Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

«У кишининг хулқлари Қуръон эди...»

695

(1-қисм)

Инсон ҳаётда доимо кимдандир ўрнак олиб, кимгадир тақлид қилиб яшайди. Кимдир кучли спортчига, кимдир машҳур олимга. Лекин ўйлаб кўрсангиз, бу инсонлар маълум бир соҳадагина бизга ўрнак бўлиши мумкин, холос. Чунки ҳаммада бир камчилик топилади. Дунёда мукаммал инсонни учратиш қийин. Инсоният яралгандан буён ҳар томонлама мукаммал, жисмонан, ақлан ва маънан етук, сахий, одобли, адолатли, шижоатли, меҳрибон, умуман, барча ижобий хислатларни ўзида мужассам этган шахс ҳам бўлганми? Агар яшаган бўлса, ким у? Биз у кишини таниймизми? Агар танисак у зотнинг ҳаётидан ўрнак оляпмизми? Умуман, инсоният камолотга етиши учун кимдан ўрнак олиши керак? 

Сиз-у бизга мукаммал ўрнак бўла оладиган, ахлоқ чўққисининг энг юқори поғонасидан ўрин олган, дунёдаги барча ижобий хислатларни ўзида жамлаган, қандай ёмон сифатлар бўлса, уларнинг барчасидан холи бўлган зот 571-632 милодий йилларда Арабистон ярим оролида яшаб ўтдилар… Ҳа, пайқаганингиздек у зот Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Қуръони каримнинг “Қалам” сураси 4-оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга қарата: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз”, дея марҳамат қилган.

Мана шунинг ўзи юқоридаги фикримизнинг далилидир. Пайғамбаримизнинг ҳаётларини ўрганиш илмларнинг энг шарафлиси ҳисобланади. Келинг, у зотнинг ҳаётларини, сийратларини ўрганиш ва у кишидан ўрнак олишга киришайлик. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қийинчилик онларида бардошли, йўқчиликда сабрли, доимо  сахий, майдонда шердек жасур, оилада меҳрибон, раҳбар сифатида адолатли, жамият муомаласида жонкуяр ва инсонлар орасидаги энг ростгўйи эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаҳолат зулмати зимистон қилган оламни нурафшон айлаган нур эдилар. У зотнинг ҳаётларини тарих ўрганиб чарчамайди, тиллар айтиб зерикмайди, қулоқлар тинглаб малолланмайди. Ҳеч қайси тарихчи у зотнинг ҳаётини тўлалигича, мукаммал ўрганишга қодир бўлгани йўқ. Аммо Расулуллоҳнинг нурли ҳаётларидан кичик бир шуълани ўрганиб, уни ҳаётимизга тадбиқ эта олсак, ҳаётимиз ёришиб кетиши, нурафшон бўлиши ҳеч гап эмас. 

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ташқи кўринишлари бениҳоя чиройли ва ҳушбичим эди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:  “Мен Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламдан чиройлироқ одамни кўрмадим. Қуёш гўё у зотнинг юзларида балқиб турарди. Кулганларида шуъласи деворларга тушарди”, дея таърифлайдилар. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам камтар ва мулойим эдилар. Кераксиз бирон гапни сўзламас, қаҳ-қаҳ отиб кулмас эдилар. Кулишлари табассум эди. Ўзларини оддий одамлардек тутардилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келди ва ҳайбатлари босиб гапиролмай қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қўрқма, мен подшоҳ эмасман”,  дедилар”. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар билан муомалада ҳам ажойиб ўрнак бўлганлар. Биров билан кўришсалар у кичик ёшли бўлса ҳам аввал салом берардилар ва “Сизларнинг биринчи салом берганингиз Аллоҳга итоатлироғингиздир” дея, бошқаларни ҳам шунга тарғиб қилардилар. Овқатни кам ер ва ниҳоятда кам ухлар эдилар. “Одам боласи қорнидаги ёмон идишни тўлдиролгани йўқ. Унга тўйиши учун бир неча луқма кифоя қилади. Шубҳасиз ошқозоннинг учдан бири таом, яна бири сув, яна бири нафас учундир”, деб таъкидлар эдилар. 

Ахлоқлари мукаммал эди. Ойиша розияллоҳу анҳудан у зот ҳақида сўралганда: “У кишининг хулқлари Қуръон эди. Қуръон рози бўлган нарсадан рози бўлар, ғазабланган нарсадан ғазабланар эдилар”, деб жавоб берганлар.

У зотнинг дуолари шубҳасиз ижобат эди. Мушриклар у кишига мислсиз азиятлар берди. Мушрикларни дуойибад қилинг дейилганда: “Аллоҳим, қавмимни ҳидоят қилгин, чунки улар билишмайди”, дея Яратганга ёлборган эдилар. Бундайин ҳалимликни, бундайин раҳмдилликни дунё кўрган эмас! Мушриклар Расулуллоҳни  туғилган шаҳарлари Маккадан қувиб чиқаради. Вақти келиб катта бир куч-қудрат билан Маккага қайтдилар ва ўзларига азият берган, жабр-зулм қилган инсонларга қараб: “Биласизларми мен сизларни нима қиламан?” дедилар. Шунда мушриклар қўрқиб: “Сахий биродаримизнинг сахий ўғлисан”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: “Озодсизлар!”, дедилар. Йиллар давомида чексиз ёмонликлар қилган душманларга нисбатан муомалалари у зотнинг ниҳоятда кечиримли эканликларини кўрсатади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилавий ҳаётдаги муомалаларидан барчамиз ўрнак олишимиз зарур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто меҳмонларга ўзлари хизмат қилардилар. Ойиша онамиз розияллоҳу анҳу: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ йўлидаги жангдан бошқа бирор кимсани чертмаганлар ҳам. Умрларида на хизматкорни ва на аёлларни урмаганлар. Ўз юмушларини ўзлари бажарар, ҳатто, оёқ кийимларини ўзлари ямар эдилар. Ҳеч ким у зотни одамлар орасида оёқларини узатиб ўтирганларини кўрган эмас”, деганлар. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ниҳоятда сахий эдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Яхшиликка Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўллари жуда очиқ эди. Рамазон ойида янада сахий бўлиб кетардилар”, дея таърифлайди. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларга ўзгача меҳр кўрсатар эдилар. Шаъбий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта эр киши боласининг бошини силашида ҳам ажр-савоб олади”. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни қавмлари “Ал-Амин” яъни “ишончли”, “ростгўй” деб аташарди. Омонатга асло хиёнат қилмас эдилар. У зотга ҳатто душманлари ҳам омонатини ишониб топширарди. У зотнинг ҳаё ва номуслари ҳам ўзгача эди. Ҳатто ҳаёлари юзлари қизариб кетишидан билинарди.   

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганиш жараёнида биламизки, у киши жуда камтар бўлганлар. Камбағаллар ҳолидан кўп хабар олар, улар билан бирга кўп ўтирардилар. Одамлар орасида аҳдга вафо қилишда энг намуналиси эдилар. Қариндошларга яхшилик қилишда барчадан ўзар эдилар. Бировга ёмонлик қилмаган, ёмонликка ёмонлик билан жавоб бермас эдилар. Ҳеч кимга “уфф” демаганлар.  Ҳеч қачон ёлғон гапирмаганлар. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида, у кишининг ахлоқлари ҳақида кўплаб асарлар, бир қанча китоблар ёзилган ва ёзилмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганиш улкан савобдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз ўрнак олишимиз мумкин бўлган ягона инсондир. У кишининг ҳаётларини ўрганиб ўз ҳаётимизга тадбиқ этишимиз даркор. Фарзандлар тарбиясида ҳам Пайғамбаримизнинг ҳаётлари дастуруламал бўлмоғи лозим. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари биз учун мукаммал ўрнакдир.

(давоми бор)

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Тепағон оқсоқол»га чора кўрилди

367 21:09 28.11.2022

Пермь университетида отишма уюштирган шахс бир умрга қамалиши мумкин

167 20:12 28.11.2022

Шаҳбоз Шариф: «Покистон ва Туркия ресурсларни бирлаштириши керак»

261 19:40 28.11.2022

Исроил журналисти: Қатарнинг қатъияти барчани ҳайратга солди

1126 18:35 28.11.2022

Boeing Пентагонга Украина учун арзон кичик ўлчамли бомбалар ишлаб чиқаришни таклиф қилди

239 18:05 28.11.2022

Эрон АҚШ устидан ФИФАга шикоят қилди

757 17:35 28.11.2022
« Орқага