Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

«У кишининг хулқлари Қуръон эди...» (давоми)

813

(3-қисм)

Набий алайҳиссаломнинг оналари вафот этганидан кейин боболари Абдулмутталиб ўз тарбиясига олди, Умму Айман парвариш қилди. Абдулмутталиб набирасини бениҳоя яхши кўрар, унинг келажакда улуғ одам бўлишига умид боғлагани учун ер-кўкка ишонмас эди. Набий алайҳиссаломнинг ёшлари шу тариқа саккизга етди. Бу вақтда Абдулмуттолибнинг ёши юздан ошган эди. Аллоҳнинг иродаси ила Абдулмуттолиб ҳам оламни тарк этди. Пайғамбаримизни амакилари Абутолиб ўз қарамоғига олди ва чинакам оталик меҳри билан суюб, ҳомийлик қилди. Абу Толиб қийинчиликда кун кечирадиган камбағал одам эди. Шундан кейин Аллоҳ таоло у кишининг мол-дунёсига барака берди. Амакиларининг қарамоғида юрган пайтларида пайғамбар алайҳиссалом сабр-қаноати, одатда ёш болалар берилиб ўйнайдиган маъносиз ўйинларга рағбати йўқлиги билан алоҳида ажралиб турардилар. Набий алайҳиссалом овқат вақтида бошқа болалар каби талашиб, шошилиб емас эдилар. Доимо одоб сақлар, теккан улушига қаноат қилар эдилар. 

Абу Толибнинг тарбиясида Пайғамбар алайҳиссалом ўн икки ёшга кирганларида амакилари Шомга сафарга отланди. Энг яқин кишисидан айрилиш Расулуллоҳга қаттиқ таъсир қилиб, маъюсланиб қолгандилар. Бундан юраги эзилган Абутолиб болани бирга олиб кетишга жазм этди. Шу тариқа Пайғамбаримиз амакилари Абу Толибнинг туясига мингашиб сафарга йўл олдилар. 

Кун жуда иссиқ эди. Мана шу кундан бошлаб Набий алайҳиссаломнинг бошларида бир парча оқ булут чиқиб, у кишини иссиқдан сақлаб, соя бўлиб борарди. Сафардан қайтгунларига қадар бу соя у зот алайҳиссаломни тарк этмади. Аллоҳ таоло Ўз ҳабиби бўлмиш Пайғамбаримизга мана шу каби ажойиб мўжизаларни ато этган эди. 

Маккадан йўлга чиққан карвон Шом диёрига етиб келди. Бу ерда Бусро деган шаҳар бўлиб, шаҳарда Буҳайро исмли роҳибнинг ибодатхонаси жойлашган эди. Буҳайро Таврот, Инжил каби илоҳий китоблардан хабардор бўлиб, яқин кунларда юборилажак охирзамон пайғамбарининг сифатларини яхши билар эди. Буҳайро Набий алайҳиссаломни ана шу сифатлари орқали таниди. Янада ишонч ҳосил қилиш учун: “Бу боланинг отаси ким”, дея сўради Буҳайро. Абу Толиб: “Мен отасиман”, дея жавоб берди. “Менимча сен ёлғон гапирдинг. Бу бола ота-онасиз етим бўлиши керак”, деди Буҳайро. Абу Толиб эса ҳайрат билан: “Ҳа шундай, мен унинг амакисиман”, дея жавоб берди. Бу сўзларни эшитган роҳиб Буҳайро тахминлари тўғри эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилди ва Абу Толибга қуйидаги сўзларни айтди: “Эй Абу Толиб, бу болакай вояга етса Аллоҳнинг ҳабиби, анбиёларнинг сўнгиси бўлажак. Унинг сифатлари Таврот ва Инжилда ёзилгандир. Сенга насиҳатим шуки, Шом шаҳрига кирмасдан болани олиб ортингга қайт. Чунки душманлар унга бирор зиён-заҳмат етказиб қўйиши мумкин”. 

Абу Толиб роҳиб Буҳайронинг маслаҳатига кириб ортга қайтди. Набий алайҳиссалом болалик вақтларидан бошлабоқ гўзал одобли, кўркам ахлоқли, чин сўзли, юмшоқ кўнгил, улуғ ҳиммат ва саховатли эдилар. Ботил ишларга нисбатан қалбларида доим нафрат пайдо бўлар эди. Ўша замон арабларининг тутган йўли – бут-санамларга ибодат қилишдан жирканар эдилар. 

Пайғамбар алайҳиссалом 20 ёшга кирганларида Фижор урушида қатнашдилар. Фижор урушидан қайтгач, қурайшлик бир неча кишилар хайрия уюшмаси ташкил этишга қарор қилишди. Улар иттифоқ тузиб, маккаликлардан ёки мусофирлардан бирортаси Маккада зулмга учраса, унга ёрдам бериб, ҳақни қарор топтиришга азм қилишди. Пайғамбаримиз ҳам амакилари билан бирга ушбу уюшмага аъзо бўлдилар. У киши пайғамбарлик шарафига эришгач: “Мен Абдуллоҳ ибн Жудъонинг ҳовлисида қурилган уюшмага кирганман, бу ташкилот қизил туялардан қимматроқ, агар ҳозир ҳам биров шундай ишга даъват этса, сира иккиланмай қабул қилардим”, деганлар. Пайғамбар алайҳиссалом одамларга гўзал хулқ-атворларни ўргатишга юборилган эдилар. Хайрия уюшмасининг мақсади ҳам адолатни қарор топдириш эди. Ислом дини мана шундай олижаноб ишларни эътироф этади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг: «Мен гўзал ахлоқларни жам этиш учун юборилдим», деган сўзлари шу фикрнинг тасдиқидир.Набий алайҳиссаломга оталаридан ҳеч нарса мерос қолмаган эди. Набий алайҳиссалом одатдаги болалар каби ёшлик вақтлари ўйин-кулги ила ўтмади. Қўлларидан иш келадиган бўлиши билан Бану Саъд қабиласидаги эмишган акалари билан қўй боқа бошладилар. Маккага қайтгач эса маълум маош эвазига маккаликларнинг қўйларини боқдилар. Шу тариқа кунлар ўтаверди. Ёшлари улғайгач тарихчиларнинг маълумотларига қараганда, Набий алайҳиссалом Соиб ибн Абу Соиб билан бирга савдо ва тижорат ишларини қилдилар. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тижорат ишларида ростгўйлик ва ниҳоятда омонатдорликлари билан танилдилар. Зеро омонатдорлик У зот ҳаётининг барча жабҳаларида кўзга ташланади. Шунинг учун ҳам қавмлари у зотни “ал-Амин” яъни “ишончли” дея чақиришар эди.

Пайғамбар алайҳйссалом йигирма беш ёшга кирганларида Шомга иккинчи марта сафарга отландилар. Асад жамоасидан бўлмиш Хувайлиднинг қизи Хадича Макканинг бой савдогар аёлларидан эди. У одам ёллаб, шерикчиликка тижорат қиларди. Муҳаммад алайҳиссаломнинг ғоят самимийлигини, ростгўйлигини, қабиладошлари уни ал-Амин, яъни ишончли деб аташини эшитган Хадича у кишини содиқ хизматкори Майсара ҳамроҳлигида Шом диёрига жўнатди. 

Улар Шом диёрига бориб савдо қилишди ва улкан фойдалар, мисли кўрилмаган барака билан Маккага қайтишди. Расулуллоҳ омонатни ўз эгасига топширдилар. 

Бирига ўн қўшилганидан ўзида йўқ қувонган Хадичанинг Расулуллоҳга меҳри тушиб қолди. Одамлар у кишини бекорга ишончли дейишмаслигини, ҳалоллиги туфайли ҳамиша омади чопишини кўрган бу аёл Набий алайҳиссаломга турмушга чиқиш майли борлигини Майсара орқали билдирди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толиб Хадичанинг амакиси Амр ибн Асадникига совчи бўлиб бордилар. Мезбон уларнинг истагига розилик берди.

Абу Толиб келин-куёвни никоҳ қилиб, хутба ўқиди. Ўз хутбасида  Аллоҳга ҳамд ва мақтовлар айтди. Сўнгра дедики: “Жияним Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг мардликда, олижанобликда, фазлу карамда тенги йўқ. Тўғри, унинг мол-дунёси кўп эмас, бироқ давлат дегани сояга ўхшаш ўзидан нарига тушмайдиган ва эгасига қайтариладиган омонатдир. Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб айтаманки, Муҳаммад келажакда улуғ инсон бўлади ва катта ишларни амалга оширади».

Тарихчиларнинг ёзишига қараганда бу воқеа Набий алайҳиссаломнинг Шомга қилган сафарларидан икки ой ўтгач юз берди. Бу вақтда Набий алайҳиссалом 25 ёшда, Хадича бинту Хувайлид эса 40 ёшда эдилар. 

Росулуллоҳ ўттиз беш ёшга кирганларида катта сел келиб, Каъбанинг бир неча йил муқаддам юз берган ёнғинда шикастланган деворлари ёрилиб кетди. Қурайш аҳли Каъбани бузиб, қайтадан қурмоқчи бўлишди. Каъбани қайта қуриш бошланди. Одамлар ҳашарга тўпланди-ю, бироқ қадимий ва улуғ иншоотни бузишга ҳеч ким ботинолмади, аллақандай қўрқув бунга монелик қиларди. Валид ибн Муғира йиғилганларга юзланиб: «Каъбани бузишдан мақсад тузатишми ёки вайрон қилишми?» деб сўради. Халойиқ тузатиш, деб жавоб берди. «Аллоҳ тузатувчиларни ҳалок қилмайди», деди Валид ибн Муғира ва нураган деворни буза бошлади. 

Каъбани қайта қуриш бошланди. Бу хайрли ишга фаҳш ва судхўрликдан топилган ҳаром пул аралашмаган ҳалол пуллар сарфланди. Қабила оқсоқоллари ҳам иморатнинг тошларини ташишга кўмаклашишди. Тош ташувчилар орасида Расулуллоҳ ҳам бор эдилар. Қурилишга бошчилик қилаётган Боқум исмли румлик уста Каъбанинг ҳар бир бурчагига бир гуруҳ одамни тош ташишга тайин этди.

Каъба қурилиши Ҳажарул Асвадни ўз ўрнига қўйишга етиб келди. Ҳажарул асвад жойига қўйиладиган пайтда бу шарафли ишни ким бажариши қаттиқ баҳсу мунозарага сабаб бўлди. Тортишув бир неча кунга чўзилди. Ҳатто қон тўкилишигача етиб боришига оз қолди. Абу Умайя ибн Муғира ал-Махзумий жанжаллашаётганларга қарата: «Эй халойиқ, бекорга тортишавергандан кўра ўзинглар яхши кўрадиган бир одамни танланглар. Шу одам қандай ҳукм чиқарса, ҳаммамиз рози бўлайлик», деди. Дарҳақиқат, Абу Умайя ибн Муғира ҳикмат соҳиби бўлган улуғ ёшли киши эди. Йиғилганлар эшикдан кирган биринчи кишининг ҳукмига итоат этишга розилик беришди.

Аллоҳ таоло бу қарордан сўнг масжид эшигидан биринчи бўлиб Муҳаммад алайҳиссалом киришларини ирода қилди. Эшикдан биринчи бўлиб ростгўйлиги ва аминлиги билан ҳамманинг ҳурмат эътиборини қозонган Муҳаммад алайҳиссалом кириб келдилар. Одамлар хурсандчиликдан қичқириб юбордилар. Мамнуният билан биз Муҳаммаднинг холислигига ишонамиз, розимиз деб юборишди. Набий алайҳиссаломга вазиятни тушунтиришгач, у зот ридоларини ечиб, унинг устига Ҳажарул асвадни қўйдилар. Сўнгра ҳар бир қабиладан бир киши ридонинг бир тарафидан ушлашини буюрдилар. Ҳамма қабиладан бир вакил Расулуллоҳнинг ридолари ёрдамида Ҳажарул асвадни кўтариб керакли жойга олиб боришди. Расулуллоҳ эса уни ўз жойига ўрнатдилар. 

Қурайш одамлари орасида бирон жанжал, келишмовчилик юз берса, Расулуллоҳнинг олдиларига келишар, у киши эса ҳеч кимни юз-хотир қилмай, ҳеч кимнинг дилини оғритмай одил ҳукм чиқарар эдилар. Юқоридаги вазиятда ҳам Пайғамбар алайҳиссалом ғоят тадбиркорлик билан иш тутдилар. Қанча баҳсу мунозарага сабаб бўлган тош ўз ўрнига қўйилди, биронта қабила бошлиғининг кўнгли қолмади, шарафли ишда баробар иштирок этганидан ҳамманинг боши осмонга етди.

(1-қисм, 2-қисм)

Манбалар асосида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил тайёрлади.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Канада 10 000 мусулмон уйғурни кўчиришни таклиф қилмоқда

702 22:10 02.02.2023

Самарканд Эрон ва Мовароуннаҳрнинг форс тилли шоирлари шеърларида

325 21:35 02.02.2023

Масхаралашми ёки сўз эркинлиги?

495 21:07 02.02.2023

Юрагини бўйсундиролмаётган аёл

912 20:05 02.02.2023

Тазйиқ ва қўрқув: Моди даврида ҳиндистонлик мусулмонлар ҳаёти

667 18:45 02.02.2023

Қуръон сура ва оятларини кириллчада ёзиб ёдласа бўладими?

1459 17:20 02.02.2023
« Орқага