Тузалмайдиган жароҳат: Сребреница қатлиоми

18:30 11.07.2018 947

Сребреницадаги қатлиом Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европада юз берган энг оммавий ва даҳшатли қирғин ҳисобланади. Иккинчи жаҳон урушида Гитлер яҳудийларни нишонга олган бўлса, Сребреницада гитлерсифат серблар мусулмонларни аямай ўлдирди. Босния ва Герцеговинадаги бу ваҳшат дунёнинг яқин ўтмишидаги йирик шармандаликдир. 
БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1993 йилнинг апрелида Сребреница анклавини “хавфсизлик зонаси” деб эълон қилган ва нидерландиялик тинчликпарвар кучлар бу шаҳарда тартибни сақлаши керак эди. Бироқ 1995 йилнинг 11 июлида Серб Республикаси (Босния ва Герцеговина таркибдаги маъмурий тузилма) армияси бу ерни қўлга олди ва кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қирғинни амалга оширди. Хунрезликни генерал Ратко Младич бошчилигидаги Серб Республикаси армияси аскарлари амалга оширди. Югославия бўйича халқаро трибунал маълумотига кўра, қирғинда 7000-8000 (охирги маълумотларга қараганда, 8372 нафар) босниялик мусулмон ваҳшийларча ўлдирилди. Улар оммавий қабрларга кўмиб юборилган. Қурбонлар хокини қидириш ҳали ҳам давом эттирилмоқда. Топилганларнинг кимлиги аниқланади ва Потачари ёдгорлик қабристонига дафн этилади. Бу йил 35 қурбоннинг шахси аниқланди. Қурбонлардан энг ёши 16 ёшар Восид Ибрич, ёши энг каттаси эса 71 ёшли Саҳин Халиловичдир. Қурбонлар орасида ўрмонда эри билан қочаётиб қўлга тушган ва 6 ойлик ҳомиласи бўлишига қарамай ўлдирилган Рамзия Дудич ҳам бор. 
Серб ҳарбийлари Сребреницага кирган пайт 300 киши нидерландиялик тинчликпарвар кучлардан ёрдам сўради, қолганлар эса ўрмон орқали босниялик аскарлар назорат қилаётган ҳудудларга етиб қолишга уринди. Аммо нидерландияликлар ёрдам сўраган мусулмонларни сербларга топшириб юборди. Ўрмон орқали кетаётганлар эса тузоққа тушди: серблар аёллар ва болаларни ажратиб олиб, эркакларни оммавий равишда қириб ташлади. Уларнинг биргина айби мусулмон бўлганида эди. 
Минглаб одамларнинг ўлимига сабабчи бўлган Ратко Младич қонли ҳодисалардан кейин Сербиядан паноҳ топди ва анчагача шу ерда, президент Слободан Милошевичнинг ҳомийлигида яшаб келди. У 2011 йилнинг 26 майида Белград яқинида қўлга олинди ва Гаагага олиб борилди. Младичнинг қўлга олинишидан норози бўлган серблар турли шаҳарларда норозилик намойишларини ўтказди. Генерал Ратко Младич 2017 йилнинг 22 ноябрида Халқаро суд томонидан бир умрга озодликдан маҳрум этилди, унинг ҳамтовоқлари ҳам узоқ йилларга қамалган.  
2007 йилнинг январида Халқаро трибунал серблар амалга оширган қирғинни геноцид – қатлиом деб атади, 2009 йилнинг январида эса Европа парламенти 11 июлни Сребреницадаги қатлиомни хотирлаш куни деб эълон қилди. 2010 йилда Сербия парламенти ҳам қирғинни қоралади, бироқ оммавий қотилликларни қатлиом деб аташни рад этди.  
Бу қирғин учун серб ҳарбийлари билан бир қаторда нидерландиялик тинчликпарвар кучларнинг ҳам айби бор. Ўша пайт Сребреницада бўлган тинчликпарвар кучлар аскарлари қирғиндан қочган мусулмонларнинг ҳарбий базага киришига рухсат бермаган, пировардида улар сербларнинг қўлида ҳалок бўлган. 2017 йилнинг 27 июнида Нидерландия апелляция суди Сребреница қатлиомида Нидерландиянинг ҳам айби борлигини тан олди ва 300 нафар қурбоннинг яқинларига товон пули тўлаш ҳақида қарор чиқарди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!