ айла, ё Рабб!

Абдулҳодий Юсуф

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!