Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

«У кишининг хулқлари Қуръон эди...» (давоми)

708

(4-қисм)

Муҳаммад алайҳиссалом нубувватдан аввал ҳам мулойим феъл-атворли, аҳдига содиқ, инсон шаънига доғ туширадиган ёмон хулқлардан холи, одамгарчилиги устун, хушмуомала, қўшничиликни ўрнига қўядиган, табиати юмшоқ, энг муҳими ростгўй зот эдилар. Аллоҳ у кишининг вужудида мулойимлик, сабрлик, шукроналик, одиллик, камтарлик, иффат, қўли очиқлик, қаҳрамонлик, уятчанлик каби гўзал хислатларни жам этган эди. Ҳатто Абдуддор жамоасидан бўлмиш Расулуллоҳнинг ашаддий душмани Назр ибн Ҳорис ҳам у кишидаги фазилатларга тан бериб, Укоз бозорида ўтган бир йиғинда: «Эй Қурайш аҳли. Сизлар Муҳаммаддан болалик чоғидаёқ хурсанд эдинглар, у орангиздаги энг ростгўй, энг ишончли киши эди, Вояга етиб, пайғамбар бўлганда уни сеҳргарга чиқардинглар. Аллоҳнинг номи билан қасамёд қиламанки, у асло сеҳргар эмас», деган. 

Рум подшоси Қайсар Абу Суфёндан: «Муҳаммад пайғамбарлик даъвосини қилишдан олдин ёлғончилиги учун ҳеч маломатга учраганмиди?» деб сўраганда у: «Йўқ», деб жавоб қайтарган. «Муҳаммад одамларга ёлғон сўзламаган экан, демак Худога ёлғончилик қилиши мумкин эмас», дейди Рум подшоси. 

Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломни болалигиданоқ жоҳилият даврининг қусурларидан асраган, одамлар кўр-кўрона сиғинадиган бут ва санамларни ёмон кўрсатган, у киши бутпарастларнинг ўз санамлари шарафига ўтказадиган байрамларида қатнашмас эдилар. «Ўсмирлик пайтимданоқ бутларни, бемаъни шеърларни ёмон кўрардим. Жоҳилият даврининг ишларини фақат икки марта кўнглим тусади, лекин ҳар икки гал ҳам Аллоҳ ўйлаганимни рўёбга чиқармади. Шундан кейин Тангри таоло мени пайғамбарликка мушарраф этгунга қадар бундай нарсалар хаёлимга ҳам келгани йўқ. Бир куни кечаси қўй боқадиган чўпон болага қўйларимга бироз қараб туришни илтимос қилиб, Маккадаги ёшларнинг тунги сайлида қатнашмоқчи бўлдим. Шаҳарга кириб тўй бўлаётган бир хонадоннинг олдида тўхтаб қолдим. Най, чилдирма, қўшиқ овозига қулоқ тутиб ўтирдим. Бироқ ҳали қулоқларим куй-қўшиқдан роҳатланиб улгурмай кўзим илинибди. Эртасига қуёшнинг иссиқ тафтидан уйғониб кетдим. Кўзлаган мақсадимга етолмай изимга қайтдим. Иккинчи сафар ҳам шу ҳол такрорланди», дея ҳикоя қиладилар Пайғамбар алайҳиссалом. 

Ароқ-шароб ичиш арабларда кенг тарқалган бўлса-да, у киши бу иллатдан ҳамиша ўзларини тийганлар. Аллоҳ пайғамбарлар ваҳийни қабул қилишга лаёқатли бўлишлари учун уларнинг жисмини ана шундай фазилатлар билан зийнатлаган. У зот пайғамбар бўлишдан олдин ҳам, кейин ҳам ҳар қандай гуноҳлардан ҳоли эдилар. Бу зоти муборак болалик чоғлариданоқ яқин келажакда зиммаларига юкланадиган улкан вазифаларга муносиб бўлиш учун, пайғамбарликка эришгач эса, ўз умматларига ибрат кўрсатиш учун ҳам жисман, ҳам руҳан пок эдилар.

Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар бўлишлари арафасида яҳудий ва насроний роҳибларнинг олиб борган фаолиятлари ҳеч кимга сир эмас. Яҳудийлар дунёга келиши кутилаётган пайғамбардан мадиналик арабларга қарши курашда ёрдам кутишарди.  Осим ибн Амр ибн Қатодага ўз қавмининг одамлари бундай дейишган: “Аллоҳнинг раҳмати билан яҳудий душманларимиздан эшитган гапларимиз мусулмон бўлишимизга сабаб бўлди. Биз Аллоҳга ширк келтирадиган бутпараст эдик, яҳудийлар эса аҳли китоб, биз билмайдиган нарсалардан хабардор эди. Улар билан ўртамизда доимо тортишув, уруш-жанжаллар бўлиб турарди. Шунда Яҳудийлар, яқин кунларда Аллоҳ томонидан бир пайғамбар юборилади, у биз билан бирлашиб, худди Од ва Эрам қавмларидек сизларни ҳалок қилажагини айтишарди. Биз бундай яҳудийлардан шу каби гапларни кўп эшитгандик.  Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломни Набий ўлароқ юборганида унга иймон келтирдик. Бу борада яҳудийлардан ўзиб кетишга киришдик. Яҳудийлар эса имон келтиришдан бош тортишди”. 

Араб насронийларидан бўлган Умайя ибн Абу Солт, шаҳримизда юборилажак пайғамбарнинг сифатини китобларда кўп ўқиганман, дер эди.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ҳикоя қиладилар: “Бир коҳин билан суҳбатлашфдим, у: “Эй Салмон, Аллоҳ Аҳмад исмли бир пайғамбар юборади, бу зот Тиҳома тоғи тарафдаги юртдан чиқади. Унинг сифатлари ҳадия қабул қилади, садақани эса рад этади”, деди. Коҳиннинг мана шу гапи Салмон розияллоҳу анҳунинг имон келтиришга сабаб бўлади.

Милодий 610-йил. Набий алайҳиссаломнинг ёшлари 40 дан ошди. Одатда 40 ёш инсон ҳаётининг камолот ёши ҳисобланади. Бу вақтда Набий алайҳиссалом Хиро ғорида Аллоҳнинг зикри ва ибодат ила машғул эдилар. Аллоҳ таоло инсониятни жаҳолат зулматидан маърифат ойдинлигига чиқариш учун у кишини башоратчи ва огоҳлантирувчи пайғамбар қилиб танлади. Аллоҳ ўз элчиси фаришта Жаброилни ваҳий ва нубуват билан юборди.  

Нубувватнинг аввалида Набий алайҳиссалом солиҳ тушлар кўра бошладилар. Уйқуларида қандай туш кўрсалар эртаси куни ҳаётда ўша воқеа очиқ ойдин содир бўлар эди. Сўнгра у зот алайҳиссалом хилватни, одамлардан узоқда бўлишни истаб қолдилар. Кўпинча Хиро ғорида таҳаннус ибодати билан бир неча тун банд бўлар эдилар. Ва ниҳоят Аллоҳ таоло у кишига Ҳақ каломини нозил қилди. “Ўқинг”, деди Фаришта Жаброил у зот алайҳиссаломга. “Мен ўқишни билмайман”, дедилар Расулуллоҳ. Чиндан ҳам Набий алайҳиссалом ўқиш-ёзишни билмас эдилар. Жаброил алайҳиссалом пайғамбаримизни қучоқлаб қаттиқ қисди, Расулуллоҳнинг оёқ-қўлларидан мадор кетиб, бўшашиб қолдилар. Жаброил қўйиб юбориб яна: “Ўқинг!” деди. Пайғамбар алайҳиссалом яна: “Ўқишни билмайман”, дея жавоб қайтардилар. Жаброил яна у кишини қаттиқ қисиб, қўйиб юбордида, “Ўқинг!” деб буюрди. Расулуллоҳ яна: «Ўқишни билмайман», дея жавоб қайтардилар. Жаброил у кишини учинчи марта қаттиқ қисиб қўйиб юборгач Қуръони Каримнинг қуйидаги илк оятларини ўқиди: “Яратган Роббинг номи билан ўқи! У инсонни алақдан яратди. Ўқи, Роббинг Карамлиларнинг Карамлисидир. У қалам билан илм ўргатгандир У инсонга билмаган нарсасини ўргатди”. (Алақ 1-5)

Бу воқедан қўрқувга тушган Набий алайҳиссалом титроқ босган ҳолда уйга шошиб қайтдилар ва аёллари Хадича бинту Хувайлидга “Мени ўраб қўйинг, мени ўраб қўйинг”, дедилар. Секин аста у кишидан қўрқув кета бошлади. Набий алайҳиссалом Хадича онамизга бўлган воқеани айта туриб: “Ўзимдан қўрқиб кетдим”, дедилар. Шунда Хадича онамиз: “Йўқ, Аллоҳга қасамки Аллоҳ сизни ҳаргиз хорлаб қўймайди. Зеро, сиз қариндошлик алоқаларини боғлайсиз, қийинчиликни кўтарасиз, йўқсилларга ёрдам берасиз, меҳмонни икром қиласиз”, дея тасалли бердилар. 

Хадича розияллоҳу анҳо Набий алайҳиссаломни Варақа ибн Навфалнинг ҳузурига олиб келдилар. Варақа ибн Навфал Хадича онамиз амакиларининг ўғли бўлиб, жоҳилият даврида насроний динига эътиқод қилган, кўзи ожиз бўлишига қарамай иброний тилини мукаммал ўрганиб, Инжилдан хабардор эди. Варақа ибн Навфал Расулуллоҳдан нима бўлганини сўради. Набий алайҳиссалом бўлиб ўтган воқеани айтиб бердилар. Шунда Варақа: “Бу Аллоҳ таоло Мусо пайғамбарга юборган “Номус”дир. Қанийди куч қувватим бўлса, қанийди қавминг сени юртингдан чиқариб юборган пайтда тирик бўлсам”. “Мени чиқариб юборишадими”, сўрадилар Расулуллоҳ ҳайрат ила. “Ҳа”, – жавоб берди Варақа – “Тарихда сен келтирган нарсани олиб келган кишилар албатта қийинчиликка дуч келган, агар ўша кунларга етиб борсам, албатта сенга ёрдам берардим”, деди. Бу воқеадан кейин ҳеч қанча вақт ўтмай Варақа ибн Навфал вафот этди.

(3-қисм2-қисм1-қисм)

Манбалар асосида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Канада 10 000 мусулмон уйғурни кўчиришни таклиф қилмоқда

698 22:10 02.02.2023

Самарканд Эрон ва Мовароуннаҳрнинг форс тилли шоирлари шеърларида

322 21:35 02.02.2023

Масхаралашми ёки сўз эркинлиги?

492 21:07 02.02.2023

Юрагини бўйсундиролмаётган аёл

910 20:05 02.02.2023

Тазйиқ ва қўрқув: Моди даврида ҳиндистонлик мусулмонлар ҳаёти

665 18:45 02.02.2023

Қуръон сура ва оятларини кириллчада ёзиб ёдласа бўладими?

1459 17:20 02.02.2023
« Орқага